Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:40

“Понауз”га нима бўлди?


Ўзбекистон ҳукуматига кескин мухолиф қарашлар минбари бўлган понауз сайти ҳозирча ëпиқлигича қолмоқда.
Ўзбекистон ҳукуматига кескин мухолиф қарашлар минбари бўлган понауз сайти ҳозирча ëпиқлигича қолмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиси бўлиб келган www.ponauz.info сайти ўзига қарши уюштирилган кучли киберҳужум оқибатида¸ виртуал дунëдан ғойиб бўлди.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Ўзбекистонни интернет душмани деб атаганидан сўнг бир ҳафта ўтар-ўтмас ўзбек мухолифатининг баҳс минбарига айланган интернет сайти ишдан чиқарилди.

WWW.ponauz.info сайтига қарши уюштирилган навбатдаги кибер ҳужум бу сайтга қақшатқич зарба бўлди.

Унинг муаллифлари эса, сайтни қайта тиклаш устида бош қотирмоқда.

Ҳукуматга нисбатан танқидий руҳда бўлган мустақил ва мухолиф сайтларнинг ёпилиши аввал ҳам кўп бора кузатилган. Шуниси қизиқки, бу гал www.ponauz.info сайтининг йўқолиб қолганини дастлаб Ўзбекистондаги бир давлат амалдори оғзидан эшитдик.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳукумат идораларида интернетга чекловлар қўйилмаган.

“Понауз”га нима бўлди билмайсиз-ми? Қайта очиладими?” дея куюниб сўради суҳбатдошим, давлат амалдори.

Давлат амалдорлари орасида мухолифат сайтларининг бу қадар ихлосмандлари борлиги мени ҳайрон қолдирди.

“Понауз” сайти Ўзбекистон ҳукуматини танқид остига олишни маромига етказиб келаëтган эди.

Одатда бу сайт мақолаларига иллюстрация сифатида президент Каримовнинг енгилтак аёл ёки қўлига свастика боғичини таққан фашист кўринишида коллаж қилинган фото суратлари ҳам қўйилади.

Эрк партияси лидери Муҳаммад Солиҳ эса, аксинча, бежирим костюмларда, гоҳ кабинетда¸ гоҳ табиат қўйнида акс эттирилади.

Бир сўз билан айтганда¸ бир йил аввал очилган ушбу сайт Ўзбекистондаги тузумга мухолиф сайтнинг барча хислатларига эга.

“Аммо “Понауз”нинг бошқа мухолифат сайтларидан фарқи унинг ҳақиқий баҳс майдонига айланганидадир”¸ - дейди сайт асосчиси¸ журналист Қудрат Бобожон.

- Кейинги пайтларда бу сайтда анча радикал бўлган мақолалар чоп этилди. Фикр-мулоҳазаларга¸ қарашларга кенг йўл очилди. Бу сайт мухолифат минбари сифатида шаклланди.

Биз сайтимизда ҳар хил фикр ва мулоҳазаларга йўл бердик. Сайт умуман цензура қилинмас эди. Қўйилган изоҳлардан эса фақат ҳақорат шаклида бўлганлари олиб ташланарди¸ дейди Қудрат Бобожон.

Швецияда сиёсий бошпана олган журналист Қудрат Бобожон ҳукуматнинг ҳар қандай йўллар билан сайтни ёпишга ҳаракат қилишини даъво қила туриб¸ сўнгги кибер ҳужумнинг анча пухта уюштирилганини айтади.

- Бундай ҳолатлар муттасил бўлиб келаяпти. Биз бунга эҳтиëт чоралари сифатида кичкина чораларни кўриб қўйганмиз. Бу сафарги ҳужум кутилмаган жойдан келди. Бизнинг доменимизни хак қилишди. Унга берилган парол (калит сўз) издан чиқарилган. Менинг бу сайтга киришим тўсиб қўйилган¸ дейди Қудрат Бобожон.

Ўзбекистондаги тузумни танқид этувчи мустақил ахборот сайтлари эгалари ўз сайтларига уюштирилаётган ҳужумлар Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари томонидан амалга оширилишини даъво қилиб келади.

Бироқ бундай иддаоларни исботлаш деярли имконсиздир¸ дейди Озодлик радиосининг интернет технологияси бўйича етакчи мутахассиси Аладин Телалагич.

- Албатта¸ буни исботлаш жуда оғир. Чунки ҳужумни ҳар қаердан уюштириш мумкин. Мисол учун¸ ҳукумат бирор бир сайтга ҳужум уюштирмоқчи бўлса, Австралияда ўтирган одамни ҳам ёллаши мумкин.

Ҳужум ортида ким турганига ойдинлик киритиш жуда машаққатли ишдир. Ўтган йили Озодлик радиосига қарши қилинган киберҳужум Беларус ҳукумати томонидан уюштирилганини даъво қилган эдик, аммо кейинчалик буни исботлашнинг имкони бўлмади¸ дейди Озодлик эксперти Аладин Телалагич.

Интернет оламида замонамизнинг янги “Қурол-яроғ пойгаси” давом этаётгандай. Кибер ҳужумлар ва интернетни чеклаш усуллари такомиллашиб борган сайин, уларга аксил чоралар ҳам ишлаб чиқилаверади.

“www.ponauz.info” асосчилари ҳам бир муддатдан сўнг заҳира ҳолида сақланаётган сайтни қайта оёққа қўйишни ваъда қилаётир.

Сайтга иштиёқ қўйган давлат амалдорлари бўлса, воқеликка айланмаган сиёсий баҳсу мунозараларни виртуал оламда кузатиб бораверади.
XS
SM
MD
LG