Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:00

Ўзбек - немис ҳарбийлари яқинлашмоқда


Термиз аэродромини ижарага олиш ҳақдаги келишув Германия-Ўзбекистон ўртасида тузилган бўлса-да¸ бу базадан фойдаланувчи НАТО аъзолари сафи кенгайиб бормоқда.
Термиз аэродромини ижарага олиш ҳақдаги келишув Германия-Ўзбекистон ўртасида тузилган бўлса-да¸ бу базадан фойдаланувчи НАТО аъзолари сафи кенгайиб бормоқда.

АҚШ ва НАТО юклари Ўзбекистон темир йўллари орқали Афғонистонга ташила бошланганидан бир ҳафта ўтиб¸ Германия Мудофаа вазири Термизга келди. Бу миннатдорчилик изҳорими ëхуд янги ҳамкорлик дебочаси?

Ўзбекистоннинг Ғарб билан муносабатлари яна илиқлашаётган ва НАТОнинг ноҳарбий юклари учун транзит коридори очилган бир пайтда¸ Германия Бундесвери бошлиғи Термизга сафар қилмоқда.

Германия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Йорг Лангер ўз раҳбари сафари ҳақда ушбу ахборот билан чекланди.

- Бугун у Термизда Ўзбекистон Мудофаа вазири Бердиев билан учрашади. Эртага эса у Мозори Шарифга боради ва шимолий кучлар қўмондони¸ генерал Йорг Волмер ҳамда немис аксарлари билан учрашади¸ деди Бундесвер мулозими.

Немис ҳарбийлари 2002 йил феврал ойида Термиздаги авиабазага жойлашганидан буён¸ ҳозирча Ўзбекистон ҳукуматининг инжиқ табиати ва турли мураккабликларга қарамай¸ бу базани сақлаб қолмоқда.

2005 йил май ойида Андижондаги ғалаённи қон билан бостирганидан сўнг, Ғарб таъсиридан хавфсираган расмий Тошкент Хонободдаги ҳарбий ҳаво базасидан АҚШ ҳарбийларини чиқариб юборган эди.

Термиз аэродромининг ижараси учун ойига 240 минг евродан тўлаб келаётган Германия ҳарбийлари бу каби тақдирга чап беришга муваффақ бўлдилар.

Германия Ташқи ишлар вазирлигига кўра, 2006 йил бошида Ўзбекистон ҳукумати базани сақлаб қолмоқчи бўлган Германияга Термиз инфратузилмаларини ривожлантириш учун 20 миллион евро сармоя ётқизишни шарт қилиб қўйди.

Унгача эса¸ Германия аэродром ва унинг атрофидаги ҳудудларга 12 миллион евро сарфлаб улгурган эди. Бу талаблардан кейин ҳам базанинг немислар тасарруфида қолгани¸ бу шартларнинг бажарилганидан дарак бўлиши мумкин.

Кейинчалик Европа Иттифоқи доирасида Германиянинг Ўзбекистонни ҳимоя қила бошлагани келишувнинг бир қадар ўзгарганига ҳам ишора қилади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари немис ҳукуматининг ўзбек режими билан олиб бораётган мулоқоти Германия демократияси учун “шармандали” деб атаган пайтда ҳам¸ Термиз базаси ёпилгани йўқ.

Айнан немис сиёсатчилари таъсирида Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган ЕИ санкциялари салмоқли даражада юмшатилди.

Германия Мудофаа вазирлиги расмийси Йорг Лангерга кўра, немис ҳарбийларини Афғонистонга олиб ўтишда фойдаланилаётган Термиз базасининг келажаги ҳозирда анча тайин.

- Бу бизнинг энг бехавотир бошпанамиз ва умид қиламанки, унинг келажагига ҳеч нарса соя солмаяпти. Ҳар қалай биз Қирғизистонда бўлаётган мунозаралардан яхши хабардормиз¸ дейди Германия Мудофаа вазирлиги вакили.

Ўтган ҳафта НАТО нинг ноҳарбий юклари ортилган дастлабки вагонлар Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтиб Афғонистонга етказиб берила бошланди.

Юк транзити йўлга қўйилган бир пайтда¸ Германия Мудофаа вазирининг минтақага сафаридан мақсад ҳамкорлик даражасини янада ошириш бўлиши мумкин.

Афғонистонда август ойига режалаштирилган президентлик сайлови давомида Германия Афғонистондаги қўшинлари сонини яна 600 аскарга ошириш ниятида.

Берлиндаги Жорж Маршал ҳарбий тадқиқотлар марказининг профессори Ник Прат фикрича, минтақа давлатлари билан ҳарбий хавфсизлик кўламини ошириш ёки сақлаб қолиш масаласи¸ охир-оқибат¸ пулга бориб тақалади.

- Бу минтақа давлатларига қанча маблағ тўланиши билан боғлиқ сиёсий масаладир. Бу ерда ҳамма нарсани пул белгилайди. Ҳатто Манасдан АҚШ базаси чиқариб юборилгудек бўлса ҳам¸ бу ишнинг эртасигаëқ қирғиз ҳукумати бир кечада қанча пул йўқотганини ҳисоблаб кўришга мажбур бўлади¸ дейди Ник Прат.
XS
SM
MD
LG