Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:28

"Испания бизнеси Ўзбекистонга қизиқмайди"


Испания Ташқи ишлар вазири Моратиноснинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида туризм соҳасида ҳамкорлик қилишга оид ҳужжаитлар имзоланади.
Испания Ташқи ишлар вазири Моратиноснинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида туризм соҳасида ҳамкорлик қилишга оид ҳужжаитлар имзоланади.

2010 йилнинг биринчи ярмида Европа Иттифоқига раислик қилувчи Испания Ташқи ишлар вазири Мигель Анхел Моратинос 10-11 март кунлари Ўзбекистонга келади.

Мигел Анхел Моратиноснинг Тошкент сафари давомида Испания ва Ўзбекистон вакиллари иштирокида бизнесс-форум ўтказилади.

Ташриф сўнггида эса, Испания ва Ўзбекистон делегациялари туризм соҳасида ҳамкорлик қилишга оид меморандумни имзолайдилар.
Ривожланиш даражаси ҳамда ташқи сиёсатдаги устувор йўналишлари Ўзбекистондан тубдан фарқ қиладиган, қолаверса, географик жиҳатдан узоқ жойлашган Испания учун Ўзбекистон қандай аҳамият касб этиши мумкин?

Испания Ташқи ишлар вазирлигининг номи ошкор қилинишини истамаган таҳлилчиси фикрича, Ўзбекистон ва Испания ҳамкорлик қилиши мумкин бўлган соҳалар анча чекланган.

- Ёдингизда бўлса, 2007 йилда Испания Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилган эди. Ана шунда икки томонлама алоқаларнинг бошланғич нуқтаси белгиланган, дейди мадридлик таҳлилчи.

Марказий Осиё минтақасида Испания иқтисодий соҳада фақат Қозоғистон билан алоқа қилади.

Биз суҳбатлашган испан таҳлилчиси фикрича, Испания бизнесининг Ўзбекистонга қизиқиши анча заиф.

- Қозоғистон билан алоқаларимиз бор. Испаниянинг бир қатор йирик компаниялари бу мамлакатда ўзининг офисларига эга.
Давлат раҳбарлари ва бошқа сиёсий доиралар бир-бири билан анча яхши алоқа ўрнатган.

Ўзбекистонга келсак, бу мамлакатдаги сиёсий муҳит сабабли испанияликларнинг сармоя ётқизишига шубҳа билан қарайман, дейди суҳбатдош.

2010 йилнинг биринчи ярмида Европа Иттифоқига раислик қиладиган Испания ҳозирдан бошлаб ЕИ ташқи сиёсатининг кун тартибини шакллантиришга ҳаракат қилмоқда.

Расмий Мадриднинг Марказий Осиёга қизиқишини суҳбатдошим, бу минтақа билан алоқаларнинг мавжуд бўлмагани билан изоҳлайди. Афғонистон шимолида ўз қўшинларини жойлаштирган Испания минтақа доирасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик масаласини четлаб ўтолмайди.

-Испания жамоатчилигига Ўзбекистон борасида деярли ҳеч нарса маълум эмас. Унга қўшни Афғонистон масаласи эса бу ерда доимий мунозаралар мавзусидир. Афғонистонга бўлган жуда катта қизиқиш сабабли, Ўзбекистон билан ҳам алоқаларни ўрнатиш кун тартибига чиқди, десам хато бўлмайди, дейди суҳбатдошим.

Испания жамоатчилиги учун Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ва Андижон хунрезлиги номаълум бир мавзу. Шунинг учун Моратинос учун жамоатчилик фикри билан ҳисоблашиб, бу масалаларни Ўзбекистон расмийлари билан сўзлашувлари давомида кўтаришга зарурат йўқ.

Испан таҳлилчиси фикрича, Испания ташқи ишлар вазирининг Тошкентга сафари Ўзбекистон билан алоқаларни ривожлантириш истиқболига назар ташлаш имконини беради.

Расмий Тошкент учун эса, юқори мартабали Мадрид расмийсининг ташрифи Ўзбекистоннинг халқаро майдонда эътироф этилаётганини яна бир бор иддао қилишига имкон яратади.
XS
SM
MD
LG