Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:34

Каримов иттифоқчи топгандек


Ислом Каримовнинг Москвага нисбатан дадил баёнот билан чиқишини таҳлилчилар унинг Қурбонқули Бердимуҳаммедов тимсолида янги иттифоқчи топгани билан изоҳламоқдалар.
Ислом Каримовнинг Москвага нисбатан дадил баёнот билан чиқишини таҳлилчилар унинг Қурбонқули Бердимуҳаммедов тимсолида янги иттифоқчи топгани билан изоҳламоқдалар.

Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Ислом Каримов Ўзбекистон Афғонистонга юк ўтказиш масаласини Москва етакчилигидаги ҳарбий- сиёсий блок доирасида амалга оширишга қарши эканини таъкидлади.

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов билан бирга 25 феврал куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжумани президент Каримов учун ўтган ҳафтада АҚШ қўмондони билан ўтказилган сўзлашувлар натижаси ҳақида ҳам муҳим баёнот беришга имкон яратди.

Ислом Каримов 17 феврал куни Тошкентга сафар қилган АҚШ Марказий қўмондонлиги бош қўмондони генерал Дэвид Петрэус билан сўзлашувлар давомида ўзининг НАТО юкларини Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтказишга розилик берганини айтди.

- Юк транзити масаласига келсак, яқинда бу ерга генерал Дэвид Петрэус келиб кетди.

Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали ноҳарбий юклар транзини амалга оширишга розилик берди.

Бироқ таъкидлаб айтаманки, ноҳарбий юк транзити Ўзбекистон ҳудудида амал қиладиган қонунчилик доирасида амалга оширилиши шарт, деди президент Каримов.

Сўзида давом этар экан, Ислом Каримов Афғонистонга юк ўтказиш масаласининг қандайдир блок доирасида ҳал этилишига қарши эканини айтди ва бунда унинг Москва етакчилигидаги ҳарбий-сиёсий блок Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига ишора қилгани яққол сезилди.

- Бу масаланинг қандайдир блок ёки воситачилар, қолаверса бир неча давлатлар гуруҳи доирасида амалга оширишга ҳаракат қилинаётганидан рози эмасмиз.

Афғонистонда дастлаб уруш бошланган 1979 йилда бу урушнинг кимга кераклиги борасида биздан ҳеч ким сўраб ўтирмаган.

Бугун биз кузатаётган ҳолат шуки, ўша қарорлар Ўзбекистон манфаатларини мутлақо инобатга олмаган ҳолда қабул қилинган.

Бугун яна гуруҳ доирасида қарор қабул қилишни эски тузоққа илиниш сифатида баҳолаймиз, деди президент Каримов.

Айни пайтда Ислом Каримов Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар таъминоти учун Ўзбекистон алоҳида аҳамиятга эга давлат эканини ҳам таъкидлади:

- Яхшилаб бир қаранглар-чи, Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтмасдан Афғонистонга юк транзитини қандай қилиб амалга ошириш мумкин?

Яна баъзилар баландпарвоз баёнотларни қилиб, “мана, биз тайёр, мана биз имзоладик ва ҳоказо”, дейишади.

Юклар қайси томондан келмасин, барибир Термизга келади ва албатта кўпригимиз орқали Афғонистонга ўтади.

Шунинг учун Ўзбекистоннинг транзитга розилиги аҳамиятининг қиммати баланд. Буни ҳам инобатга олиш керак.

Афғонистон борасида қарор қабул қилар эканмиз, фақатгина Ўзбекистон манфаатларидан келиб чиқмоқдамиз, деди президент Каримов.
Ўзбекистоннинг Афғонистонга НАТО кучларининг ноҳарбий юклар транзитини амалга оширишга тайёрлиги ҳақида Каримов ўтган йили НАТОнинг Бухарестдаги саммитида эълон қилган эди.

Ўшандан буён НАТО томони бу масалани транзит йўлидаги бошқа давлатлар билан ва авваламбор Россия билан ҳал этишга ҳаракат қилиб келмоқда.

Январ ойида Тошкентга ташриф буюрган Россия президенти Дмитрий Медведев Афғонистон масаласида АҚШ билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтган эди.

Транзитнинг Ўзбекистон ҳудуди орқали амалга оширилиши Москва позициясига зид бўлмаса ҳам, Каримовнинг бу борада қилган баёнотнинг оҳанги унинг Кремлга нисбатан яна тўнини тескари кийиб олганини кўрсатади.

Бунга эса, таҳлилчи Алишер Илҳомов фикрича, Кремлнинг Марказий Осиёда олиб бораётган сиёсати сабабчидир.

- Вазият у ёки бу томон фойдасига ўзгариб турипти.

Менимча, Москва ҳали ким билан бўлишини охиригача ҳал қилгани йўқ. Чунки бу ўйинда кимнинг ютқазиши аниқ.

Тошкентни қўллаб-қувватласа, Москва Қирғизистон ва Тожикистон билан муносабатларни ёмонлаштиради.

Бу икки давлатни қўллаб-қувватласа, Тошкентни йўқотади, дейди Алишер Илҳомов.

Ўтган ойда Қирғизистон президенти Бақиевнинг Москва ташрифи давомида ўз ҳудудидан АҚШ базасини чиқариб юборишга қарор қилгани ўйин қарталарини янгитдан чийлаб юборди.

Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари билан турли келишмовчиликларга эга Каримов Туркманистон президенти Бердимуҳаммедов сиймосида иттифоқчи топгандек.

Бундай иттифоқчилик нафақат маҳсулотларнинг ўзаро транзитини амалга оширишда, балки Россияга сотилаётган газ нархини белгилашда ҳам, Хитойга муқобил газ қувурини қуришда ҳам қўл келди.

- Москва томон қилинаётган дадил баёнотлар Каримовнинг Бердимуҳаммедов билан яхши тил топишганидан даракдир, дейди Алишер Илҳомов.

Қолаверса, Афғонистонга коалиция кучларининг ноҳарбий юк транзити икки йўналишда, Ўзбекистон ва Туркманистон орқали амалга ошириш режалаштирилаётгани ҳам икки давлатни янада бир бирига яқинроқ қилади.
XS
SM
MD
LG