Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:04

Ўзбек мардикори Европадан қайтмоқда


Прага полицияси маълумотига кўра, Чехиядаги ўзбек мардикорлари сони икки мингдан ошади.
Прага полицияси маълумотига кўра, Чехиядаги ўзбек мардикорлари сони икки мингдан ошади.

Молиявий инқироз туфайли Европада ишсиз қолган минглаб одамлар орасида ўзбекистонлик мардикорлар ҳам бор. ЕИ расмийлари уларга ватанига қайтишлари учун молиявий кўмак таклиф қилмоқда.

Бундай чоралар Чехия ҳукумати томонидан ҳам кўрилаётир.

Ишидан ажралиб қолган меҳнат муҳожирларини ўз юртларига қайтариш учун Чехия ҳукумати уларга 500 евро пул ва текин авиачипта таклиф этмоқда.

Айрим ўзбекистонликлар шу йўл билан Ватанга қайтиш илинжида бўлса, бошқалар инқироз даврининг ўтишини Прагада кутишларини айтмоқдалар.

Иқтисодий инқирознинг биринчи қурбони Европанинг бир вақтлари гуркираб ривожланган қурилиш саноати бўлди.

Прагага келган аксар ўзбекистонликларнинг айнан шу соҳада ишлаб келгани маълум.

Прагадаги қурилишларидан бирида ишлаган Диёрбек ишини йўқотганидан сўнг, шенген ҳудудида бўлган Швеция ва Германияда иш қидириб кўрди. Бироқ унинг бу уринишлари самара бермагач, яна Прагага қайтиб келди.

Эндиликда Диёрбек чех ҳукумати таклиф этаётган имтиёзлардан фойдаланиб, Ўзбекистонга қайтиш илинжида. Бироқ чех ҳукуматидан 500 евро пул ва текин авиабилетни олиш унчалик ҳам осон эмас.

-Имконияти бўлса шу йўл билан кетаверардим. Шунинг учун полицияга бордим. Ҳужжатларимни, контрактларимни оборсам, ишдан бўшаганинг ҳақидаги справкани олиб кел, дейишди, менга. Менда бундай справка йўқ.

Менга виза қилган фирмани эса топа олмаяпман.Улар 100 фоиз текшираётган экан, бу одам ҳақиқатан ҳам ишини йўқотиб ишсиз ўтириптими ёки йўқ, – дейди Диёрбек.

Швеция, Испания, Германия ва Европанинг бошқа бир қатор давлатларида ишсиз қолган меҳнат мухожирларига нисбатан шунга ўхшаш чоралар ўтган йил сўнгида кўрила бошланган. 16 феврал куни Чехия президенти томонидан тасдиқланган қарорга кўра, ишсиз хорижлик ишчиларни уйларига қайтириш учун 3 миллион доллар маблағ ажратилади.

Аммо бу чора ортида ички меҳнат бозорини ҳимоя қилиш ётади. Ўзбекистондаги меҳнат бозорининг бундан-да ночорлигини англаётган ўзбекистонлик меҳнат мухожирларнинг кўпчилиги қайтиб келмаслик шарти билан чехлар таклиф этаётган имтиёздан фойдаланиб қолмоқчи эмас.

-Ўзбеклар қизиқмаяпти, лекин. Ҳали кимнингдир шу йўл билан кетганини эшитмадим. Мен қолишга ҳаракат қиламан. Жуда кетиш керак бўлса, визани олиб, ўзимнинг ёнимдан пул сарфлаб бўлса ҳам қайтаман. Худо хоҳласа ишимни йўқотиб, шундай аҳволга тушиб қолмай,- деди яна бир суҳбатдошим.

Ҳайрият, бу суҳбатдошимнинг иши бор экан. Аммо ҳозирги қишнинг қировли кунларида ишсиз ўтирган ўзбекистонликлар ҳам инқироз даврининг ўтишини шу ерда қолиб кутишларини айтмоқдалар.

-Ҳозир ҳеч нарса аниқ эмас. Совуқ бўлаётгани учун иш йўқ. Ётибмиз. Иш бошланиб қолса ишлаймиз, деган ният бор. Ризқимиз бўлса олиб кетамиз. Барибир Ўзбекистон – юртимиз, боришимиз керак, иложи йўқ...

Обиджон исмли бу суҳбатдошимиз Ўзбекистонда киракашлик билан шуғулланганини айтди. Ўзбекистонга қайтишга тўғри келиб қолса у ана шу ишини давом эттириш ниятида.

Ўзбекистонда ишсиз бўлиб, бола-чақасини ташлаб, Прагага иш из излаб келган Обиджон аканинг вазияти анча мушкул. Ҳозирда у Прагада жуда оз иш ҳақи эвазига ишлашга мажбур бўлса ҳам, Ватанга қайтиш унинг учун оила аъзоларини оғир вазиятга қўйиш, демакдир.

- Мана, келиб ишлаяпман. Бир-икки ҳафта бўп қолди. Биз бола-чақаликмиз энди. Ўзингиз тушуниб турибсиз, энди. Кузларгача ишлаб турайлик, бир гап бўлар,-деди Обиджон.

Чехия полициясига кўра, мамлакатда узоқ муддатли виза олган ўзбекистонликлар сони 2 минг кишидан ортади. Бироқ Чехия республикасига турли йўллар билан келган жами ўзбекистонлик меҳнат мухожирларининг аниқ сони бундан бир неча карра кўпдир.

Имтиёзли асосда Тошкентга етиб олиш ниятида бўлган Диёрбекни Ўзбекистондаги қийинчиликлар унчалик ҳам қўрқитмайди. Ҳар қалай ўтган бир йил давомида у жаҳон иқтисодий бўҳронига учраган Европанинг анчагина давлатида бўлди.

- Қаерда бўлмайлик, соғ бўлайлик. Худо хоҳласа иш топамиз. Бу ёқни кўрвосиз-ку, ҳамма ёқда ишсизлик. Кутиб ўтиришдан ёмон нарса йўқ.

Ҳозир оптимист бўлиш керак. Худо хоҳласа, виза бор. Жуда қийналиб қолсак яна Европага қайтиб келаверамиз, – дейди кулиб келажакка ишонч руҳини йўқотмаган Диёрбек.
XS
SM
MD
LG