Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:38

Манас ëпилди¸ Хонобод очиладими?


Вашингтон расмийлари¸ Манас базасининг ëпилиши АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондаги ўз қўшинларини лозим нарсалар билан таъминлаш жараëнида ҳеч қандай узилишларга олиб келмаслигини таъкидламоқдалар.
Вашингтон расмийлари¸ Манас базасининг ëпилиши АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондаги ўз қўшинларини лозим нарсалар билан таъминлаш жараëнида ҳеч қандай узилишларга олиб келмаслигини таъкидламоқдалар.

Бакиев тарафдорлари Россиянинг 2 миллиард доллари эвазига Америка ҳарбийларини Манасдан чиқаришга қарор қилгач¸ АҚШ бу базасини олти ой ичида қайга кўчиради¸ деган савол кун тартибига тушди.

Қирғиз парламентининг Афғонистондаги АҚШ қўшинлари таъминоти учун ўта муҳим Манас базасини ёпиш қароридан сўнг, Қўшма Штатлар учун Ўзбекистон аҳамиятининг янада ортганини англаш қийин эмас.

АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Дэвид Петрэуснинг президент Ислом Каримов билан душанба кунги учрашуви ҳарбий алоқаларни қайта тиклаш томон ташланган илк жиддий қадам бўлиши мумкин.

АҚШ ҳарбийлари учун Ўзбекистоннинг транзит имкониятлари бирламчи аҳамиятга эга. Ҳозирча АҚШ НАТО аъзоси сифатида Термиздаги ҳарбий аэродромдан ноҳарбий таъминот молларини Афғонистонга етказишда қисман фойдаланиб келмоқда.

Ўтган йил апрел ойида Бухарестдаги НАТО саммитига таклиф этилган президент Каримов Афғонистонга ноҳарбий юклар транзити учун альянсга ўз темир йўлларини ҳам таклиф этди.

Аммо 2005 йил ноябр ойида Хонободдаги ҳарбий ҳаво базасидан мосуво қилинган АҚШ томони учун ушбу базани қайтариш Афғонистондаги амалиётларни кенгайтириш учун ҳам сув билан ҳаводек муҳимдир.

Америкаликларнинг яқин келажакда энг сўнгги русумдаги қирувчи учқичларнинг қўниб-учишига имкон бера оладиган Қарши-Хонобод ҳарбий ҳаво базасига қайтиш истиқболлари таҳлилчилар томонидан турлича баҳоланмоқда.

Лондондаги нуфузли “King's college” институтининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Анатол Лиевин Петрэуснинг Тошкент сўзлашувлари натижаси ўлароқ АҚШ ҳарбийларининг Хонободга қайтиш истиқболи эҳтимолдан анча йироқ¸ деган фикрда.

- Гап шундаки¸ базанинг қайта очилишидан иккала тараф ҳам манфаатдор бўлиши керак. АҚШ учун Афғонистондаги ҳарбий операциялар принципиал даражада муҳимдир. Шунингдек АҚШ Марказий Осиёда Россия таъсирини камайтиришни ҳам кўзламоқда.

Каримовнинг асосий мақсади эса ҳокимиятда қолиш ва қайсидир даражада Россия ва Хитойга нисбатан ўз позициясини мустаҳкамлашдир. Бу борада АҚШ Каримовга унчалик ҳам яхши мададкор эмас.

Шунинг учун базанинг қайта очилиши америкаликларнинг Хонобод учун қанча пул таклиф қилишига боғлиқ бўлиб қолади¸ дейди лондонлик таҳлилчи.

Президент Барак Обама ўз салафи Буш томонидан тайинланган генерал Дэвид Петрэусни АҚШ Марказий қўмондонлиги бош қўмондони лавозимида қолдирди.

АҚШ Марказий Осиё давлатлари ва хусусан Ўзбекистон билан ҳарбий алоқаларни кучайтиришда давом этади¸ аммо бу жараён Обама маъмуриятининг Марказий Осиё сиëсати билан қандай уйғунлашади?

Анатол Лиевин фикрича, ҳарбий алоқалар кўнгилдагидек борса¸ Обама маъмурияти ҳам инсон ҳуқуқлари масаласини иккинчи планга қўйишга тайёр.

- Одатдагидек¸ улар инсон ҳуқуқлари масаласини бемаъни баёнотлар билан токи Каримов режими Андижонда бўлгани каби бирор мудҳиш ишни қилмагунча¸ четга суриб қўядилар. Агар АҚШ бу базани ўзи учун керакли деб топса, у ҳолда инсон ҳуқуқлари масаласини унутиш қийинчилик туғдирмайди¸ дейди Анатол Лиевин.

АҚШ ҳарбийларининг Хонободдаги базадан чиқариб юборилишига Оқ уйнинг Андижон воқеаларидан сўнг Каримовни кескин танқид қилиши туртки бўлган эди.

2005 йил кеч кузида сўнгги АҚШ аскари ўзбек тупроғини тарк этганидан кўп ўтмай¸ Каримов ўзи ташлаб чиқиб кетгани - Россия бош бўлган ҳарбий-сиёсий блок - Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига қайта қўшилди¸ Кремл билан иттифоқчилик шартномаси имзолади.

Бироқ бугунга келиб, Каримовни яна Россия билан яқинлашув оқибатлари ташвишга сола бошлади. Кузатувчиларга кўра¸ ўтган йил сўнггида Ўзбекистоннинг Россия етакчилигидаги Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятидан чиқиб кетиши айни шу хавотирни яққол намойиш этди.

Марказий Осиёда АҚШ ҳарбий базаларининг жойлаштирилишига қарши чиқаётган Кремл¸ ўз иқтисоди катта бўҳронга тортилганига қарамай¸ бу мақсадлар учун каттагина маблағлар ташлашга тайёрлигини намойиш этди.

Жорий ой бошида Манас ҳарбий базасини ёпишга қарор қилган Бишкек ҳукуматига Россия 2 миллиард доллар миқдорда қарз ва 150 миллион доллар беғараз ёрдам ваъда қилди.

Оқибатда¸ Кремл ваъдаларига ишониб¸ бир неча бор чув тушган расмий Тошкент ва Душанбе Қирғизистондаги АҚШ базасининг ёпилишидан ўз манфаатлари йўлида унумли фойдалана олиш имкониятига эга бўлди.

Ўтган ҳафта Брюсселга сафар қилган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Қирғизистондан ҳайдалган АҚШ базасини ўз ҳудудида қабул қилишга тайёрлигини билдирди.

Россиялик таҳлилчи Фëдор Лукьянов¸ Каримовнинг ҳам яқин келажакда бундай таклиф билан чиқишини эҳтимолдан соқит қилмайди.

- Америка базаси Ўзбекистонда аввал ҳам бўлган. 2001 йилда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган стратегик ҳамкорлик декларациясини ҳам ҳозирча ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Уни яна қайта жонлантириш мумкин.

Қолаверса¸ жорий иқтисодий вазият сабабли Россиядан бирор бир жиддий ёрдам олиш мушкул. Каримов сиёсатидаги эврилиш айнан шу билан изоҳланади¸ дейди Фëдор Лукьянов.

Генерал Дэвид Петрэус Тошкентда Ислом Каримов билан учрашгач¸ АҚШ базасининг Ўзбекистонга қайтиши у ëқда турсин¸ томонлар айнан қандай келишувга эришгани ҳақда ҳам оғиз очмай¸ Вашингтонга жўнаб кетди.

Аммо президент Барак Обаманинг Петрэус-Каримов учрашувидан саноқли соатлар ўтиб¸ Афғонистонга қўшимча 17 минг қўшин жўнатиш ҳақдаги фармонга имзо чеккани¸ Манасни ҳозирча Россияга бой берган АҚШ ҳарбийларининг бу режани амалга ошириш учун 'запасной аэродром" топганидан берилган кучли мужда бўлди.

Эндиги жумбоқ - бу аэродром Қарши-Хонободми¸ деган саволга жавоб топишда қолди.
XS
SM
MD
LG