Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:35

ОИТВ дан гўдаклар нобуд бўлаяпти


Ўзбекистонда одам иммунтақчиллиги вируси юқтириб олган болаларнинг яқинларини расмийлар сукут сақлашга мажбур қилмоқдалар.
Ўзбекистонда одам иммунтақчиллиги вируси юқтириб олган болаларнинг яқинларини расмийлар сукут сақлашга мажбур қилмоқдалар.

Ўзбекистонда одам иммунтақчиллиги вируси тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари бўйича миллий дастур қабул қилинди.

“Регнум” агентлигининг Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасидаги расмий манбага таянган ҳолда хабар қилишича, мазкур дастур, асосан, республика бўйлаб ташкил қилинган ОИТСга қарши кураш марказлари фаолияти ва тузилмаларини мукаммаллаштиришни кўзда тутади.

Шу билан бирга, агентлик Ўзбекистонда ОИТВ тарқалишига оид энг сўнгги қайд этилган расмий рақамларни ҳам эълон қилди.

Унга мувофиқ, вирус юқтирганларнинг асосий қисми 30 ёшгача бўлган беморлар бўлиб, уларга касаллик аксар ҳолларда шприц, игна ёки банг моддалари эритмаси орқали юққан.

Ўзбекистон расмийларини вирусни юқтирганлар орасида аёллар кўпаяётгани хавотирга солмоқда.

Расмий маълумотларда, вирусга чалинган аёллар кўпроқ Тошкент шаҳри ва вилояти, Самарқанд, Андижон ва Сурхондарё вилоятларида қайд этилгани айтилган.

Аммо, шу билан бирга, вирусни юқтираётганлар орасида ёш болаларнинг кўпаётгани ҳақида маълумотлар ошкор қилинмаяпти.

Яширишга минг уринсин, бундай маълумотларнинг хорижга чиқаётгани ва оқибатда, қўшни республикалар расмийлари томонидан бу ҳақда жиддий айбловлар янграй бошлагани боис, Ўзбекистон расмийлари ўзларига синашта Россия ахборот воситалари орқали баъзи маълумотларни очиқлашга мажбур бўлаётганга ўхшайди.

Жумладан, ҳафта аввалида Жанубий Қозоғистон вилояти ҳоким ўринбосари Валихон Қайназаров вилоятда ОИТВни Ўзбекистондан юқтириб келган болалар борлиги тўғрисидаги маълумот берган эди.

- Бизда ҳозир бу масалада Ўзбекистон билан жиддий муаммолар бор ва биз бу ҳақда бугун сизга ошкора айтишимиз мумкин, - дея Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги расмийси 2008 йили вилоятда туғилган 75 минг гўдакдан қарийб 2 минги шу касалликдан вафот этганини маълум қилганди.

Бу эса катта рақам ва ҳолатнинг бу тариқа фожеий тус олишида қозоқ расмийси Ўзбекистонни ҳам айблади. Бу ҳолат бўйича Ғарб ахборот воситаларига оғиз очмаган Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари “Регнум” сингари ахборот агентликлари орқали раддия берди.

“Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигидаги маълумотларга кўра, 2008 йил давомида Қозоғистондан келган 32 гўдак Тошкент педиатрия тиббиёт институтида даволанган. Келган гўдаклардан бир нафарида ОИТВ аниқланган. Болаларга ўзбек шифокорлари томонидан юқори малакадаги тиббий ёрдам кўрсатилган”, дея иқтибос келтиради Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев сўзларидан “Регнум” агентлиги.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси, гўдакларга оммавий равишда вирус юқтирилишига оид ҳолатнинг юзага чиқишида Қозоғистон медикларини ва уларга иш шароитини ўнглаб берган қозоқ ҳукуматини айблаган.

Мана шу камчиликларни рўкач қилиб, Фурқат Санаев: “Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги Жанубий Қозоғистон вилояти ҳоким ўринбосари Валихон Қайназаровнинг изоҳлари ўринсиздир”, деди “Регнум” агентлигига.

Аммо Ўзбекистонда ОИТВга қарши кураш чорасини қидираётган қатор халқаро ташкилотлар вазият хавотирли тус олиб улгургани, бир неча вилоятда вируснинг оммавий тарзда юқтирилгани қайд этилганини тасдиқлаган ва шундай вазиятда ўзбек расмийлари шифокорлар ҳамда азият чеккан оилалар оғзини юмишга уринаётганидан хавотир билдирган.

Аянчлиси, вирус ёш болали оналар ва гўдакларда аниқланмоқда. Вирус ўчоқлари қайд этилган Тошкент, Наманган ва Андижонда баъзи маҳаллий расмийлар Озодлик билан суҳбатда вазиятни тан олган, аммо тафсилотларни ошкор қилмай келмоқда.

Микрофонга гапиришни истамаган, аммо Гиппократ қасами виждонини қийнаган баъзи шифокорлар, хусусан, Наманган шаҳрида муолажадаги хато ва нотўғри қўлланган тиббий асбоблар орқали вирус юқтирилганини ошкор қилган эди.

Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган ва набирасига Тошкент шаҳридаги поликлиникада “қон қуйиш орқали ОИТВ юқтирилган” деб ҳисоблаётган аёл ўз аҳволини Озодликка сўзлаб берди. Аммо у исмини ошкор қилмаслигимизни илтимос қилди.

Бу аёлнинг ҳикоясидан маълум бўладики, аҳвол халқаро ташкилотлар ва баъзи хорижий ахборот воситалари бераётган маълумотлардагидан ҳам оғирроқ, афтидан.

- Агар билсангиз, Тошкентда вирусология институти бор. Шунингдек, Чилонзорда “СПИД-центр” бор. Қанча маълумот оламан десангиз, ўша ердан истаганча топиш мумкин. Бу иллат шунчалик кўпайган, аммо бу маълумотлар ошкор қилинмайди, уни ҳеч бир журналист ёзиб ҳам чиқаролмайди, буни чиқаришга ҳам қўйишмайди. Набирам ўлиб кетганига бир йил бўлди, мен-ку аламимни унутгандек бўлдим, лекин бунақа аёллар тиқилиб ётибди.

Озодлик: Бунинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз? Қаердан кўпаяётган экан бу касаллик?

- Менга маълум бўлгани, бунинг сабаби плазмаларнинг яхши текширилмаслигида. Кейин ўша плазмаларни қаердандир олиб келишадими ёки уларнинг ичига нималарнидир махсус қўшаяптиларми...

Озодлик: “Болада ҳақиқатан ҳам ОИТС топилган” деган мазмунда қўлингизда бирорта қоғоз борми?

- Ҳа, албатта. Бемалол ВИЧ (ОИТВ), деб ёзишади қоғозларга. Агар сиз Чилонзордаги марказга борсангиз, кўрасиз. Қанча одамлар ўлиб кетаяпти, ўз кўзимиз билан кўрганмиз. Бунинг кетига тушиб, “президент аппаратига чиқаман” деб, югуриб-елганлар ҳам ҳаммаси қолиб кетди. Уларга ҳеч қаерда гапиришларига йўл қўйишмаяпти.

Ҳикояда тинглаганингиздек, ОИТВга чалинган беморларнинг яқинлари асл сабабни аниқлашга уриниб, бунга муваффақ бўлолмаган ва ҳанузгача маҳаллий расмийлар турли йўллар билан босим ўтказиб, уларни сукут сақлашга мажбур қилмоқда.
XS
SM
MD
LG