Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:26

"Ўзбекистон нима исташини билмоқчимиз "


Ўзбекистон ташқи сиëсатининг гоҳ Ғарбга¸ гоҳ Шарққа оғишидан чарчаган Кремл¸ ўзи учун оғир кечаëтган ҳозирги дамларда Ислом Каримовнинг қайси клубга мансублигини билишга уринмоқда.
Ўзбекистон ташқи сиëсатининг гоҳ Ғарбга¸ гоҳ Шарққа оғишидан чарчаган Кремл¸ ўзи учун оғир кечаëтган ҳозирги дамларда Ислом Каримовнинг қайси клубга мансублигини билишга уринмоқда.

Россия президенти Дмитрий Медведевнинг келаси ҳафта Ўзбекистонга қиладиган сафари арафасида икки давлат расмийлари Москвада ўзаро учрашув ўтказдилар.

Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро қўшма комиссияси мажлисида асосан иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

23 январ куни Медведев ва Каримов ўртасида бўлиб ўтадиган сўзлашувлар эса ҳам иқтисодий¸ ҳам сиёсий алоқалар истиқболига аниқлик киритиши керак.

Дмитрий Медведевнинг Россия президенти сифатида Тошкентга илк расмий сафари 22-23 январ кунларига мўлжалланган. Юқори мартабали меҳмоннинг Тошкентга келиши борасида маҳаллий матбуот ҳозирча сукут сақламоқда.

Сешанба куни Москвада бошланган ҳукуматлараро қўшма комиссия мажлисидаги Ўзбекистон делегациясига Бош вазирнинг биринчи ўринбосари¸ Молия вазири¸ иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар комплекси раҳбари Рустам Азимов раҳбарлик қилмоқда.

Азимовга Ташқи иқтисодий алоқалар¸ инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Актам Ҳайитов, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Бахтиёр Исломов ва бошқа етакчи соҳалар раҳбарлари ҳамроҳлик қилмоқда, дея хабар қилди uzmetronom.com интернет сайти.

Россия –Ўзбекистон муносабатларини ёритиб борувчи россиялик журналист Аркадий Дубнов икки давлат расмийлари муҳокамасини кутиб турган иқтисодий масалалар кўплигини айтади.

- Табиийки, бундай иқтисодий масалалар қаторида Ўзбекистоннинг газ қувурларини қуриш ва қайта таъмирлаш ишларига қўшилиши, Ўзбекистондан олинаётган газ миқдорини ошириш ва унинг нархи билан боғлиқ масалалар, шунингдек муаммоларга юз тутаётган Чкалов номли Тошкент авиация заводининг кейинги тақдири, ўзбек автомобилларининг экспорти, қолаверса меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалалар бор¸ дейди Аркадий Дубнов.

Айни пайтда¸ Москва йиғинида¸ ўтгандаги каби Ўзбекистон томони¸ Россиянинг Газпром ва Лукойл компаниялари Ўзбекистонга сармоя киритиш борасида ўз зиммасига олган мажбуриятларини сусткашлик билан бажараётганини ҳам билдирган бўлиши мумкин.

Ўз навбатида Россиянинг¸ Ўзбекистондаги айрим лойиҳаларининг тўхтаб қолаётганига эътироз билдиришини ҳам тахмин қилиш мумкин.

Айни пайтда томонлар икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми йил сайин ўсиб бораётганини ва ҳозирда 4 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетганини мамнуният билан таъкидлайдилар.

Таҳлилчиларга кўра¸ олий даражали Россия-Ўзбекистон сўзлашувлари кун тартибидаги масалалар¸ иқтисодийдан кўра¸ сиëсийроқ бўлиши мумкин.

Россия Давлат думаси қошидаги МДҲ масалалари билан шуғулланувчи қўмита вакили Константин Затулин фикрича¸ президент Медведев Тошкентнинг ўз янги ташқи сиёсий йўналишида Россияга қандай ўрин бераëтганига аниқлик киритиш учун ҳам Тошкентга йўл олмоқда.

- Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати зигзагсимондир ва бу борада биз Ўзбекистон раҳбарининг қанчалик изчил ва олдиндан башорат қилиб бўладиган сиёсат юритишига нақадар ишонишимиз мумкинлигини тушунмоқчимиз.

Ўзбекистоннинг Россия билан алоқаларни совутиш ҳисобига Ғарб билан яқинлашаётгани бизнинг ҳафсаламизни пир қилмоқда. Бундай тутумни Россия ўзига ҳеч қачон эп кўрмаган ва бошқаларнинг ҳам Россияга нисбатан бундай муносабат қилишига йўл қўймайди.

Ўзбекистон нима хоҳлаётгани ва келажакда нима қилмоқчи эканини тушуниб олишимиз керак¸ дейди дума депутати Константин Затулин.

Россия ва Евроосиё масалалари бўйича Лондондаги Халқаро муносабатлар бўйича қироллик институти таҳлилчиси¸ профессор Юрий Федоров бу саволларга президент Медведевнинг Тошкентда жавоб олишига шубҳа билан қарайди.

Унга кўра¸ Ўзбекистон томони молиявий инқироздан зарба еган Россиядан қўшимча иқтисодий манфаат топа олмаслигини яхши англайди.

- Россиянинг ўз ҳудудида газ қазиб олиш истиқболлари анча ёмон. Шунинг учун улар Ўзбекистондан кўпроқ газ олишни хоҳлашади.

Бошқа томондан¸ қарзга ботиб кетган Газпром Ўзбекистондаги конларни ўзлаштириш учун қўшимча сармоя ажратолмайди.

Нефт нархининг тушгани сабабли Россия ҳукумати ҳам сармоя беролмайди. Шунинг учун Ўзбекистон ҳозирги шароитда Россияга муқобил ҳамкорлар топиш борасида кўпроқ қайғуряпти¸ дейди профессор Федоров.

Ўзбекистоннинг яқин келажакда Россия етагидаги ҳарбий сиёсий блок - Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ҳам чиқиб кетиши башорат қилинмоқда.

Яқиндан бошлаб бу ҳақдаги овозалар журналистлардан сиёсатчилар оғзига кўчди.

Аммо расмий Тошкент ҳозирча бундай эҳтимолни на рад этувчи ва на тасдиқловчи баёнот қилишни ўзига эп кўрмаëтир.
XS
SM
MD
LG