Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:51

Тошкентнинг иложсизлик ифодаси


Айрим таҳлилчилар фикрича, расмий Тошкент Россия билан яқинлашув хавфли эканини сезиб қолганидан сўнг Яқин Шарқ ва Араб давлатлари билан яқинлашув сиёсатини юрита бошлаган.
Айрим таҳлилчилар фикрича, расмий Тошкент Россия билан яқинлашув хавфли эканини сезиб қолганидан сўнг Яқин Шарқ ва Араб давлатлари билан яқинлашув сиёсатини юрита бошлаган.
Минтақани тадқиқ этаётган аксар таҳлилчилар айнан шундай фикрни изҳор этмоқда.

Куни-кеча Ўзбекистон расмий делегацияси Уммонга сафар қилиб бу давлат билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича келишувларга эришган эди. бу ҳақда аввал ҳам хабар қилган эдик.

Таҳлилчиларга кўра, расмий Тошкент ташқи сиёсатидаги бундай бурилиш Ўзбекистоннинг Европа ва Россия билан ҳамкорлиги аста секин таназзулга юз тутаётгани билан боғлиқ.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар инвестиция ва савдо вазирлигига кўра, Уммон пойтахти Маскатга сафар қилган расмий Тошкент делегацияси бу давлатга дон ва бошқа қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини экспорт қилишга келишиб олган.

Бундан ташқари Уммон томонини Ўзбекистондаги бошқа бизнес лойиҳаларига жалб қилишга ҳаракат қилинган. Зеро, Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилган Ташқи иқтисодий алоқалар инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниевга Давлат мулк қўмитаси, Ўзбекнефтгаз, Ўзбекистон Миллий банки ҳамда Ўзкимёсаноат мутасаддилари ҳамроҳлик қилган.

Ҳозирча Уммонга етказиб бериладиган дон ва бошқа маҳсулотлар ҳажми аниқ эмас. Муҳими, Яқин Шарқ минтақасида ўз ҳамкорлари доирасини кенгайтириш илинжида бўлган Ўзбекистон томони ўзининг ўтган йилда бошлаган ташқи сиёсатини давом эттираётир.

Эҳтимол йил охирига қадар президент Каримовнинг яна бир қатор Яқин Шарқ ва Осиё давлатларига сафар қилишини кутиш мумкин. Ўтган йил март ойида президент Каримов Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюрганди ва давлатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорлик, туризм ва хавфсизлик соҳасида қатор келишувларга имзо қўйилган эди.

- Ўзбекистон ва БАА билан тез суръатлар билан ўсаётган, ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқаларини биз юксак баҳолаймиз ҳамда унинг бугунги ўсиш суръатларидан мамнунмиз,- деганди президент Каримов.

Ўтган йил охирига бориб Бирлашган Араб амирликлари Ўзбекистон иқтисодиётига 1 миллиард доллар сармоя ётқизиш ниятини билдирган.

Бу мақсадда Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон ўртасида қўшма сармоявий компания ташкил этилди.
Тошкентдаги Шарқшунослик институтининг Осиё ва Тинч океани минтақаси иқтисодиёти кафедрасининг мудири Телман Сатторовга кўра, Ўзбекистон бадавлат араб давлатлари билан ҳамкорлик қилишда асосий эътиборини улардан имкони борича кўпроқ сармоя олишга қаратмоқда ва бундай ёндошув арабларни ҳам қониқтираётгандек.

-Улар пулни қаергадир қўйиши керак-ку, уларда беҳисоб бойликлар, нефтдан тушган маблағлар бор. Ўзбекистон ана шундай йўналишлардан бири бўлиши мумкин. Шунинг учун улар аввалам бор Ўзбекистонга сармоялари билан ёрдам бериши мумки,-деди шарқшунос иқтисодчи.

2008 йил 11 май куни Жанубий Корея бош вазири Хан Син Су расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Корея бош вазири президент Каримовга энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни таклиф этди.

Ноябр ойида Малазия бош вазири Абдулла бин Ҳожи Аҳмад Бадавий 4 кун давомида Ўзбекистонда меҳмон бўлди.

Президент Каримов Осиё минтақасида Малайзия билан ҳар томонлама ҳамкорликка устуворлик берилиши ҳақида эълон қилиб, Малайзиянинг етакчи нефт компаниясига имтиёз беришга ваъда берди.

-Малайзияга ишончимиз катта... биз Малайзия учун очиқмиз... борди келдиларимиз кўпроқ бўлиши керак. Биз Ўзбекистонда Петроназ компаниясига янги имтиёз ва қулайликлар яратиб беришга тайёр эканимизни изҳор этмоқчиман, – деган эди Каримов.

Ўзбекнефтгаз миллий холдингидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, жорий йилда Ўзбекистон ва Малайзия умумий қиймати бир миллиард доллардан ошадиган қўшма нефт-газ лойиҳаларни амалга оширишга киришган.

Бундан ташқари ўтган йили Ўзбекнефтгаз ва Малайзиянинг етакчи Петроназ компанияси билан биргаликда бир ярим миллиард долларга баҳоланган синтетик ёнилғи ишлаб чиқарувчи заводни қуриш бўйича шартномага имзо қўйилди.

Табиийки, ўтган муддат давомида Россия ёки Европа давлатлари Ўзбекистонга бундай улкан инвестицияларни таклиф эта олгани йўқ.

Шу боис Марказий Осиё давлатлари бўйича етакчи экспертлардан бири Алишер Илҳомов Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ ва Осиёга юзланишини табиий деб ҳисоблайди:

-Айниқса ҳозирги ҳалқаро иқтисодий бўҳрон шароитида сармоя оқимининг камайиши кутиляпти. Бундан безовта бўлган ҳукумат янги иқтисодий ҳамкорларни, янги инвесторларни қидиришга зўр беряпти,- дейди Алишер Илҳомов.

АҚШ даги Жон Хопкинс университетининг Марказий Осиё тадқиқотлари раҳбари Сванте Корнел Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги бурилишни иложсизлик қадами сифатида баҳолайди.

- Бу давлат Ғарб билан иттифоқчилик асосида муносабат ўрнатмоқчи бўлди ва бу сиёсат муваффақиятсизликка юз тутди.

Сўнг қисқа муддат давомида Ўзбекистон Россия билан қандайдир келишувга эришишга бел боғлади ва бу йўлдан бориш хавфли эканини сезиб қолди.

Мана ниҳоят расмий Тошкент бошқа имкониятлар қолмаганидан кейин учинчи давлатлар билан ҳамкорликни ўрнатишга киришди. Бу қанчалик прагматик қадам бўлса, шунчалик иложсизлик ифодаси ҳамдир,- дейди Сванте Корнел.
XS
SM
MD
LG