Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:46

Олис келажак шуъласи


Туркиядан Австрияга газ қувурлари ëтқизишни кўзда тутувчи Набукко лойиҳасининг иккинчи қисми¸ бу қувурларга Марказий Осиë газини етказувчи янги йўналиш барпо этишни кўзда тутади.
Туркиядан Австрияга газ қувурлари ëтқизишни кўзда тутувчи Набукко лойиҳасининг иккинчи қисми¸ бу қувурларга Марказий Осиë газини етказувчи янги йўналиш барпо этишни кўзда тутади.

Газпром ва Киев ўртасидаги газ жанжали¸ ўз газини сотишда тўлиғича Россияга қарам бўлиб қолаëтган Марказий Осиë ҳукуматлари учун огоҳлантирув сигналидир.

Россия ва Украина ўртасидаги газ можароси Газпромнинг газ таъминотчилари бўлмиш Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларига ҳозирча таъсир этмаган.

Бу ҳақда Газпром вакили Озодлик радиосига маълум қилди.

Бироқ Кремлнинг Украинага қарши кескин чораси бир қатор Европа давлатларини газсиз қолдирди ва уларни Россияни четлаб ўтувчи муқобил таъминот йўлларини барпо этиш борасида янада кўпроқ ўйлантира бошлади.

Таҳлилчилар фикрича, шу аснода Газпромдан муқобил харидорларни қидираётган Марказий Осиё давлатлари учун жуда қулай вазият юзага келган.

“Сизни ўлдиролмаган нарса сизни кучлироқ қилади” деган нақл айнан бугун юзага келган вазиятга мос келади дейиш мумкин.

Газпром томонидан газсиз қолдирилган Украина ёки айрим Европа давлатлари¸ табиийки¸ барбод бўлмайди. Бироқ уларнинг Россияни четлаб ўтувчи муқобил газ қувурларни қуриш борасидаги аҳди янада қатъийлашади.

Бундай лойиҳалардан бири, Грузия ва Туркия орқали Озарбойжон ва Марказий Осиё газини Европага етказишни назарда тутган Набукко лойиҳасидир.

Ушбу лойиҳа бошқарувчиси Рейнхард Митшекни авваллари топиш қийинчилик туғдирмаган бўлса, бугун жаноб Митшекнинг ёрдамчиси унинг жудаям бандлигини айтиб, у билан бошқа сафар гаплашишни таклиф этди.

Бу албатта Набукконинг эрта ўтиб индинга ишга туширилишини англатмайди. Бироқ¸ бу лойиҳанинг устидан тупроқ тортишга ҳаракат қилганларнинг бироз шошиб қўйганини кўрсатади, дейди озарбайжонлик таҳлилчи Азер Рашид ўғли.

- Менимча Газпром ва Киев ўртасидаги сўнгги тортишув эртами-кеч Набукко лойиҳасининг амалга оширилишига олиб келади. Барибир келажакда Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон гази Озарбойжон орқали Европага оқа бошлайди¸ дейди бу таҳлилчи.

Озарбайжондаги “Турон” ахборот маркази раҳбари Зафар Гулиев фикрича, Украина ва Россия ўртасидаги можаро қанчалик узоқ давом этса¸ Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатларининг геосиёсий аҳамияти шунчалик ортиб бораверади.

- Агар Россия газининг Украина орқали Европага транзити жиддий муаммоларга дуч келаверса, албаттаки, Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатлари бундан прагматик геосиёсий ва энергетик манфаат кўришлари мумкин.

Бироқ бу ҳолда муқобил қувурнинг пайдо бўлишига қаршилик қилиб келган ва монополист бўлиб қолишни хоҳлайдиган Россия томонидан сиёсий босимнинг кучайишини ҳам кутишимиз мумкин¸ дейди Зафар Гулиев.

Ҳозирча расмий Кремл Ғарбга мойил сиёсат юргизаётган ва Жанубий Абхазия устидан кечган можаро давомида Грузияни фаол қўллаб қувватлаган Киевни газ ёрдамида жазолашни давом эттирмоқда.

Россиянинг бундай сиёсати туфайли Марказий Осиё ва Кавказ давлатларининг муқобил йўлларни қидиришга тушгани борасида Газпром вакили Денис Игнатьев компания ҳозирча ўз муносабатини шакллантирмаганини айтади.

Бироқ унга кўра, Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик ҳозирча кўнгилдагидай бораётир.

- Ҳозир барча кучимизни можарони ҳал этишга йўналтирганмиз. Марказий Осиё давлатлари билан эса ҳамкорлигимиз жуда зўр¸ деди Газпром вакили.

Газпромнинг ўтган йиллар давомида Марказий Осиёдан сотиб оладиган газ миқдорини мунтазам ошириб келгани рост.

Газпром бунинг учун тўлаëтган нарх борасида ҳам эътироз билдираётгани йўқ. Ҳозирда Газпромнинг Марказий Осиё газининг ҳам минг куб метри учун ўртача 305 доллар тўлаётгани айтилади.

2011 йилга бориб ишга туширилиши режалаштирилаётган Хитой қувури Туркманистон ва Ўзбекистон учун Газпром қувурларига муқобил биринчи салмоқли йўналишга айланади.

Ўзбекистон йилига ўртача 14-15 миллиард куб метр газни Россияга етказиб бераётир. Бироқ Набукко лойиҳасининг анча хомлиги туфайли расмий Тошкент бу лойиҳага қўшилиш истагини билдириб, Россиянинг жиғига тегаётгани йўқ, дейди тошкетлик иқтисодчи Дмитрий Поваров.

- Набукко лойиҳасининг иштирокчиларида ҳали аниқ-тиниқ позиция шаклланмаган. Сиёсий баёнотлар кўп¸ бироқ бу лойиҳа ҳали қоғозга ҳам тўлиқ туширилгани йўқ.

Ўзбекистоннинг газни экспорт қилиш салоҳияти унчалик катта бўлмаса ҳам муқобил йўллар унинг учун¸албатта¸ керак. Шунинг учун Набукко борасида расмий Тошкентнинг кутиш позициясини эгаллаганини тушуниш мумкин¸ дейди Дмитрий Поваров.

Ўтган йил ноябр ойида Болгария президенти Георги Парвановнинг Тошкентга ташрифи давомида Ўзбекистонни Набукко лойиҳасига тортиш ғояси илк бор янграган эди.

Бу ғоянинг анча қизиқлигини айтган президент Каримов, ҳозирча бу масаласини Ўзбекистон томони кўриб чиқмаётганини айтиш билан чекланди.
XS
SM
MD
LG