Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:38

“Поездингни тўхтатган...”


Шу кунларда Россия пойтахтидаги Қозон вокзалида гурас-гурас уйга қайтаётган минглаб меҳнат муҳожирларини учратиш мумкин.
Шу кунларда Россия пойтахтидаги Қозон вокзалида гурас-гурас уйга қайтаётган минглаб меҳнат муҳожирларини учратиш мумкин.

Жаҳонда нефтга бўлган талаб кескин пасайиши оқибатида 2009 йилда Россия ва Қозоғистон иқтисодиётида таназзул кузатилиши, бу мазкур давлатлардаги мардикорлар аҳволига салбий таъсир этиши мумкин.

АҚШнинг Merrill Lynch инвестицион банки келгуси йилда бир баррел нефт нархи $25 га тушиши мумкинлигини тахмин қилади. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар тарқатди.

Нефтнинг бир баррели 40 фоизга арзонлаши кутилмоқда

Банк тадқиқотида нефт нархи мазкур кўрсаткичга 2009 йил биринчи чораги охирида ёки иккинчи чораги бошида етиши, ўсиш эса икки ярим йилликда бошланиши кутилаётгани айтилган.

“Банклар истеъмолчилар ва ширкатларга бериладиган кредитлар ҳажмини қисқартиришлари баробарида яқин келажакда жаҳонда нефтга бўлган талаб пасайиб бораверади. 2009 йилда нефтга бўлган талаб кескин пасайиши кутилаяпти”, дейилади банк тадқиқотида.

Молиявий бўҳрон ҳатто қўшиқларни ҳам ўзгартиришга қодир

Агар ХХ аср бошида Россияга мажбуран олиб кетилган ўзбек мардикорлари “Поездингни юргизган...” деб қўшиқ тўқиган бўлсалар, XXI аср бошида бола-чақа боқиш ташвишида Россияга ихтиёран кетаётган ўзбек мардикорлари “Поездингни тўхтатган...” деган қўшиқ тўқисалар ажаб эмас.

“Россия иқтисодий поезди” ҳаракатининг сустлашувига эса яна ўша нефт нархининг пасайиши сабаб бўлади.

Россия бош вазири Владимир Путин ҳукумат МДҲ давлатларидан келаётган мардикорларга ажратилажак квотани 50% га қисқартириш ниятида эканини билдирганида нефт нархлари тушишини ҳам эътиборга олган бўлса керак.

Айни пайтда Қозоғистон бош вазири Карим Масимов ҳам декабр ойи ўрталарида Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигига бир баррел нефтни 25 доллардан ҳисоблаган ҳолда, республиканинг 2009-2011 йилдаги бюджетини қисқартириш юзасидан топшириқ берди.

- Агар нефт нархи 25 долларга тушгудек бўлса, биз бунга тайёр туришимиз керак, - деди Қозоғистон ҳукумати раҳбари.

Қайд этиш жоизки, шу йил октябр ойи ўрталарида Қозоғистоннинг 2009-2011 йиллар учун бюджети режалаштирилаётган пайтда нефтнинг бир баррели 60 доллар бўлиши тахмин қилинганди.

Ноябр ойида 2009 йилда бир баррел нефт нархи 40 доллардан бўлиши эътиборга олинган ҳолда бюджет қисқартирилганди.

“Божалар”нинг акаси Москвадан “Мерс” юборолмайдиган бўлди

... Энди мен ҳам пиёдамасман -
Эртага янги “Мерс”им келади,
Акам Москвадан юборади,
Лекин бир муаммо туғилади – қоидани билмайман...

Пойинтар-сойинтар сўзлар жамламасидан иборат бу “қўшиқ”да “Божалар” гуруҳи ўз мардикор акасининг Москвадан Мерседес юбориши ҳақида севгилисига мақтанган эди.

Аммо молиявий бўҳрон минтақа мардикорлари бозорини касодга учратгани туфайли энди “Божалар” бу қуруқ тамшанишни реалроқ орзуга алмаштирсалар, ёмон бўлмасди.

Аснода минтақадаги кузатувчилар нефт нархи тушиши баробарида Россия ва Қозоғистонда иқтисодий таназзулнинг кучайиши Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан пул ишлаш учун кетган меҳнат муҳожирлари фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатишини таъкидламоқдалар.

“Ҳаммасига юртбошилар айбдор”

Тожикистонлик кузатувчи Нўъмонжон Фахриддиновга кўра, нефт нархларининг тушиши оқибатида Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларининг ўз юртларига қайтиши минтақа мамлакатларида ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий тарангликни вужудга келтиради.

- Масалан, Тожикистондан Россияга ишлашга кетган юз минглаб одамларнинг юртга қайтиб келиши мамлакатда ишсизлар сонини кўпайтиради, озиқ-овқат тақчиллиги билан боғлиқ вазиятни янада таранглаштиради, жиноятчиликни ошишига сабаб бўлади.

Бу муаммоларнинг ҳал қилинмаётганида эса фуқаролар албатта мамлакат раҳбарларини, расмийларни айблай бошлайдилар, - дейди Нўъмонжон Фахриддинов.

“Болалар, келинг, иноқ яшайлик...”

Мультфильм қаҳрамони бўлмиш мушук – Леопольднинг бу таклифи ҳозир минтақадан ишчи кучини экспорт қилаётган мамлакатлар расмийлари учун ҳам, импорт қилаётган давлатлар расмийлари учун ҳам жуда долзарб бўлиб турибди.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Фарҳод Толибов минтақа мамлакатлари раҳбарлари россиялик ва қозоғистонлик ҳамкасблари билан бу муаммони биргаликда ҳал қила олишларига умид билдиради.

- Агар [расмийлар] бу масалани мувофиқлаштира олмасалар, унда қайсидир маънода Россия учун ҳам йўқотиш бўлади, биз учун эса қўшимча ижтимоий муаммо туғилади.

Россияда аҳоли камайиб бораётган бир шароитда мардикорларнинг ҳаммасини мамлакат ҳудудидан ҳайдаб чиқаришдан россиялик расмийлар ҳам манфаатдор бўлмасалар керак, - дейди Фарҳод Толибов.

Айнида ўз келажаги учун хавотирланаётган мардикорларни бироз хотиржам қиладиган фаразни ҳам айтиб қўйишимиз керак.

Сўз аввалида келтирганимиз Merrill Lynch инвестицион банки 2009 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб жаҳонда нефт нархлари яна юқорилай бошлашини тахмин қилади. Бу эса иқтисодий тараққиёти нефт хом ашёсини сотишга қараб қолган мамлакатлардаги турмуш тарзига ижобий таъсир қилади.

Ўз навбатида, бу Россия ва Қозоғистонда қўшимча қурилишлар бошлашга ва мазкур қурилишларга Марказий Осиё минтақасидан бўлган мардикорларни жалб қилишга замин яратади.
XS
SM
MD
LG