Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:28

Сафи сийраклашган иттифоқчилар


Суратлар учун кўрсатиладиган табассумларга қасдма-қасд¸ кузатувчилар фикрича¸МДҲ раҳбарлари ичида ҳамкорликдан кўра ихтилоф кучайиб бормоқда.
Суратлар учун кўрсатиладиган табассумларга қасдма-қасд¸ кузатувчилар фикрича¸МДҲ раҳбарлари ичида ҳамкорликдан кўра ихтилоф кучайиб бормоқда.

Жума куни Қозоғистонда ўтадиган МДҲ саммитида Россия рублини минтақавий заҳира валютаси сифатида жорий қилиш таклифи ҳам муҳокама этилади.

Янги йил арафасида ўтказилаётган ушбу якуний анжуманда иштирок этиш таклифини Грузия, Украина, Озарбaйжон ва Молдова раҳбарларидан ташқари қолган барча президентлар қабул қилди.

Грузия ва Россия ўртасидаги зиддият Москванинг бир қадар яккаланиб қолишига сабаб бўлганига қарамай, Кремл ўз стратегик манфаати доирасида минтақа давлатлари олдига янги ва янги ташаббусларни ташлаяпти.

Жума куни Остона яқинидаги Боровой қароргоҳида ўтадиган навбатдаги учрашувда президент Медведевнинг АҚШ долларининг беқарорлигига ишорат қилиб, Россия рублини минтақавий заҳира валютаси сифатида жорий қилишни таклиф этиши кутилмоқда.

Глобал молиявий бўҳрон шароитида Америка доллари ўрнини босувчи минтақавий валюталарни киритиш масаласи бир қатор давлатларда муҳокама этилмоқда.

Бироқ қозоғистонлик таҳлилчи Дўсум Сатбаев Москва таклифида истиқболнинг қарийб йўқлигини айтади.

- МДҲ нинг аксар давлатлари бу ташаббусга ишончсизлик билан муносабат билдирди. Қозоғистон ҳам рублни ЕвроосиëИҲ доирасида ягона валюта сифатида киритиш ғоясини¸ ҳозирча имконсиз деб топди. Бу ғояни Туркманистон ва Ўзбекистон қўллаб-қувватлашига ҳам кўзим етмайди, – дейди таҳлилчи.

Москва режасига биноан дастлабки босқичда “рубль” нефт ва газ олди сотдиси, қолаверса, бутун энергетик соҳадаги лойиҳаларни молиялаштириш учун ягона валютага айланиши керак.

Бугунги кунда Россия минтақадаги ўз сиёсий ва иқтисодий амбицияларини сир тутаётгани йўқ. Жаҳон иқтисодий ва сиёсий тизимининг ўзгариши ҳосиласи ўлароқ, Россия ўзини янги минтақавий марказлардан бирига айлантирмоқчи.

Дўсум Сатбаев Россиянинг янги-янги ғояларни ўртага ташлаши айнан шу билан боғлиқ деб ҳисоблайди.

- Россиянинг зўр бериб илгари сураётган ватанпарварлик идеологияси, унинг яна катта оға мақомини эгаллашга уринаётгани¸ ҳатто Қозоғистонда ҳам хавотир билан қарши олинаяпти. Минтақа давлатлари бу ғоя уларнинг суверенитети ва кўп соҳаларидаги манфаатларига зарба етказиши мумкин, деб ҳисоблайди, – дейди Сатбаев.

Август ойидаги Россия–Грузия можароси тугаëтган 2008 йили Москванинг МДҲ да кенгроқ иттифоқчилик алоқаларини барпо этиш ғоясига жиддий путур етказди.

Боровойдаги йилнинг якуний анжуманида Грузия, Украина ва ГУАМ га аъзо бошқа давлатларнинг иштирок этмаётгани, Ўзбекистоннинг ЕвроосиëИҲдан чиқиб кетиши ва Беларуснинг Европа Иттифоқи билан алоқаларини яхшилаётгани Россияни ўз иттифоқчилари сафини қисқартиришга мажбур қилди, дейди суҳбатдошим.

Ягона иқтисод, ягона пул бирлиги, ягона сиёсат – буларнинг барчаси Совет Иттифоқи давридаги ўтмиш бўлса, Москва бугунги кунда ўзгача бир ҳамкорликни таклиф этяптими?

- Россия принципиал ҳеч қандай янги нарсани таклиф этаётгани йўқ, албатта. Ҳатто саммитда кўтариладиган масалалар ҳеч қандай янгилик эмас. Россия ўзига мойил чекланган давлатлар ўзагини ташкил этмоқчи. Бироқ, ҳатто Беларус ва Россия ўртасида пайдо бўлган келишмовчилик, бу ўзакнинг яхлит эмаслигини кўрсатди, – дейди Дўсум Сатбаев.

Боровойдаги анжуман ташаббускори Қозоғистон бўлишига қарамасдан, унинг иштирокчилари Россия билан яқиндан алоқа қилаётган ёки бу алоқаларни сақлаб қолишга мойил давлатлардир.

2008 йилда собиқ совет давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик сарҳисобини қилар экан Сатбаев, бу ҳамкорлик интеграция босқичига ўтмаганини¸ бу жараëнда¸ бир сўз билан айтганда¸ олдинга қараб юриш кузатилмаётганини айтди.

- Аксинча¸ ҳозирда МДҲ нинг ичида ихтилофнинг янги тўлқини кўтарилаëтганини кўрмоқдамиз. Бу эса¸ минтақавий ҳамкорликнинг ҳар қандай кўринишини қийинлаштиради, - дейди қозоғистонлик таҳлилчи Дўсум Сатбаев.
XS
SM
MD
LG