Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:30

Мина майдонлари - Оқсарой муждаси


Ўз қўшниси сарҳадларни миналардан тозалашни истамаëтган бир кезда¸ Тожикистон томони аҳолисини фақат огоҳлантириш билангина чекланишга мажбур.
Ўз қўшниси сарҳадларни миналардан тозалашни истамаëтган бир кезда¸ Тожикистон томони аҳолисини фақат огоҳлантириш билангина чекланишга мажбур.

Женевада пиёдаларга қарши миналарни таъқиқлаш бўйича нуфузли халқаро анжуман иш бошлади. Ўзбекистон¸ бу гал ҳам йиғинга ўз вакилини жўнатмади.

Женева йиғинига 50 давлатдан келган ҳукумат расмийлари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари Пиёдаларга қарши миналарни таъқиқлаш шартномасининг қай даражада ижро этилаётганини муҳокама этмоқда.

Ўз чегараларини миналаштириб ўнлаб одам ўлимига сабабчи бўлган Ўзбекистон томони ушбу анжуманларни назар- писанд қилмай келади.

Ўзбекистон Пиёдаларга қарши миналарни таъқиқлаш шартномасига қўшилмаган ва бу шартномага аъзо давлат анжуманларига ҳатто ўз кузатувчисини ҳам юбормайди.

БМТ бош ассамблеяси доирасида эса Ўзбекистон томони ушбу шартномани ҳеч қачон қўллаб-қувватлаб овоз бермайди. Халқаро кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати миналарни таъқиқлаш борасида халқаро жамоатчилик билан мутлақо ҳамкорлик қилишдан бош тортиб келади.

Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларининг миналардан ҳалок бўлишига оид хабарларни тасдиқламайди. Миналарни таъқиқлаш халқаро компанияси маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг қўшни Тожикистон ва Қирғизистон билан чегараларига Тошкент бир томонлама ўрнатган миналар портлаши оқибатида камида 50 нафар Ўзбекистон фуқароси нобуд бўлган.

Ўзбек миналаридан ҳалок бўлаётганларнинг кўпчилиги Тожикистоннинг Сўғд вилояти фуқаролари экани маълум. Маълумотларга кўра, Тожикистон фуқароларининг 80 нафари¸ ўзбек томони кўмдирган миналарига йўлиқиб нобуд бўлган.

Миналарни таъқиқлаш халқаро компанияси маълумотларига кўра, Ўзбекистон 1998 йилдан бошлаб 2003 йилгача Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларининг тоғли ҳудудларига 350 минг дона пиёдаларга қарши миналарни жойлаштирган.

Президент Каримов чегаралардаги мина майдонлари Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари ҳамда қурол-яроғ ва наркотик моддаларнинг олиб ўтилишига қарши яратилганини даъво қилади. Миналарни таъқиқлаш халқаро компанияси вакили Эмил Ҳасанов бу каби важларни “кулгули” деб атади.

- Миналаштиришни бу каби оқлаш жуда кулгулидир. Террорчилар бир давлатдан иккинчи давлатга ўтиш учун ҳар доим ўзлари учун қулай йўлни топади. Чегараларни қўриқлаш масаласида одамнинг фарқига бормайдиган миналарга эмас¸ чегарачиларга таяниш керак. Бундан кўриниб турган нарса шуки, миналаштириш тоза сиёсий мақсадларни кўзлайди¸ - дейди халқаро кузатувчи.

Ўзбекистон чегараларига ўрнатилган миналар бирор-бир террорчини ўлдиргани борасида ҳеч қандай маълумот йўқ. Сўнгги икки йил давомида Ўзбекистон расмийлари чегараларни миналардан тозалаш жараёни бошлангани ҳақида айтиб келди. Бироқ бу амалиётлар халқаро кузатувчилар иштирокисиз, ёпиқ тарзда ўтказилгани сабабли жиддий шубҳа остига олинади.

- Биз аслида нима бўлаётганини айтолмаймиз. Ўзбекистондан ахборот олиш жуда қийин. Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик даражаси жуда оз¸ десам ҳам бўрттирган бўламан. Ўзбекистон миналардан тозаланганини даъво қилаётган бир неча ҳудудларни ҳисобга олмасак ҳам бўлади, чунки асосий минтақалар ҳамон миналаштирилганича қолмоқда¸ - дейди Миналарни таъқиқлаш халқаро компаниясининг вакили Эмил Ҳасанов.

Кўпчилик кузатувчилар, Ўзбекистон ҳарбийлари ўз вақтида миналаштириш жараёнини пала-партиш ўтказганини айтиб келадилар. Мина майдонларининг хариталари қўшни республикаларга берилмаётгани ва бу минтақага халқаро кузатувчиларнинг киритилмаётгани ҳам шу билан изоҳланади. “Ҳатто Ўзбекистон томони миналардан тозаланган деб даъво қилаётган ҳудудлар ҳамон хавф туғдиради” – дейди халқаро кузатувчи.

- Ўзбекистонда миналардан тозалаш амалиётлари ҳарбий стандартларга мувофиқ бўлмаган тарзда юзаки амалга оширилган. Бироқ¸ бу амалиётлар халқаро гуманитар меъёрларга тўғри келмайди. Бу ҳудудларни миналардан тоза деб эътироф этолмаймиз¸ - дейди Эмил Ҳасанов.

Хавфсизлик бўйича таҳлилчилар Ўзбекистоннинг чегараларни миналаштириш жараёни ўзини деярли оқламаганини айтаётир.

Мина майдонлари¸ афтидан¸ Каримовнинг қўшни давлатлар раҳбарларига “мен сизлардан кучлироқман” қабилидаги ишораси бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG