Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:41

Ўзбекистон Истанбулдаги жаҳон форумида қатнашмаëтир


Жаҳон иқтисодий форуми эмблемаси.
Жаҳон иқтисодий форуми эмблемаси.

Ўзбекистон томони Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича Жаҳон иқтисодий форумида иштирок этиш таклифини эътиборсиз қолдирди. Илк бор ўтказилаётган Европа ва Марказий Осиё давлатларининг уч кунлик иқтисодий форуми 30 октярб куни Истамбулда иш бошлади.

Жаҳон иқтисодий форумида дунё бизнесининг етакчилари, ҳукумат вакиллари ҳамда Европа, Туркия, Россия, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ давлатлари оммавий ахборот воситалари, дин ва маданият етакчилари иштирок этмоқда.

“Жаҳон иқтисодий форуми”нинг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича директорининг ўринбосари Бенита Сирон ушбу тадбирда Ўзбекистон томони иштирок этмаётганидан афсус билдирди.

“Бу ерга Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ҳукуматининг юқори мартабали расмийлари келаяпти. Лекин афсуски¸ Ўзбекистондан ҳеч ким йўқ. Биз Ўзбекистон ҳукуматини форумга таклиф этган эдик. Бироқ афсуски¸ Ўзбекистон ҳукумат вакилларидан бирортасида ҳам келишга вақт бўлмади”¸ - деди Бенита Сирон.

Европа ва Марказий Осиё иқтисодий форуми қатнашчилари халқаро молиявий бўҳрон шароитида бизнес имкониятлари, геополитик жараёнлар ва ўзаро ишонч ўрнатиш, энергетик хавфсизлик, Марказий Осиё ва Туркиянинг дунё харитасида ортиб бораётган ўрни каби масалаларини муҳокама этади.

Жаҳон иқтисодий форуми бу гал жуда кенг географик майдонни қамраб олиб, Европа Иттифоқи, Россия, Туркия, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида иқтисодий алоқаларни рағбатлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

Ушбу форумни ўтказиш учун Туркия пойтахти Истамбул бежиз танланган эмас¸ деди Баҳрайндаги етакчи “Измар банки” нинг раиси Холид Абдулла Жанаҳий.

“Туркия ҳар доим Яқин Шарқни Европа ва Марказий Осиё билан боғлаб турувчи кўприк сифатида кўрилган. Туркиянинг Марказий Осиё халқлари билан маданий-тарихий алоқаси бор. Шу боис¸ Марказий Осиё каби улкан имкониятларга эга минтақага киришимиз учун Туркия бир эшик вазифасини бажариши мумкин”¸ деди Ҳолид Абдулла Жанаҳий.

Жаҳон иқтисодий форумида Ўзбекистоннинг иштирок этмаётгани маҳаллий кузатувчиларни ҳам ҳайрат солмоқда. Тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толибов Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро майдонда ўзини бундай тутиши мутлақо оқланмаётганини билдирди.

Фарҳод Толибов: Бу шундай бир нуфузли¸ обрўли¸ ютуқли бир тадбирки¸ яъни давлатлар вакиллари¸ давлатлар ичидаги турли компания ва ташкилотлар¸ йирик бизнесменлар бундай анжуманда қатнашишга интилишади. Бундай йиғилишда иқтисодий ҳамкорлик соҳасида¸ турли хил янги лойиҳалар ишлаб чиқиш соҳасида катта-катта янги уфқларни очса бўлади. Умуман олганда буни ҳаттоки тавсифлаб ўтирмаса ҳам бўлади. Бу анжуман ҳаммага маълум ва машҳурки¸ ортиқча изоҳ беришнинг ҳожати йўқ.

Озодлик: Сизнинг назарингизда нима учун Ўзбекистон мана шундай форумда иштирок этмади? Тошкент ўз қарорини нима билан изоҳлаши мумкин?

Фарҳод Толибов: Ўзбекистоннинг бундай позицияси албатта ҳайратга солади. Ўзбекистон қатнашмасдан ҳеч нарсага эришмади ва эришмайди ҳам. Қатнашмаслик қарори бу ўринсиз қарор. Халқаро ҳамжамият орасида ўзини бундай тутишга зарурат йўқ эди. Охирги пайтларда Ўзбекистоннинг ғарбий давлатлар билан алоқалари салбийлашганини биламиз. Лекин бу сиëсий анжуман эмас¸ иқтисодий эмас. Шунинг учун ҳам биз Ўзбекистоннинг нима учун бундай анжумандан бош тортганига бироз тушуна олмай қолаяпмиз.

Озодлик: Агар бу сиëсий анжуман бўлганида биз тушунган бўлардик бу қарорни. Аммо бу иқтисодий анжуман. У ерда пул¸ бизнес ҳақида гап боради.

Фарҳод Толибов: Тўғри. Яна сармоя¸ инвестициялар ҳақида гап боради. Бу биз учун жуда керакли анжуман бўлар эди. Балки янги лойиҳалар¸ қанақадир муаммоларга ечимлар¸ потенциал инвесторлар топган бўлардик. Дунëга Ўзбекистонда бизнес олиб бориш қанчалик қулайлиги¸ бизнесменлар Ўзбекистонга кирса қанча фойда кўриши ҳақида маълумот тарқатишда қулай минбар эди бу. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон бу таклифни рад этмаслиги керак эди.

Озодлик: Ўзи Ўзбекистон Туркияда уюштириладиган анжуманларда камдан-кам иштирок этади. Балки Туркия....

Фарҳод Толибов: Тўғри. Буни ҳам айтмоқчи эдим. Ростдан ҳам охирги пайтларда Туркияда бўлаëтган йиғилишлардан Ўзбекистон сал ўзини четда ушлаб турибди. Масалан, бир неча маротаба Туркия етакчилигида туркийзабон халқларнинг йиғилиши бўлганда¸ бошқа туркийзабон давлат вакиллари қатнашса ҳам Ўзбекистон қатнашмади.

Озодлик: Ўзбекистоннинг Туркия билан қандай муаммоси бор?

Фарҳод Толибов: Мен муаммо йўқ деган бўлардим. Ҳамкорлик учун¸ муносабат учун жуда кўп асослар бор¸ замин бор¸ ҳуқуқий база бор. Адашмасам ҳаттоки виза ҳам бекор қилинган¸ тўғрими?

Озодлик: Тўғри¸ лекин нима учун Ўзбекистон ҳукумати Туркия билан яқинлашишни истамайди?

Фарҳод Толибов: Мана шу ҳам бир ғалати. Мен Туркия билан муносабатларимиз Ўзбекистон ҳукуматига мухолифларнинг Туркияда юрганлиги сабабли бузилган деган фикрдан йироқман. Яна қандай сабаблар бўлиши мумкинлиги қоронғу. Битта мухолиф кучларни рўкач қилиб кўрсатиш¸ менимча етарли асос эмас.











XS
SM
MD
LG