Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:47

Диний эркинлик ҳақида хўб ва кўп гапирилмоқда


“Тўртинчи ҳокимият” дастурининг бугунги мавзуси: - Рамазон ойида Ўзбекистон телевидение ва радиосида диний мавзудаги лавҳалар кўпайди. Бугунги дастуримизда бу лавҳаларнинг қандай манипуляция қилингани ҳақида гаплашамиз

Президент Каримов томонидан эълон қилинган қарорга мувофиқ 1 октябр куни Ўзбекистонда “Рамазон Ҳайити” кенг нишонланади.

“Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёртиши тавсия этилсин” – дейдилади президент қарорида.
Бу тавсия буйруқ сифатида қабул қилинди. Кенг ёритиш деганда эса диний кўрсатувлар ва эштиришлар устидан тегишли идораларнинг назоратини камайтириш назарда тутилмади. Диний эркинликлар энг қаттиқ чекланган давлатлар қаторига кирган, минглаб диндорлар қатағон қилинган мамлакатда Рамазон ойида телевидение дин соҳасидаги ютуқларни пропаганда қилишга сафарбар қилинди. Тошкент давлат ислом университети тўғрисида тайёрланган кўрсатув ана шундай ўнлаб пропагандистик кўрсатувлардан бирдир.

- Кўрсатувдан: “Республикамиз мустақилликка эришиб, динимиз ва дин аҳлига катта эркинликлар берилгач, мазкур илм даргоҳида ҳам катта ижобий ўзгаришлар рўй берди.”

Институт талабалари ҳам суҳандон бошлаб берган руҳда гапида давом этади. Талабалардан бири дин ривожини мустақиллик ва президент Каримов билан боғласа, иккинчи гўё ёдланган текстдан ўқигандек, аъло баҳога ўқишга ва намунали ҳулққа эга бўлишга қасамёд келтиради.

Кўрсатувдан: “Парвадигорга шукрлар бўлсин-ки, мустақиллик туфайли бугун биз ёшларга катта аҳамият берилмоқда. Бунга жавобан бизнинг аъло ўқишимиз, намунали ҳулқимиз ва жамоат ишлардаги фаол иштирокимиз ана шу неъматга бўлган шукронанинг ёрқин белгисидир.”

Талабаларнинг бундай сунъий баёнотларидан сўнг, сўз навбати уларнинг домласига берилди. У эса юртбошисига керакли кадрларни етказиб беришга ваъда қилди.

Кўрсатувдан: “Ўйлайман-ки, бунинг қадрига етамиз. Бу йил юртбошимиз тарафидан ёшлар йили деб эълон қилинди. Мана шу ёшлар йилида биз кўпроқ талабаларимизга Ислом ғояларининг соф ақидаларини сингдирамиз. Шу билан бирга динимизга ёд бўлган турли бузғунчи оқимларга қарши кураша оладиган етказиб беришликка сайи-ҳаракат қиламиз. Иншооллоҳ, мана бу қуриб берилган, мана бу бизлар учун яратиб берилган шароитларнинг қадрига етишлигимиз, буларнинг шукронасини адо этишлигимиз бизларнинг бўйнимизда турибти.”

Рамазон ойида телевидение ва радиода ёритилган айрим диний мавзуларга сиёсат гўё қориштирилмагандек эди. Кечки кундалик кўрсатувлар дастурларидан ўрин олган “Рамазон туҳфаси” туркум эштиришларида кўпроқ исломий тарбий ҳақида гап борди. “Бироқ бу кўрсатувлар ҳам Миллий хавфсизлик хизматининг қаттиқ назорати остида тайёрланди” – дейди журналист Абдураҳмон Ташанов.

“Ҳамманинг кўриш имконияти бор Ўзбекистон телевидениесидаги вазиятни айтиб беришим мумкин. Ўша Ўзбекистон телевидениесидаги ярим соатлик кўрсатув жуда ҳам катта назорат остида тайёрланади ва ифторлик пайтида намойиш қилинади. Бу кўрсатув мавзуси жиҳатдан ниҳоятда тордир. Ҳамма диндорларнинг руҳий талабларини қондирадиган даражада эмас. Жуда кўпчилик журналист дўстлариб айтиб қолишади...Уларнинг айтиши бўйича, ҳатто ҳозир Ўзбекистон радиоси ва телевидениесида “Бисмиллоҳ” сўзини назоратсиз ўтказмаяпти. Бундан ташқари улар: “Миллий хавфсизлик белгилаб берган одамларгига диний мавзуни ёритиши мумкин. Миллий хавфсизлик белгилаб берган фуқароларнигина студияга чақириш мумкин”- деган гапларни айтишади.” – дейди Абдураҳмон Ташанов.

Айрим тингловчиларимиз Рамазон ойида телевидение дастурларидан деярли безиб кетишганини айтиб, диний эштиришларни узатаётган ФМ радиостанцияларини ижобий баҳолагандек бўлди.

- Ўша мустақиллик бошланган йилларда саҳарлик пайтида диний мавзудаги яхши кўрсатувлардан беришарди. Муҳаммад Расулуллоҳ тўғрисида...Ҳозир лекин бирор марта телевизор қўйиб ҳам кўрмадим.

- Диний мавзулар деярли тўлиқ гапирилмайди-ку, телевизорда. Агар гапириладиган бўлса ҳам, ўша бериладиган закотларни кимга бериш кераклиги ҳақида гапирилади-да. Диний мавзулар тўғрисида ўзи телевидениеда камдан-кам бўляпти. Лекин радиоларда “Наврўз”да ҳам “Орият доно”да ҳам бериб бориляпти.

Ўз исмини айтишни истамаган Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг бир вакили барча кўрсатувлар ўзини қониқиқтиришини айтди. “Эфирга узатилмаётган диний киноларнинг видеотасмалари бор менда” - дейди у.

Ўзбекистон оммавий ахборт воситалари мамлакатда Ислом динининг гуркираб ривожланаётганини бу эса президент ва ҳукуматнинг ютуғи эканини истаганча гапириш мумкин, тўғри. Лекин ҳукуматнинг тоза диний мавзуларни қандай критерийлар асосида цензура қилаётгани аниқ эмас. Афтидан Исломга очиқдан очиқ даъват, инсонларда эҳтирос уюғотувчи кинолар ва табиийки давлат диний таълимотидан ташқарида бўлган исломий таълимотлар цензорлар томонидан номақбул деб тан олинади. Журналист Абдураҳмон Ташанов бундай сиёсат Ўзбекистонда диндорларнинг кўпайиб кетишининг олдини олишга қаратилганини айтади.
“Президент Каримов реал мухолифатчилар сифатида фақатгина диндорларни кўрган. 92 йиллардан Наманган воқеаларини яхши эслаймиз. Ўша пайтларда президентнинг кўнглига ғулғула тушган. Ўшандан бери диндорларни таъқиб этади. Фармонларни чиқаришга келганда жамоатчилик бундан гуё уни бағри кенг раҳбар деган фикрга бориши керак. У эса ўзининг авторитар раҳбар эмаслигини, диндорларни ёмон кўрмаслигини исботлаши керак. Лекин ҳозирги манзарани чизадиган асосий омил Каримовнинг диндорлардан қўрқишидир”

Таниқли уламо Обид қори Назаров бугунги кунда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари диндорларнинг асл эҳтиёжларини қондирмаслигини айтиб, уларнинг режимнинг динга қарши сиёсати воситасига айланганини таъкидлайди.

“Буларни диндорлар эҳтиёжига яраша кўрсатувлар деб қабул қилиш мумкин эмас. Бу соҳада жуда ҳам кўп ишларни қилиш мумкин эди. Лекин аввало халққа, мусулмонларга эркинлик берилиши керак. Мусулмон журналист, ёзувчи ва шоирларига ҳам имконият берилиши керак. Ҳаммаларининг тиллари боғланган. Уларга имконият бериладиган бўлса жуда ҳам катта ўзгаришлар, жуда ҳам катта ишларни қилиш мумкин эди. Мусулмонлар билан бемалол очиқ теле-радио мулоқотлар ўтказилиши керак эди. Рамазон ойида одамларнинг ғайрат ва ҳимматларидан фойдаланиб марафонлар уюштирилиши мумкин эди. Мана мусулмон диёрларидан Рамазон ойларида Қуръондан, ҳадисдан мусобақалар ўтказиб турилади. Лекин ҳаммани бўғиб олган бу сиёсат жуда ҳам кўплаб талантларни йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлмоқда. Озгина диний эштириш бериб қўйиб орқасидан динга тескари кўрсатувлардан бериб юборишади. Яъни бу ёқдан берганини бу ёқдан кесиб олади”

Таниқли уламо Обид қори Назаров фикрлари эди. Демак диний эркинликлар ниҳоят бориб яна сўз ва матбуот эркинлигига бориб тақалди. Ўзбекистонда дин ва сиёсатнинг айрилиги тамойили эълон қилинган. Бироқ ҳукумат оммавий ахборот воситалари орқали динга ўз сиёсатини ўтказиб боради. Кузатувчиларга кўра, бундай шароитда фақат эркин ва мустақил оммавий ахборот восилари динни давлат сиёсатидан ҳоли қилиши мумкин эди.

Тўртинчи хокимият дастурига бугунга ана шулар. Ҳафта давомида Ўзбекистон ва минтақада сўз ва матбуот эркинлигига оид вазият ривожини биз билан бирга кузатинг.





XS
SM
MD
LG