Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:41

ЕИ “савдо”ни хом қилди...ми?


Ўзбекистонда мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновнинг узоқ йилга озодликдан маҳрум этилиши Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга қарши жорий этилган санкцияларни юмшатиш қарорини синовга тутади.

С.Абдураҳмоновнинг уйдирма айбловлар билан 10 йилга озодликдан маҳрум этилишига халқаро жамоатчилик ўз эътирозини билдириб бўлди.

Машинасига наркотик модда ташлаб қўйилиб, сўнг наркотик моддалар сотганликда айбланиб, сиёсий буюртмани бажарган суд олдида жавоб берган С.Абдураҳмоновнинг кейинги тақдири мавҳум қолмоқда.

“Журналист устидан кечган бутун суд жараёни давомида ишнинг ҳаддан зиёд сиёсийлашиб кетгани яққол сезилиб турарди”,– дейди унинг адвокати Рустам Тўлаганов.

С.Абдураҳмонов Брюссель ва Тошкент ўртасидаги навбатдаги савдо объектидай кўринганди, шу маънода ЕИ Ўзбекистонга қарши санкцияларни юмшатиб, унинг тақдирини Тошкент ҳукумати қўлига топширди, дейиш мумкин.

“Одамларнинг гоҳ америкаликлар, гоҳ европаликлар билан савдо қилиш мақсадида ишлатилаётгани биз учун жуда ёқимсиздир. Лекин санкцияларни кўриб чиқиш арафасида С.Абдураҳмоновнинг озод этилишига умид қилгандик. Ҳозир эса ЕИ санкцияларни юмшатганидан сўнг Ўзбекистон учун уни озод этиш керак бўлмай қолади. ЕИ эса ўз нуфузидан ҳам, Ўзбекистонга таъсир ўтказиш воситасидан ҳам айрилиб қолади”,– дейди С.Абдураҳмонов билан ҳамкорлик қилган “Ўзньюс.нет” сайти бош муҳаррири Галима Бухорбоева.

Бироқ сўнгги икки йил давомида ЕИ назарида бўлган маҳбус журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Умида Ниёзова, Улуғбек Ҳайдаров, Мўътабар Тожибоева, Гулбаҳор Тўраева ва бошқалар ниҳоят озод этилди. Эҳтимол, Солижон Абдураҳмонов ҳам кейинроқ айнан шундай сценарий асосида озодликка чиқарилади. Бироқ унинг устидан қарор чиқаришни Ўзбекистон ихтиёрида қолдирмаслик керак, деб ҳисоблайди “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистон бўйича масъули Алисон Гил.

“Ўзбекистон ҳукумати қачон унга меҳр-мурувват кўрсатишини кутиб ўтирмаслигимиз керак. Менимча, халқаро жамоатчилик ЕИ ва АҚШни Ўзбекистон ҳукуматига жуда кучли босим ўтказишга чақиришда давом этиши лозим”,- дейди Алисон Гил.

ЕИнинг Ўзбекистонга қарши санкцияларни юмшатиши аввалдан маълум эди. Айрим таҳлилчилар киноясича, бу қарорга фақатгина яна бир Андижон воқеаси халақит қилиши мумкин эди, журналист С.Абдураҳмоновнинг 10 йилга озодликда маҳрум этилгани эмас.

ЕИнинг Ўзбекистоннинг айрим расмийларига виза тақиқини бекор қилиш тўғрисидаги қарорида навбатдаги журналистнинг қамалгани қораланмади. Аксинча, унда расмий Тошкентнинг 2-3 октябрь кунлари матбуотни либераллаштиришга оид халқаро семинарни уюштиришга рози бўлгани олқишланди.

Ушбу анжуман иштирокчиларидан бири, Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи вакили Эндрю Стролайннинг таъкидича, С.Абдураҳмоновни қамаш орқали расмий Тошкент Ғарб давлатларига ўзининг матбуотни эркинлаштириш борасидаги позициясини билдириб қўйди.

“Бу режим матбуот эркинлиги, сўз ва ифода эркинлиги ва умуман ислоҳотларни бир пулга олмайди. Ундан ўз сиëсатини ўзгартиришни кутиш гўлликдан бошқа нарса эмас”,- дейди Э.Стролайн.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича сиёсатини мониторинг қилиш дастури директори Ричар Йонгс фикрича, Ўзбекистон ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари жорий вазиятда ЕИнинг иложсиз қолганига асосланади.

“Ўйлашимча, ЕИнинг минтақадаги энергетик, савдо-сотиқ ва геополитик манфаатлари шу қадар кучлики, Ўзбекистон ҳукуматининг бурни кўтарилиб қолди. Шу тариқа ЕИнинг ўз сиёсати табиатидан келиб чиқиб санкцияларни барибир бекор қилишини билган бу режим очиқчасига ўз сиёсатини ўзгартирмаслигини билдирди”,- деди Ричард Йонгс.

ЕИ Туркманистон билан ҳам инсон ҳуқуқлари масаласида мулоқотни бошлаган заҳотиёқ мамлакатда бир қатор мухолифатчи қамоққа олинди. Ушбу мулоқотлар давомида ЕИ бу ҳолатларни тилга олмади.

Ричард Йонгс сўзларига кўра, ЕИнинг Марказий Осиё давлатлари билан жорий мулоқоти бу мамлакатлардаги вазиятнинг яхшиланишига олиб келмаётир.
XS
SM
MD
LG