Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:25

Расмий Тошкент анжуманни ўтказишга розилик берди


Ўзбекистон ҳукумати Европа Иттифоқининг матбуотни эркинлаштиришга доир халқаро семинарни октябр бошида Тошкентда ўтказиш ташаббусини қўллаб қувватлади. Бу ҳақда 16 сентябр куни Европа Иттифоқи расмийлари билан сўзлашувлардан сўнг Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов маълум қилди. Аслида мазкур семинарни ўтказишга 4 ой аввал келишиб олинган эди. Бироқ ўтган муддат давомида расмий Тошкент анжуманни кечиктириб келди.

“Ҳьман райтс уотч”, “Халқаро амнистия”, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ва “Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи” каби нуфузли халқаро ташкилотларнинг 15 вакили таклиф этилган ушбу анжуманда Андижон воқеасидан кейин илк бор Ўзбекистондаги сўз эркинлиги аҳволи энг кескин тарзда муҳокама этилиши керак.

Октярб ўрталарида Ўзбекистонга қарши санкциялар муҳокамасидан аввал Владимир Норов Брюссел расмийларини Тошкент ҳукуматининг демократик ўзгаришларга мойиллигига ишонтиришга уринди.

Андижонда юзлаб намойишчининг ўлдирилишига жавобан киритилган Европа Иттифоқи санкцияларини расмий Тошкент “адолатсизлик” деб ҳисоблайди ва ўзини инсон ҳуқуқлари масаласида Европа Иттифоқи билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган минтақадаги ягона давлат сифатида тамсил этишга ҳаракат қилади. Мана шундай уринишлардан яна бири сифатида Брюсселда журналистлар олдига чиққан ташқи ишлар вазири Владимир Норов Ўзбекистон ҳукуматининг матбуот эркинлигига оид семинарни ўтказишга рози бўлганини айтди.

“Ўзбекистон томони Европа Иттифоқининг матбуотни эркинлаштиришга доир халқаро семинарни октябр бошида Тошкентда ўтказиш ташаббусини қўллаб қувватлади. Биз шунингдек демократия ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини мустаҳкамлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигимизни тасдиқладик.”- деди В. Норов.

Аслида Норов: “Расмий Тошкент октябр бошида ўтказишга розилик берди”- деб айтаётган семинар ўтган май ойининг охирига белгиланганди. Европа Иттифоқи санкциялар масаласида расмий Тошкентда ён босганидан сўнг, ўзбек ҳукумати кутилмаганда семинарни қолдирдиб, июн ойида унинг ўрнига оммавий ахборот воситаларига бағишланган бошқа анжуманни ўтказди.

Фуқаролик жамиятини тарғиб этувчи, сўз ва матбуот эркинлиги ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи 4 нуфузли халқаро ташкилот ушбу тадбирни “ачинарли фарс”, деб атаган эди.
“Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи” вакили Эндрю Стролайн анжуман арафасида мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновнинг қамалиши ҳамда “Озодлик” радиосига қилинган очиқдан-очиқ таҳдидларини эслаб: “Бу фарсдан ўтиб кетди. Матбуот эркинлиги муҳокама этилаётган бир вақтда режимнинг бундай амалиётларга қўл уришини яна қандай баҳолаш мумкин?! Бу мутлақо сохта анжумандир”,– деди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича вакили Миклош Харашти ЕИ шафеълигида ўтказилиши режалаштирилган семинарнинг бекор қилинганидан афсус билдирганди.
Айни пайтда семинарнин кечиктирилаётгани Ўзбекистон ҳукуматига шундоқ ҳам анча танқидий руҳда бўлган халқаро ташкилотларнинг ҳафсаласини пир қилди. Тошкент учрашувига таклиф қилинган Эндрю Стролайн ўз қарашини АҚШ даги The Wall Street Journal газетасида ифодалаб: “Ўз қилмиши учун Ғарб танқидлари борасида ҳавотирланган ҳар бир диктатор Ислом Каримовдан ўрнак олса бўлади” деб ёзганди.
Унга кўра, расмий Тошкент ҳали бўлиб ўтмаган матбуот эркинлиги семинаридан ўзига кераклигича фойда олиб улгурган.

“Улар матбуот эркинлиги семинарини аллақачон ишлатиб Европа Иттифоқи санкцияларининг юмшатилишига эришиб бўлди. Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг санкцияларни вақтинча тўхтатиб туриш қарорига Ўзбекистон ҳукумати ушбу семинарни ўтказишга розилик бергани таъсир қилди. Лекин ҳукумат ўзига керакли қарорни олиб бўлгандан кейин семинарни бекор қилганди.”- дея эслайди жаноб Стролайн.

Санкцияларнинг навбатдаги муҳокамасидан аввал ташқи ишлар вазири Норов Европа Иттифоқи шафеълигидаги семинарни Тошкентда ўтказиш режаси ҳақида яна бир бор таъкидлади. Бу гал Европа Иттифоқининг санкцияларни мутлақо узайтирмаслиги мумкин. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати ўз лафзида тура олади-ми?

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг вакиласи Элса Видал семинар ўтказилишини Тошкент ҳукуматидан талаб қилишда давом этиш лозимлигини таъкидлайди. “Нима бўлса ҳам, улар қайси кунни белгиламасинлар мен барибир бораман. Чунки бу мамлакатдаги матбуот эркинлиги аҳволи борасидаги ҳавотирларимизни етказиш учун яхши имкониятдир. Биз бирор натижаларга эриша олишимиз борасида шубҳалансак ҳам бунинг учун барча имкониятлардан фойдаланганимиз борасида шубҳадан ҳоли бўлишимиз керак.” – деди Э.Видал.
Москвадаги экстремал журналистика марказининг раҳбари Олег Панфиловнинг айтишича, халқаро ташкилотларнинг сайи-ҳаракатлари Тошкент режимининг матбуотга муносабатини жиддий ўзгартиришга қодир эмас. Бироқ дейди у: “Ҳеч нарса қилмагандан кўра, бирор иш қилиш яхшироқдир. Бундай семинарлар ёрдамида кичик ғоялар мустаҳкамланиб қолса ажаб эмас”.
XS
SM
MD
LG