Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:59

Ўқувчилар мактабда, ўқитувчилар далада


"Мактаб ўқувчилари шу кунгача пахта теримига олиб чиқилмади" деган гапни Озодлик мухбири 16 сентябрь куни уч вилоят – Қашқадарё, Бухоро ва Жиззах вилоятларидаги тингловчиларимиздан эшитди. Маҳаллий раҳбарлар, афтидан, бош вазир Шавкат Мирзиёев 12 сентябрь куни имзолаган қарор талабларини оғишмай бажараётган кўринади. Бироқ...

Қарор матнида "пахта терими" ибораси бирон марта ҳам тилга олинмаган бўлсада, ҳужжатнинг кучи дарҳол сезилди.

Қашқадарёлик фермер Вали ака бу йил пахта экканлигини, пахта терими бошланганлигини, мактаб ўқувчилари унинг даласига бир кун яна қайтиб кетганини, сабабини эса у аниқ билмаслигини лекин унинг ўйлашича, юқоридан рухсат берилмаëтганлигини таъкидлади.

Сирдарё вилоятида ҳам шундай бўлди.

“Қишлоқ хўжалиги бўйича вилоятимиз ҳокимининг ўринбосари Ойбек Шодмонқулович, бир-иккита ўқитувчилардан эшитишимизга қараганда, йиғилишда ўқитувчиларга “Мактабнинг 8, 9 синф болаларини пахтага жалб қиласизлар. Агар жалб қилмасангизлар ëки тескари ташвиқот олиб борсаларинг, сизлар халқ душмани ҳисобланасизлар” деб кўрсатма берган экан. Ҳозирча болалар пахтага жалб қилингани йўқ”, деди собиқ фермер Бозорвой ака.

Бу гап, яъни Сирдарё вилоят ҳокими муовини Шодмонқуловнинг бу гапи тўғрисида кейинги кунларда бир қатор сайтлар ёзди. Суҳбатдошимиз ҳам айтаётган экан, Шодмонқуловнинг ўша гапни айтгани рост бўлиб чиқаяпти. Агар мактаб ўқувчисини пахтага чиқмасин, деган одам Шодмонқулов айтган “халқ душмани” бўлгудай бўлса, демак, бош вазир Мирзиёев “халқ душмани” бўлиб чиқаяпти. Ахир мактаб ўқувчисини пахта теримига жалб этмасликка айнан Мирзиёев имзолаган қарор асос бўляптида.

Ўзбекистон республикаси бош вазири 12 сентябрь куни имзолаган қарор "Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган Ишга қабул қилиш учун минимал ёш тўғрисидаги конвенция ҳамда Болалар меҳнатини таъқиқлаш ва унинг энг оғир шаклларига зудлик билан барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш чоралари тўғрисида", деб аталади.

Лекин Шавкат Мирзиёев “халқ душмани” эмас. Тўғри мактаб болалари у кишининг буйруғи билан бу йил мактабда қолди. Лекин пахта даласи ҳашарчисиз қолмайди. Пахтани ўқувчилар ўрнига ўқитувчилар теряпти.

“Бугун ўқитувчилардан 5, 6 таси келишди. Ўқувчиларни ўрнига ўқитувчилар келаяпти”, деди қашқадарёлик фермер 16 сентябрь куни.

Мана бу эса, Сирдарёдаги вазият.

“Мактаблардаги ўқитувчилар пахтага жалб қилинган. Болаларимиз пахтага бормаса ҳам, ўқитувчилар пахтага жалб қилинганлиги муносабати билан ҳозир ўқишлар бўлиниб қолаяпти. Ўқувчиларни “Ўқисин, билим олсин” деб қолдиришаяптию, бу ëқда ўқитувчиларни пахта теримига жалб қилишаяпти. Болалар барибир шу билимни ола олмасдан қолаяптику. Шу нарса бизни ўйлантираяпти”.

Ҳар нарсани ўйлаб, бошни қотиравермаслик керак, фермер ака.

Масалан, Ўзбекистондаги коллежлар талабалари ҳали болаларми ё аллақачон болалар эмасми, деган масала устида.

Масалан, болани мактабда қолдириб, ўқитувчисини далага ҳайдаган Ўзбекистон ҳукумати бу ҳақда ўйламаган кўринади.

Қашқадарё, Сирдарёда коллежлар ўқувчилари пахтага чиқди.

Коллежлар ўқувчилари Жиззахда ҳам пахтага ҳайдалди. Лекин улар ҳали бола, дейди жиззахлик фермер Мамиржон ака.

Ўзбекистонлик ўғил-қиз коллежга тўлиқсиз ўрта мактабни битиргач, ўтказилади, дейди суҳбатдошимиз.

“Агар бирон бола коллежга бормай қолса, албатта ўша мактабни ўқитувчиси ëки директори жавоб беради. Бунда бола 15, 16 ëш оралиғида бўлади. 15, 16 яшар болалар 9 синфни битириб, коллежга жалб қилинади. Жиззах вилоятидаги барча коллежлар пахтага жалб қилинди. Агар коллеж бўлмаганида ўша бола 10, 11 синфларда ўқиши керак эди. Ҳозир худди мактаб болаларини олиб чиққанга тўғри келаяптида. Чунки улар ҳали балоғат ëшига етмаган болалар”.

Ўзбекистон ҳукумати ўзининг 12 сентябрь кунги қарори билан амал қилишни ният қилгани ҳужжат - Ишга қабул қилиш учун минимал ёш тўғрисидаги конвенциянинг 3-моддасида ўша минимал ёш 18 ёш эканлиги белгилаб қўйилган.
XS
SM
MD
LG