Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:41

“Густав” миллионлаб америкаликларни бесаранжом қилди


“Густав” довули Нью-Орлеан ва АҚШнинг Мексика кўрфази соҳилидаги шаҳарларга яқинлашиб борар экан, 2 миллиондан зиёд одам ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлди.

Довул кучи анча пасайганига қарамай, расмийлар унинг ҳамон жиддий тахдид туғдираётганини айтмоқда. Довул йўлидаги нефть қазиб чиқариш платформалари ёпиб қўйилган.

“Густав” довули мавзуси АҚШнинг аксар телеканаллари эфирларини эгаллади. Республикачилар эса довул сабабли партиянинг душанба кунги қурултойи очилиш маросимини қисқартиришга мажбур бўлди.

АҚШдаги президент сайловида республикачилардан расман номзод сифатида эълон этилиши кутилаётган Жон Маккейн мамлакатга табиий офат таҳдид солаётган пайтда сиёсий тадбирларни четга суриш тўғрироқ бўлишини билдирди.

“Айнан шундай дамларда биз партиямизнинг сиёсий фаолиятини тугатиб, америкаликлар каби иш тутишимиз керак. Биз ҳам 300 миллион фуқароларимизга қўшилишимиз керак. Шунинг учун биз мутлақо зарур тадбирлардан ташқари эртага белгиланган аксар тадбирларимизни тўхтатишга қарор қилдик”,- деди Жон Маккейн.

Президент Жорж Буш ва вице президент Дик Чейни ҳам довул билан машғул бўлганлиги сабабли республикачилар қурултойида иштирок этмасликка қарор қилди.

Айни пайтда АҚШнинг довулларни кузатиш миллий маркази “Густав” довулининг кучи иккинчи тоифагача пасайганини эълон қилди. Бироқ марказ довулнинг ҳамон жиддий таҳдид туғдиришини билдирмоқда.

“Густав” довули ҳозиргача Доминикан ва Кубада 80 кишининг ёстиғини қуритди. Ҳозир “Густав” довули кучи 80 километр соатга тушди.

Уч йил аввал содир бўлган “Катрина” довули сабабли Нью-Орлеан шаҳрининг 80 фоизи сув остида қолганди. “Катрина” оқибатида АҚШнинг беш штатида бир ярим минг киши ҳалок бўлди, мамлакатга 80 миллиард доллар миқдорда зарар етди. “Катрина” туфайли уйини йўқотган одамларнинг кўпчилиги ҳамон ҳукумат томонидан ажратилган кўчма уйларда яшамоқда.

АҚШдаги президент сайловидан аввалги кампания давомида “Катрина” довули оқибатларини бартараф этиш учун етарли чора кўрмаётган Буш бошчилигидаги республикачилар ҳукумати танқид остига олинди.

Демократик партия номзоди Барак Обама эса ўзининг бор кучини довулдан жабр кўрган одамларга ёрдам бериш учун сафарбар этишини таъкидлаб келди.
XS
SM
MD
LG