Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:24

Иттифоқчилар қийин танловда қолди


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:Jsx0LG-qlrGq-M:http://img.rosbalt.ru/pics6/symbol_shos_234.jpg 28 август куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида президент Дмитрий Медведев ташкилотга аъзо Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарларини Грузия айирмачи ўлкалари мустақиллигини тан олишга чақиради.

Ҳақиқатан ҳам Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олган Россия ўз иттифоқчиларини мураккаб танлов олдида қолдирди. Бу масалада яккаланиб қолган Россия учун ШҲТ ва МДҲ аъзоларининг таянчига эришиш принципиал масалага айланган. Бироқ бу борада Душанбедаги саммитдан нималарни кутиш мумкин?

Жанубий Осетия ва Абхазияни йил бошида ўз мустақиллигини эълон қилган Косово билан солиштириб бўлмайди. 17 февраль куни Косово парламенти мустақиллик декларацияси учун овоз берганидан кўп ўтмай дунёнинг ўнлаб етакчи давлатлари ўлка мустақиллигини тан олди. Россия Косово мустақиллигига ҳамон қарши қолаётир.

Тўқсонинчи йиллар бошида ўз мустақиллиги ҳақида эълон қилган Жанубий Осетия ва Абхазияга келсак, сешанба кунигача икки айирмачи минтақа фақатгина бир-бирининг мустақиллигини тан оларди. Энди эса уларни мустақил давлатлар сифатида илк бор Россия тан олди, бироқ яна яккаланиб қолиб, ўз нигоҳини ҳозирча обрўси сақланиб қолаётган постсовет давлатларга бурди. Косоводан фарқли ўлароқ, гап Жанубий Осетия ва Абхазиянинг том маънодаги мустақиллиги ҳақида эмас, балки кўпчилик таҳлилчилар фикрича, бу минтақаларни Россия таркибига қўшиб олиш ҳақида бораётир.

Ҳеч бир давлат раҳбари Россияга жўр бўлиб икки ўлканинг мустақиллигини тан олишга шошилмаётир. Лекин Россия нафақат илтимос ва таклиф, балки мажбур қилиш воситаларига ҳам эга. 28 август кунги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ва ундан кейин Марказий Осиё давлатлари ва хусусан, Ўзбекистоннинг бу масаладаги позицияси қандай бўлади?

Тбилисига сафар қилаётган Жон Ҳопкинс университетининг Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бўйича етакчи таҳлилчиси Сванте Корнел ҳозирча ҳеч бир давлатнинг Россия таклифига қулоқ солмаслигини айтади.

“Менимча, ҳозирги вазиятда ҳеч бир давлат уларнинг мустақиллигини тан олмайди. Ўзбекистон раҳбарига келсак, у давлатнинг ҳудудий яхлитлиги тўғрисидаги халқаро келишувлар ва меъёрларни ҳурмат қилиб, Россия таклифидан юз ўгиради. Менимча, бу масалага аралашиш Ўзбекистон манфаатларига зиддир”, – деди С.Корнел.

Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Иванов Москвага ташриф буюрган ўзбекистонлик ҳамкасби Рустам Азимов билан сўзлашувлари давомида Кавказдаги бўҳрон борасида Ўзбекистон раҳбарияти босиқ ва холис муносабат билдиргани учун минатдорлик билдирди. Ўзбекистон имкон топганда муносабат билдирмаган бўларди ҳам. Лекин ҳозир икки ўлканинг мустақиллигини тан олиш каби сиёсий баёнот мутлақо бошқа масала.

“Россия биз билан бўласизларми ёки Ғарб билан, деган пайтда Ўзбекистонга ўхшаган давлатлар: “Бизга қанақа иқтисодий молиявий ёрдам кўрсатасиз? Сиёсий томондан хавфсизлигимизни таъминлайдиган қанақа кафолатлар берасиз”, деган масалани, албатта, қўяди”,- дейди ўзбекистонлик таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев.

ШҲТ саммитини ёритиш учун Душанбега келган таниқли журналист Аркадий Дубнов Марказий Осиё давлатларининг Россия таклифига ижобий жавоб бериши кўп жиҳатдан Хитойга боғлиқ бўлиб қолишини таъкидлади.

“Тошкент, Душанбе, Бишкек ва Остона авваламбор Хитой позициясига қарайди. Хитой позицияси эса Ху Цзинтао ва Дмитрий Медведевнинг учрашувидан сўнг ойдиналашади. Ҳозирча ҳеч бир давлатнинг Россияни очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлашини тасаввур қилиб бўлмайди”,- деди А.Дубнов.

Хитой Грузия айирмачи ўлкаларининг мустақиллигини эътироф этса, ўзининг Шинжон, Тибет ва Тайванга нисбатан юргизаётган қаттиққўл сиёсатини шубҳа остига қўйиши мумкин. Марказий Осиё давлатлари эса ўзларини четга олишга уринаётган бўлса ҳам Россия ёки Россияга қарши танлов қилишга мажбур.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё борасидаги сиёсатини кузатиш гуруҳи аъзоси, нидерландиялик таҳлилчи Йос Бунстранинг айтишича, жорий вазиятда ҳам Ғарб, ҳам Россия ўртасида мувозанатли сиёсат юргизаётган Қозоғистон учун оғир бўлмайди.

“Бироқ Ўзбекистон учун бу танлов оқ ва қора ўртасида танлаш бўлиб кўринаётган бўлса, ажаб эмас,- дейди у. - Каримовнинг манёвр қилиш имкониятлари камроқ. Чунки унинг авторитар режими Ғарбда қийинчилик билан қабул қилинади. Шунинг учун у Россияни дўст сифатида йўқотса, яккаланиб қолиши мумкин”.

Унинг фикрича, Ўзбекистон ниҳоят Россия позициясини қабул қилишга мажбур бўлади. Бироқ ўз тобеълигини кўрсатмаслик учун ўз қарорни бир қадар кечиктиради.

“Бошқа томондан Каримов учун айнан бугунги вазият Ғарб билан яқинлашишнинг энг қулай фурсатидир”,– дейди нидерландиялик таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG