Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:19

“Озодлик”ка қарши кампания давом этмоқда


Ўзбекистонда “Озодлик/Озод Европа” радиосига қарши кампания давом этмоқда. Наманган телевидениесининг янгиликлар дастурида намойиш этилган лавҳада “Озодлик” радиоси Ўзбекистондаги аёллар ва болаларга маънавий таҳдид солаётгани айтилган.

Наманган телевиденисининг янгиликлар дастурида сўзга чиққан мулозимнинг гапларини соддалаштирадиган бўлсак, “Озодлик” радиосини тинглаётган Ўзбекистон фуқаролари онгида мафкуравий бўшлиқ пайдо бўлган, уни тўлдириш учун эса уларнинг онгига миллий мафкурани жойлаштириш керак.

Бундай чора-тадбирларни Ўзбекистон мулозимлари жиддий муҳокама этмоқда.

Аммо бугунги кунда Ўзбекистонда бирор бошлиқ бўлса ҳам, “бу авваламбор эркин ва мустақил ахборот бўшлиғидир,- дейди Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи вакили Эндрю Стролайн. - Ўзбекистон эркин ахборотнинг йўқлигидан азият чекмоқда. Бу мамлакатда ҳеч қандай мустақил газеталар ёки мустақил радио ва телевидение мавжуд эмас. Одамлар ахборотни ташқаридан “Озодлик” радиосидан оляпти. Бу эса ҳукуматнинг жаҳлини чиқаряпти. Фикримча, улар “Озодлик” радиоси ҳақида қанчалик кўп гапирса, шунчалик яхши, чунки шунчалик кўп одам ҳақиқатни айтаётган радионинг борлиги ҳақида билиб олади”,- дейди Э.Столайн.

“Озодлик” радиоси ҳақида берилаётган антирекламани ҳам реклама, деб ҳисоблаш мумкин, лекин хорижий журналистларнинг Ўзбекистондаги оила аъзолари ҳақидаги маълумотнинг ошкор этилгани таҳдид ўлароқ қабул қилинмоқда.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти бутун халқаро жамоатчиликни “Озодлик” радиосини Ўзбекистон ҳукуматидан ҳимоя қилишга чақирди. Ташкилот вакиласи Вероника Санта Гольдстон: “Оила аъзоларининг бу каби ошкор этилиши ва уларнинг давлат душманлари сифатида тақдим этилиши жиддий хавотирланишга асос беради. Бу нафақат уларнинг хавфсизлиги, балки бунинг кенгроқ миқёсдаги сиёсий оқибатлари борасида ташвиш уйғотади. Биз халқаро жамоатчиликка, айниқса, ЕИ ва АҚШ ҳукуматига мурожаат қилиб, бу амалиётни энг юқори даражада ва энг кескин тарзда қоралашга ва журналистлар ва уларнинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлашга чақирамиз”,- деди.

Айни пайтда Европа Иттифоқи ва АҚШ ҳукумати “Озодлик” радиосига қарши амалиётлар юзасидан Ўзбекистон ҳукумати билан сўзлашувларга тайёргарлик кўрмоқда. Европа Иттифоқи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигининг поймол этилиши билан боғлиқ воқеалар борасида ҳукуматга мунтазам равишда демарш эълон қилиб боради. Июль ойида Европа Иттифоқига аъзо давлатлар вакилларидан таркиб топган нуфузли гуруҳ Тошкентда бу борада мулоқотлар ўтказади ва Брюсселга қайтиб Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан кейинги чораларни белгилаб беради.

Европа Иттифоқи ташқи алоқалар комиссари матбуот вакили Кристиана Ҳохман “Озодлик” радиоси ва сўз эркинлиги масаласи Ўзбекистон ҳукумати билан олиб борилаётган инсон ҳуқуқлари мулоқоти таркибига киритилганини айтди.

“Биз инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлини ҳимоя қилиш масаласида Ўзбекистон ҳукумати билан мунтазам алоқадамиз. Бу мулоқотимиздан кўзланган асосий мақсад юқоридаги масалалар бўйича натижаларга эришишдир”,- деди К.Ҳохман.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг оммавий ахборот воситалари бўйича вакили Миклош Харашти 3 июль куни ташкилотга аъзо давлатларга махсус ҳисоботни тақдим этади. Ушбу ҳисоботда “Озодлик” радиосига қарши ҳамлаларнинг кескин қораланиши кутилмоқда.

Айни пайтда вилоятлар даражасида “Озодлик”ка қарши чора-тадбирлар муҳокама этилаётир. Халқаро жамоатчилик “Озодлик” радиосига қарши ушбу ҳаракатларни қоралаб чиқмоқда.
XS
SM
MD
LG