Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:31

Конрад Аденауэрнинг ҳам ҳафсаласи пир бўла бошлади


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:_u09Dp1PGQVGqM:http://www.cdyu.org/ukr/index_img/konrad_adenauer_stiftung_s.JPG Европа Иттифоқи ва Конрад Аденауэр жамғармаси умумий қиймати бир миллион евродан зиёд баҳоланган Ўзбекистондаги энг йирик қўшма медиа-лойиҳасини ёпишга мажбур бўлди.

Конрад Аденауэр жамғармасининг билдиришича, мамлакатда мустақил матбуот ривожига катта ҳисса қўшиши кутилган ушбу лойиҳа ҳукумат томонидан чегаралаб қўйилди ва шу сабабли уни давом эттириш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилди.

Кузатувчилар лойиҳани шу тарзда тугатишга мажбур бўлган ЕИ ниҳоят бу мамлакатда эркин матбуотни ривожлантириш имконсиз бўлиб қолганини эътироф этганини таъкидламоқда.

Конрад Аденауэр жамғармасининг Брюсселдаги вакили Питер Кёппингер ЕИ молиялаштирган лойиҳанинг тақдири муваффақиятсизлик билан якун топганидан афсус билдирди.

“Ўзбекистон ҳукумати яшил чироқ берганидан кейин биз жуда амбициоз лойиҳани бошлаган эдик. Нафақат журналистларни тайёрлашимиз учун, балки уларнинг эгаллаган малакаларини тадбиқ этишига ҳам розилик берилди. Лойиҳанинг очилишида ҳатто ташқи ишлар вазири иштирок этган эди. Бир-икки ой давомида ишларимиз аввал режалаштирилгандай бошланди”,- дейди Питер Кёппингер.

Аммо унинг айтишича, ўтган йили Ўзбекистондаги президент сайлови олдидан ҳукумат лойиҳа фаолиятини чеклай бошлаган ва унга мутлақо ҳукумат назоратида бўлган ташкилотлар жалб этилишини талаб қила бошлаган. Ҳукумат талабига биноан, ушбу лойиҳа ўз фаолиятини журналистлар учун семинарлар ўтказиш ва Интернет клубларини очиб бериш билан чеклаши лозим эди. Юз минглаб евро пулнинг эса ҳукумат буюрмасини бажарадиган нодавлат ташкилотлар томонидан ўзлаштирилиши кўзда тутилганди.

“Бу талабларни қабул қилмадик ва ўтган йилги музокаралар давомида сайлов ўтиб бўлгунга қадар кутишга қарор қилдик. Сайловдан кейин улар ўз муносабатини ўзгартирмади ва биз Европа комиссияси билан маслаҳатлашиб бу лойиҳани яна бир неча ойга музлатишга келишдик. Ниҳоят ҳозирга келиб, бу лойиҳани ёпиб ташлашдан ўзга чорамиз йўқлигини англадик”,– дейди Питер Кёппингер.

Айни пайтда лойиҳага ҳамкор бўлган Ўзбекистондаги ҳукуматпараст нодавлат ташкилотлар ЕИ молияни аямаган лойиҳанинг тугатилганига ишонгиси келмаяпти.

“Озодлик” радиоси билан суҳбатда бўлган Журналистлар малакасини ошириш маркази раҳбари Гулнора Бобожонова аввалига лойиҳани чеклаган ҳукумат фаолиятини оқлашга ҳаракат қилиб сўнг: “Лойиҳа тўхтатилса, биз ҳам ачинардик. Лекин ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлиб кетади”,- деди.

Сўз эркинлигини бўғаётган ва журналистларни таъқиб этаётган Ўзбекистон ҳукумати билан келишиб ушбу ташаббусни бошлаган ЕИ ва Конрад Аденауэр жамғармаси халқаро ташкилотлар томонидан кескин танқид остига олинганди. Лекин ушбу танқидларга жавоб бериш мавриди эндигига етиб келган кўринади.

“Бу каби авторитар давлатда нима ҳам қилиш мумкин, дейиш осон эди. Лекин улар бизга рухсат бераётгандек эдилар. Ҳаракат қилинмаса, ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди. Охир-оқибат ҳаракатларимиз иш бермади. Энди нима ҳам қила оламиз”,- деди жамғарма вакили Питер Кёппингер.

Шу тариқа Конрад Аденауэр жамғармаси ва ЕИ Ўзбекистонда мустақил ва эркин матбуотни ривожлантириш имконсизлигини эътироф этаётгандек.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг Берлиндаги вакиласи Элке Шрафтер бу ЕИ учун яна бир дарс бўлишини айтиб: “Хўш, мана энди улар Ўзбекистон ҳукуматига ишониб бўлмаслигини кўряптиларми”,- деди.
XS
SM
MD
LG