Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:45

Интернетни чеклаш тескари натижа бермоқда


Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилувчи аксар сайтлар расмийлар томонидан блок қилинаëтир.
Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилувчи аксар сайтлар расмийлар томонидан блок қилинаëтир.

Прагада таҳсил олаётган Акмал исмли талаба навбатдаги ўқув мавсумини тугатиб, Тошкентга отланаётган эди. Акмал гўё Интернет оламида бир нарсани йўқотгандай кечаси билан ухламай сайтларни бирма-бир титкиларди.

“Фарғона.ру” сайтига кириб, Туркиядаги ўзбеклар ҳаётига оид мақолаларни ўқидингизми? Зўр экан”,- деди бир маҳал. Сўнг форумга алланарсаларни ёзди ва “Озодлик” сайтига кириб: “Сайтни янгиласаларинг бўлмайдими”,- дея танбеҳ берди. Акмал тинмай бир сайтдан иккинчисига сакрайвериб Тошкентда булар очилмайди, дея кимларнидир сўккандай бўлди ҳатто. Ўзбекистонда блок қилинган сайтлар билан бундай видолашув мени ҳайратлантирди.

Акмалга ўхшаган минглаб талабаларнинг нидосини эшитгандай эртаси куни Ўзбекистон борасида мустақил ахборот тарқатувчи сайтлар мамлакатдаги Интернет цензурасига қарши муддатсиз кампанияни бошлаб юборди. Ҳозирча ушбу кампанияга қўшилган сайтлар ўзининг бош саҳифасига “Бу сайтга Ўзбекистонда тўсиқ қўйилган”, деб ёзилган муҳрини жойлаштирди.

Ушбу норозилик амалиётининг ташаббускорларидан бири “Фарғона.ру” сайти бош муҳаррири Даниил Кисловнинг айтишича, акциядан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ҳукумати томонидан блок қилинган сайтларнинг қанчалик кўплигини кўрсатишдир.

“Бу акция аввал дўстларимиз, ҳамкорларимиз билан бирга ўтказганимиз бир қанча тадбирларнинг биридир. Бу сафар янги акция ўтказиб, Ўзбекистонда қанча кўп сайтга тўсиқ қўйилганига ўқувчилар эътиборини қаратмоқчимиз”,- деди Даниил Кислов.

Ушбу пассив акция яқин-яқингача Интернетни тўсаётган ҳукуматлар ва мустақил сайтлар ўртасидаги мавжуд бўлган қандайдир “статус кво”нинг бир кўринишига ўхшайди. Бир-бирига тоқат қилмайдиган томонлар ўртасида вазият кескинлашмасди. Бироқ сўнгги пайтлари чексиз молиявий имкониятга эга бўлган Интернет душманлари мустақил сайтларга қарши ҳужумга ўтишга тайёрлигини намойиш этди. Интернетдаги цензурасига қарши акция бошлашидан кўп ўтмай “Фарғона.ру” ва “Ўзньюс.нет” сайтларига шундай ҳамлалар бўлди.

Аввалроқ эса “Озодлик/Озод Европа” радиосининг ўнлаб сайтлари бир неча кунда давомида бундай ҳужумларга тутилганига муносабат билдирган радио президенти Жефри Гедмин: “Биз ахборот узатаётган давлатларда эркин ва мустақил матбуот бўлганда эди, у ерда ишламаган бўлардик. Собиқ совет давлатлари, Эрон ва шунга ўхшаш бошқа давлатлар бир мақсадни кўзлайди. Улар эркин ахборот фуқаролик жамиятининг кислороди эканини билади ва бу кислородни бўғиш учун қўлларидан келган барча ишни қилади. Тўлқинларни бўғади, киберҳужумлар уюштиради. Ману шу уларнинг қилаётган ишлари”,– деган эди.

Бу каби киберҳужумларнинг олдини олиш масаласини ҳатто НАТО ўзининг кун тартибига киритган.

Бахтимизга киберҳужумлар ёрдамида бирор сайтни ҳозирча мутлақо ишдан чиқариш мумкин эмас. Шунинг учун Интернет цензурасига қарши сиёсий ва техник усуллар билан курашиш энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолаётир. Интернетга қўйилган тўсиқларни четлаб ўтиш учун анча компьютер ўқуви лозим бўлади. Бироқ бундай ўқувга эга бўлган ёшлар курашсиз таслим бўлмайдиганга ўхшайди.

“Ўзбекистоннинг оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунининг 7-бандида цензура йўқлиги айтилган. 5-бандида эса Ўзбекистонда ОАВнинг мустақил фаолият олиб бориши мумкинлиги таъкидланган. Ўзбекистонда цензура борлиги ва давлат одамларни алдаётгани учун ҳам курашиш керак. Унинг учун Ўзбекистон ичидаги одамлар онгини шунга етказиш керак. Ёпиқ эшикка ташқаридан минг бор жар солинг, ичидаги одамлар эшитмаса, сизга биров бу эшикни очмайди”,- дейди Интернет цензурасига қарши ёш блоггерлар ҳаракати фаоли.

Айни пайтда Интернет цензурасидан воз кечгани сабабли ҳеч бир давлатда ижтимоий портлаш ёки режимлар ағдарилиб кетгани кузатилмаган. Киберҳужумлар ҳужум уюштирилаётган сайтларнинг нуфузини кўтараётган бўлса, Куба, Вьетнам, Шимолий Корея ва Мьянма билан бир қаторда “Интернет душманлари” элита клуби аъзоси бўлмиш Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро обрўсига жиддий путур етказмоқда.

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов таъкидича, Ўзбекистон ҳукуматининг Интернетни чеклаётгани мутлақо тескари натижаларни бермоқда.

“Ўзбекистондаги сиёсий элитанинг бир қисми вазиятнинг беқарорлашиб кетишидан ва назоратдан чиқиб кетиши мумкинлигидан хавотирда. Аслида фуқаролик жамиятининг ривожланиши ва шу аснода Интернет цензуранинг бекор қилиниши Каримовнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириши ва унинг Ғарб давлатлари билан мулоқотини енгиллаштириши ҳақида ҳеч ким ўйлаётгани йўқ. Шунинг учун ҳамма нарсанинг сиқув остига олинаётгани, сўз эркинлигининг чекланаётгани ҳатто мавжуд тузум манфаатлари нуқтаи назаридан ҳам тескари натижалари бермоқда”,– дейди Алишер Илхомов.

Лекин мени кўпроқ ҳозир Тошкентга етиб борган Акмалнинг манфаатлари, унинг ҳозир Ўзбекистондаги чекланган Интернетдан қанчалик ҳафсаласи пир бўлаётгани кўпроқ қизиқтирмоқда. Зеро, Ўзбекистонда унга ўхшаган миллионлаб ёшларнинг дунёқарашини ҳукумат ташвиқоти ҳам эмас, кўча шакллантириши мумкин.
XS
SM
MD
LG