Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:24

Россиянинг янги президенти Ғарбга илк сафарини бошламоқда


Пайшанба куни Дмитрий Медведев Россиянинг янги президенти сифатида илк бор Германияга сафар қилади. Бу ерда у Германия канцлери Ангела Меркел ва бошқа расмийлар билан сўзлашувлар ўтказади.

Д.Медведевнинг Россия президенти сифатидаги Ғарбга илк ташрифи атиги 8 соат давом этади. Лекин бу қисқа ташриф ҳам Д.Медведев ўз ўтмишдоши Владимир Путиндан фарқли ўлароқ, қанчалик либерал эканини ойдинлаштириши мумкин.

Бош вазир лавозимини эгаллаган В.Путин ўтган ҳафтада президентдан аввал Францияга ташриф буюриб, сувни булғаб улгурганди.

Россия масалалари бўйича сиёсий таҳлилчи Евгений Волк сўзларига кўра, Россиянинг янги президенти В.Путин томонидан танланган ташқи сиёсат йўналишидан чекинмайди. Европада Россия одатдагидек кўпроқ Германияга мойиллик кўрсатади. Чунки Германия Россиянинг энг яқин сиёсий ва иқтисодий ҳамкоридир. Ушбу ташрифи билан Медведев аввалги сиёсий йўналишни давом эттирмоқда. Биринчи ташриф учун айнан Германия танлангани ҳам бежиз эмас”.

Президент сифатидаги илк сафарини Д.Медведев Хитой ва Қозоғистонга қилди. Бироқ таҳлилчилар Д.Медведевнинг Германияга ташрифи Россиянинг ҳамон Ғарб билан ришталарни мустаҳкамлашга қизиқишини кўрсатишини айтмоқда.

Германия Россиянинг асосий савдо ҳамкоридир. Давлатлар ўртасидаги товар айрбошлаш ҳажми 53 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Айни пайтда давлатлар биргаликда Болтиқ денгизидан ўтувчи газ қувурини қурмоқда.

Албатта, Ғарб раҳбаридан биринчи бўлиб Россиянинг янги президенти билан учрашаётган Германия канцлери Ангела Меркел Д.Медведев ҳақида яхшироқ тасаввурга эга бўлиш ниятида. Ҳар қалай Д.Медведев ўзининг ўтмишдоши, собиқ КГБ агенти В.Путиндан либералроқ экани айтилмоқда.

Меркел Медведевнинг суд-ҳуқуқ тизимига кўпроқ мустақиллик бериш ва коррупцияга қарши курашишга ваъда берганидан ўзининг хурсанд бўлганини айтган бўлса ҳам у ҳамон Россия ҳукуматининг асосий танқидчиси бўлиб қолаётир. Пайшанба куни Д.Медведев билан учрашуви давомида А.Меркел Россиядаги демократия, инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши ва сўз эркинлигининг бўғилаётгани борасидаги Ғарб хавотирларини унга етказиш ниятида.

Бироқ Берлиндаги Маршалл жамғармаси таҳлилчиси Йорг Химелрейх фикрича, Россия каби давлатнинг ички ёки ташқи сиёсатига таъсир қилиш жуда оғир.

“Демократия ва ташқи сиёсатни қандай юритиш кераклиги борасида ўқитилаверган Россиянинг тоқати тоқ бўлгандир. Шунга қарамай, Россиянинг ички ва ташқи сиёсати унинг АҚШ ва Европа кенгаши билан ҳамкорлик доирасида олган мажбуриятларга тўғри келмаслигини билдириш жуда муҳимдир”,– деди берлинлик таҳлилчи.

Германиянинг шарқий коммунистик қисмида вояга етган А.Меркелнинг собиқ КГБ зобити В.Путин билан алоқалари унча яхши эмасди. Шунинг учун собиқ ҳуқуқшунос Д.Медведев билан яхшироқ муносабат ўрнатиш мумкинлигиги умид қилмоқда. Бироқ ўртадаги келишмовчиликларга қарамай, Меркел ва Путин ўртасида кўпроқ ўхшашликлар борлигини айтади сиёсий таҳлилчи Евгений Волк.

“Меркел ва Путин бир авлод вакилларидир. Медведев эса улардан анча ёш. Медведевнинг Германияга шахсий мойиллиги йўқ. У Путин каби немис тилида ҳам гапирмайди. Шунинг учун яқин муносабатлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бундан ташқари, А.Меркелнинг ёши каттароқ бўлгани учун сўзлашувлар давомида у Д.Медведевга юқоридан қараши мумкин”,– дейди Евгений Волк.

Дмитрий Медведев Берлинга сафари давомида сармоядорлар ва парламент вакиллари олдида нутқ сўзлайди. Ташриф сўнггида Д.Медведев ва А.Меркел журналистлар саволларига жавоб беради.
XS
SM
MD
LG