Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:37

Сайлов зўравонликлар билан ўтди


Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлиш йўлида сиёсий ва этник муаммоларга дуч келаётган Македонияда парламент сайлови куни содир бўлган зўравонликлар оқибатида бир киши ўлдирилди, бир неча одам жароҳатланди.

Пойтахт Скопье шарқидаги Арачиново туманида содир бўлган отишмалардан сўнг бу ердаги сайлов вақтинча тўхтатиб қўйилди. Яна бир отишма сайлов участкаси сифатида хизмат кўрсатган пойтахтдаги Чаир туманидаги мактаблардан бирида содир бўлди. Давлат ахборот агентлиги яна бир неча минтақаларда зўравонликлар содир бўлгани ҳақида хабар тарқатди. Ушбу ҳодисалар сайловолди кампанияси давомида содир бўлган зўравонликлар, шу жумладан, рақиб этник албанлар ўртасидаги отишмаларнинг давомидир.

Апрель ойида бош вазир Никола Груевски ўз партиясининг парламентдаги етакчилигини сақлаб қолиш учун сайлов ўтказилиши ҳақида эълон қилганди.
Сайлов ўтказиш қарори мамлакатда юзага келган вазият туфайли ҳукмрон ҳукумат коалицияси ортиқ ишлай олмаслиги ойдинлашиб қолганидан сўнг пайдо бўлди. Аввалига парламент аъзолари қўшни Косово мустақиллигини эътироф этиш ёки этмаслик масаласида келиша олмади. Кейин Греция Македониянинг НАТОга қабул қилинишига қарши чиқиб, Македония ҳукуматидаги бўлинишни кучайтирди.

Греция ҳукумати Македония давлати ўз номини Грециянинг бир минтақасидан олганини даъво қилиб, бу ном ўзгартирилишини талаб қилмоқда.

Бугун Косово ва НАТО масалалари кўп жиҳатдан Македониянинг кейинги сиёсий йўналишини белгилаб бериши керак. Айни пайтда сайловда етакчилик қилаётган бош вазир партияси Греция босими сабабли мамлакат ўз номини ўзгартирмаслигига, ЕИга аъзо бўлиб кириш учун лозим ислоҳотлар ўтказиш ва иқтисодни ўнглашга ваъда бермоқда.

“Янги қарорлардан қўрқманг! Масъулиятдан қочманг ва ўн йиллар давомида сизни қийнаб келган ҳис-туйғуларни билдиришдан қўрқманг! Сиз ҳам ўз мамлакатингизни севишга ва ватанпарвар бўлишга ҳақлисиз. Сиз ҳам Европага ғурур билан киришга ҳақлисиз”, – деганди жума куни ўз партияси анжуманида сўзга чиққан бош вазир.

Ушбу мурожаатлар ўз натижасини берадиган кўринади. Сўров натижаларга кўра, Н.Груевски партияси сайловчиларнинг камида 31 фоиз овозини олиши кутиляпти.

Македониядаги сайлов хавфсизлигини таъминлаш учун 13 минг полициячи жалб қилинди. Уни 6 200 та, жумладан, 500 халқаро кузатувчи кузатди.
XS
SM
MD
LG