Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:40

Шимолий муз океанини тақсимлаш бошланаётир


Арктика давлатлари вакиллари Гренландиянинг Илюлисат шаҳрида учрашиб, Шимолий муз океанини тақсимлаш ва у ерда ўз ҳудудий дахлсизлигини ўрнатиш масаласини муҳокама этди.

Нефть ва газ захираларига бой экани айтилаётган океан тубини ўзлаштириш учун Канада, Дания, Норвегия, Россия ва АҚШ даъвогарлик қилмоқда.

Айни пайтда об-ҳавонинг глобал илиқлашуви сабабли яқин йилларда сув сатҳидаги музлар эриб, бу захираларни ўзлаштириш имконияти пайдо бўлиши айтилмоқда.

Илюлисатдаги анжуман, сиртдан қаралганда, дипломатларга хос ахлоқ-одоб доирасидан чиқмаётир. Бироқ анжуманнинг барча иштирокчилари Арктика сувлари устидан эгалик қилиш ўз давлати учун ҳаёт-мамот масаласи эканини жуда яхши англайди.

Арктикада дунёнинг ўзлаштирилмаган нефть ва газ захираларининг тўртдан бир қисми бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бу эса захираларга ташналиги ортиб бораётган ва улардан ўзига имкони борича катта улушни олишни истаётган дунё давлатлари учун ҳақиқий топилмадир.

Дания ташқи ишлар вазири Пер Стиг фикрича, бу захираларга эгалик қилиш мақсадида ҳар бир давлат босиқлик билан ҳаракат қилиши керак.

Бироқ Шимолий муз океани бўйидаги давлатларни ўтган йили Россиянинг бу ҳудудда сув қаърига ўз байроғини ўрнатиши жуда асабийлаштирди.

Ўшанда Канада ташқи ишлар вазири бўлган Питер Макай Россияга маломатлар ёғдириб, байроқ ўрнатиб ҳудудларга даъвогарлик қилиш вақти аллақачон ўтиб кетганини айтганди.

“Арктикада Канаданинг улуши борлиги борасида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Буни биз аниқ-тиниқ тарзда ифодалаганмиз. Биз аллақачон бу Канаданинг сувлари ва Канаданинг мулки эканини белгилаб олганмиз”,– деганди Питер Макай.

Бироқ муаммонинг ечими бунчалик осон эмас. 1982 йилда БМТ томондан қабул қилинган Денгиз қонуни конвенциясида ҳар бир давлат ўз соҳилидан 370 километр масофадаги денгиз тубига эгалик қилиши мумкинлиги айтилган. Бунинг учун ўша ердаги денгиз тубининг бу давлатга қарашли континентал шельфнинг давоми эканини исботлаш кифоядир.

Жорий ҳафтада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Шимолий муз океани қаърига байроқ ўрнатгани Россиянинг ўша ҳудудларга даъвогарлик қилишини англатмаслигини айтганди. Бироқ айни пайтда у экспедициядан кўзланган мақсад Россиянинг континентал шельфи Шимолий қутбгача чўзилганини исботлаш бўлганини билдирди.

“Бу экспедициянинг мақсади у ерга чегара постини жойлаштириб Россиянинг ҳуқуқини талаб қилиб эмас, балки бизнинг шельфимиз Шимолий қутбгача чўзилганини исботлашдир. Бунинг учун эса муайян илмий усуллар бор”,- деди Сергей Лавров.

Гренландиядаги анжуманда Сергей Лавровдан ташқари АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Жон Негропонте, Дания ва Норвегия ташқи ишлар вазирлари Моллер ва Гар Стур, шунингдек, Канада табиий захиралар вазири Гари Лун иштирок этмоқда.
XS
SM
MD
LG