Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:35

Ўзбекистон ЕИнинг умидини яна оқламади


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:Z14OG0GPPQsUwM:http://www.hrw.org/iff/2004/images/logoCMYK_small.gif Ўзбекистон Адлия вазирлиги “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти томонидан мазкур мамлакатга вакил қилиб юборилган Игорь Воронцовга аккредитация берилмаслигини маълум қилди.

Вазирлик ўз қарорини И.Воронцовнинг етарли тажрибага эга эмаслиги ва ўзбекистонликлар менталитетини билмаслиги билан изоҳлади.

“Озодлик” билан суҳбатда И.Воронцов Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу иддаолари ҲРУ фаолиятига йўл қўймаслик учун бир баҳонадан ўзга нарса эмаслигини айтди.

“ҲРУ вакилига аккредитация рад этилиши Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари масаласида конструктив ҳамкорлик қилишга мутлақо тайёр эмаслигини кўрсатмоқда. Бизнинг фаолиятимиз уларга шунчаки ёқмаяпти”,- деди И.Воронцов.

Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда фаолият юритган деярли барча хорижий ташкилотларни ҳайдаб чиқарди. Бевосита ҲРУга босимлар 2004 йилдан буён давом этаётир. Аввал ташкилот вакиласи Алисон Гилл мамлакатдан чиқариб юборилган, сўнг бошқа вакиласи Андреа Берг аккредитациясидан маҳрум этилганди. Энди Игорь Воронцовнинг фаолияти мақсадга мувофиқ эмас, деб топилди.

Шу сабабли ҲРУ дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи энг нуфузли ташкилот Европа Иттифоқини Ўзбекистон ҳукуматини қоралашга чақирди.

“Биз Ўзбекистон ҳукумати токи ўз қароридан қайтмагунча, бу ҳукуматни демарш қилишга чақирамиз”,– дейилади ташкилот ЕИга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари ва тузилманинг бошқа юқори мартабали расмийларига йўллаган мактубда.

ҲРУ Ўзбекистон ҳукуматининг бундай қадами учун ЕИнинг санкцияларни юмшатиш қарорини айбламоқда.

“Ташкилотимиз вакилига аккредитация берилмагани ЕИ Ўзбекистон ҳукуматига босимни барвақт тўхтатганининг бевосита натижасидир”,- дейилади мактубда.

“ЕИ санкциялари шу қадар ноизчил бўлдики, Ўзбекистон ҳукумати бундан нотўғри хулосалар ясаб, мамлакатда мустақил фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини таъқиб этишда давом этаётир”,- деди И.Воронцов.

Тошкентни тарк этишга мажбур бўлган ҲРУ вакили мамлакатда ўтказган 3 ой муддат давомида у ердаги инсон ҳуқуқлари вазияти абгорлигича қолаётганини кузатганини қайд этди.

“Бу мамлакатда инсон ҳуқуқларини шафқатсиз поймол этиш давом этаётганини кузатдим. Қийноқлар ва коррупция гуркираб ривожланмоқда, шу боис, бу иллатларга қарши ишимиз учун у ерда чексиз зарурат бор. Мени, айниқса, қамоқхоналардаги ваҳшийликлар, сўз эркинлиги йўқлиги ва диндорлар таъқиб этилаётгани хавотирга солмоқда”,- деди И.Воронцов.

Ўтган ойда ЕИ кенгашининг Ўзбекистонга қарши санкцияларни юмшатиши, хусусан, Андижон қирғинига масъул кўрилган шахсларга нисбатан жорий этилган виза тақиқини тўхтатиб туриш қарори Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти бир қадар яхшилангани билан изоҳланганди. Тузилманинг бу борадаги позициясини ҳимоя қилган ЕИнинг Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел ҲРУ Ўзбекистондаги фаолиятини тиклай олганини олқишлаганди.

“Мен ҲРУ ўзининг жойдаги вакилига эга бўлганини олқишлайман. Бунга ҳам ЕИ ушбу ташкилотни ҳимоя қилгани сабабли эришилди. Биз уларнинг фикрларига доимо рози бўлмасак ҳам уларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилиб борамиз”,– деганди ЕИ расмийси.

Унинг бу гапларидан кўп вақт ўтмай, Ўзбекистон ҳукумати ҲРУ фаолиятига яна тўсқинлик қилмоқда. Дарҳақиқат, ҲРУ ҳам буни аввалдан кўра билганга ўхшайди.

“ЕИнинг айрим давлатлари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини яхшилаш борасида бирор натижага эришиш учун бу ҳукуматни рағбатлантириб бориш керак, деб иддао қилади. Бироқ йиғилган бир неча йиллик тажриба ЕИни Тошкент фақат босим остида бирор ижобий иш қилишига ўргатиши керак эди”,- дейилади ҲРУ ЕИга йўллаган мурожаатда.

26 май куни ЕИ кенгашининг навбатдаги анжумани давомида тузилманинг ҲРУ мурожаати юзасидан муносабат билдириши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG