Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:31

Андижонда аслида нима бўлган эди?


2005 йилнинг 13 майи куни Андижонда аслида нима бўлган эди? Бу содда ва лўнда саволнинг жавобини фақатгина воқеалар силсиласидан топиб бўлмайди, албатта. Андижон воқеалари ҳақида ёзилган юзлаб саҳифалик ҳисоботлар, воқеа гувоҳлари, журналистлар ва таҳлилчилар фақатгина воқеанинг эҳтимолий версияларини илгари суради.

Бу версиялардан ўзига ёққанини ҳар ким танлаб олиши мумкин, бироқ танлаш чоғида бир қатор ўзига хос жиҳатларни инобатга олиш зарур бўлади.

Авваламбор, Андижон воқеаларидан олдин ҳам кўп йиллар давомида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий вазиятга баҳо берган нуфузли халқаро ташкилотлар бир кун келиб фуқароларнинг қўзғалиши мумкинлигини башорат қилганди.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи собиқ вакили Майкл Ҳоллнинг Андижон воқеалари юзасидан ўтказган чуқур таҳлили айнан шуни кўрсатиб беради.

“Андижон фожеасидан аввалги ва кейинги сиёсий шароит ҳам ўзгаришсиз қолаётир. АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон фуқаролари ҳокимиятни тинч йўл билан алмаштириши мумкинлигига ҳамон шубҳа билан қарайди. Лекин Андижон қўзғолонининг мақсади ҳукуматни эмас, балки ҳукуматнинг халққа муносабатини ўзгартириш бўлган”,- дейди Майкл Ҳолл.

Хориж кузатувчилари Ўзбекистон ҳукуматининг репрессив сиёсати ва суд-ҳуқуқ тизимидаги адолатсизликлар оқибатлари ҳақида огоҳлантириб келганди. Андижондаги вазиятни ёқиб юборган воқеа ҳам айнан вилоят судида диний экстремизмда айбланган тадбиркорлар устидан кечган суд жараёни бўлгани маълум.

Андижон миқёсида анча муваффақиятли бизнесни ташкиллаштира олган бу тадбиркорларни “акрамийлар”, деб аташади. Бироқ уларнинг ҳам маҳаллий ҳокимият вакиллари билан қоришиқ фаолият юритгани ва таъқибга учрай бошлаши бизнес манфаатларнинг тўқнаш келгани билан боғлиқ бўлгани айтилади. Андижон фожеасидан бир кун аввал вилоят суди олдида акрамийлар уюштирган намойишни кузатган “Би-би-си” мухбири Моника Уитлок уларнинг ташкилотчилик қобилиятини алоҳида қайд этади.
“Бу намойиш мен Ўзбекистонда кўрган барча норозиликлардан фарқ қилишини сездим. Соат 10га қадар суд биноси ташқарисида қарийб 3000 намойишчи йиғилиб улгурган эди. Улар яхши кийинган, нима қилаëтганини яхши билгани сезилиб турар эди. Намойиш мукаммал режа асосида ташкиллаштирилган эди”,- дейди Моника Уитлок.

Андижон фожеаси акрамийларнинг ўз сафдошларини қутқариш учун 13 май куни кечаси аввал пост–патрул хизмати штабига, сўнг 34-ҳарбий горнизонга ва ниҳоят Андижон қамоқхонасига ҳужум қилиб, маҳбусларни озод қилиб юборгани эмас, албатта. Уларнинг вилоят ҳокимлиги биносини эгаллаб олгани ҳам фожеа эмас эди ҳали.

Ўз ҳаракатларини қуролли ғалаён ташкилотчиларидан бири Шарифжон Шокиров қуйидагича изоҳлаганди:

“Кеча кечқурун бошланди. Халқ қўллагани учун биз кўтарилдик. Гарнизонга кириб қуролни олдик. Қурол бизга бировга ҳужум қилиш ëки ўлдириш учун эмас, ўзимизни ҳимоя қилиш учун керак эди. Бизга бошқа нарса керакмас. Биз ўзимизга нисбатан адолатли ҳукм бўлишини талаб қиляпмиз, холос. Шуни яхшилик билан тушунмади булар. Ўзимизни ҳимоя қилишимиз учун куч керак бизга”.

Ш.Шокиров вилоят биноси ишғол қилинган пайтда ўлдирилган. Акрамийларнинг ҳеч қандай истиқболга эга бўлмаган бу умидсизлик ҳаракатларига ҳукуматнинг жавоби ва ўз дардини айтиб намойишга йиғилган юзлаб андижонликларнинг ўққа тутилиши халқаро жамоатчиликни жумбушга келтирди.

Бобур майдонида ўша куни ўлдирилганларнинг сони энг катта сирлардан бири бўлиб қолаётир. Ҳукумат эътироф этган қурбонлар сони 200 нафарга етмайди. Воқеа гувоҳлари ўша куни мингга яқин одам ўлдирилган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг собиқ ходими Арслон Холмуҳаммедов фикрича, айнан қуролланмаган тинч аҳолига қарши қурол ишлатилгани Андижон воқеаларига қирғин, деб баҳо беришга асос бўлади.

“Мен Андижон воқеаларини ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки ҳарбий куч қўллаш зарурати нуқтаи назаридан тергов қилган бўлардим. Лекин тергов ўтказишга йўл қўймаётган ҳукумат ҳозирнинг ўзида уни жиноятда гумон қилишга асос беради”,- деди собиқ прокурор.

Андижондаги қонли воқеаларга гувоҳ бўлган оз сонли журналистлардан бири - “Рейтер” ахборот агентлиги мухбири Шамил Байгин ўз кўрганларини ҳукумат кучларининг таназзулга юз тутган можароли вазиятни ҳал этиш амалиёти, деб изоҳлаган.

“Зиддиятни бостириш амалиëти мутлақо таназзулга юз тутди. Ҳукумат шундан сўнг ўз айбини учинчи бир гуруҳга ағдаришга қарор қилди. Ҳамма айбдор, фақат ўзлари эмас”,- деган эди Шамил Байгин.

Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро обрўсига мислсиз путур етди. Шунга қарамай, бу воқеалар махсус хизматларнинг мукаммал режаси асосида уюштирилганини қатъийлик билан даъво қилувчилар бор. Улардан бири Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов ва яна бири собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевдир.

“Андижонда фожеа юз берди ва бу фожеани ташкил қилган ҳукуматнинг ўзи бўлади. Андижон воқеаларининг шунақа катта фожеага айланиши мумкинлигини ҳаттоки бошқалар - журналистлар борми, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари борми, ҳаммаси била туриб Андижонга борган эди. Нима, журналист билади-ю ,ҳукумат билмайдими? Ëки 2 майда Владимир Путин: “Мен шахсан Каримовга телефон қилиб мана шу воқеа бўлишини айтган эдим”, деб телевизорда айтган эди. Бундан ташқари, бошқа огоҳлантиришлар, бошқа ахборотлар ҳукуматга келган бўлиши мумкин эди. Лекин шуларнинг ҳаммасига эътибор бермаган. Буни сабаби, кўринаëтган нарсалардан келиб чиқиб айтаманки, ҳукумат била туриб ўзи шуни ташкил қилган. Бу гуруҳлар ичига ҳукумат томонидан тайëрланган экстремистик гуруҳлар кирган. Агар шу нарса бўлмаган бўлса, нимага халқаро текширувларга йўл қўймайди?”- дейди Тошпўлат Йўлдошев.

“Бошқача айтганда, Каримов ўша рангли инқилобларга қарши инқилоб уюштирди. Маҳмуд Худойбердиев одамлари бир-бири билан телефонда гаплашган пайтда: “Биз Андижонда жуда ҳам яхши ишни бажариб келдик. Президентнинг ишончини оқладик”, деган гапларини биз қайд этганмиз. Вақтида буларнинг барчаси чиқади. Аслида бу Ўзбекистон ҳукуматининг 1999 йилда, 2004 йилда уюштирилган терактлари сўнггиси эди. Ишқилиб шу билан тугасин”,- дейди Толиб Ёқубов.

Ўрмонга ўт кетгандек, кетма-кет Украина, Грузия ва Қирғизистонда кечган демократик инқилоблар Ўзбекистонга келиб қарама-қарши ўт билан ўчирилгандек. Бу ҳам Андижон воқеалари борасидаги мавжуд версиялардан бири, холос. Барча версияларни эса фақатгина мустақил тергов текшириб кўришга қодир бўлиши мумкин эди. 3 йил ўтиб, Ўзбекистон ҳукуматининг бу терговни ўтказишга розилик бермаслиги ҳам, ундан ҳеч ким буни талаб қилмаслиги ҳам ойдинлашди.
XS
SM
MD
LG