Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:18

Ҳукумат террорга қарши ўз характеридан келиб чиқиб курашмоқда


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:Cv6gNRwCJVaSnM:http://news.ferghana.ru/photos/2006_09/tahir1.jpg АҚШ Давлат департаменти дунёда терроризм хавфи борасида эълон қилган йиллик ҳисоботда Ўзбекистон исломий ҳаракати ва ундан ажралиб чиққан “Исломий жиҳод” гуруҳи номлари ҳам бор.

Ҳисоботда Эрон террорчиликни қўллаб-қувватловчи етакчи давлат сифатида эътироф этилди. Ироқ ва Афғонистон террорчиликдан энг кўп азият чекаётган давлат ҳисобланса, “Ал-Қоида” ва “Толибон” ҳаракати энг хавфли террорчи ташкилотлар, уларнинг етакчилари Усама бин Лодин ва Айман аз-Завоҳирий энг қўрқинчли террорчилар сифатида тамсил этилди.

АҚШ Давлат департаменти террорчи ташкилотлар сифатида эътироф этган 41 ташкилот орасида эса айнан ЎИҲ ва “Исломий жиҳод” бор.

Ҳисоботда айтилишича, ўтган муддат давомида Ўзбекистон ҳукумати террорчилар ёки террорчи ташкилотларга бошпана бермаган ва террорчи гуруҳларга ҳамда исломчи радикалларга қарши агрессив кураш олиб борган.

“Ўзбекистонда анча репрессив ҳукумат бор ва натижада бу ҳукумат ўзига қарши бўлган террорчиликка нисбатан агрессив ҳаракат қилаётир”,- дейди АҚШ Давлат департаментининг террорчиликка қарши кураш бўлими мувофиқлаштирувчиси Дел Деили “Озодлик” билан суҳбатда.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари таъкидича, Ўзбекистон ҳукуматининг айнан шундай репрессив ҳаракатлари террорчиликка қарши кураш сифатида оқланаётир.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти назарида ўтган асринг 90-йиллари охиридан буён Ислом Каримов режими террорчиликка қарши кураш баҳонасида сиёсий рақибларини четлаштириб келган.

Ўзбекистонда террорчилик ва экстремизмда айбланиб қамалганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган Суръат Икромов мамлакатда террорчилик таҳдиди атайин бўрттирилаётганини айтади.

“Террорчи”, “экстремист” тамғаси босилган минглаб одам қамоқда ўтирибди. Лекин айбини исботловчи далиллар йўқ. Булар ҳаммаси хўжакўрсинга, яъни Ўзбекистонда терроризм бор, деб айтиш учун одамларни қамаяпти”,– деди С.Икромов.

2005 йилда намойишга чиққан юзлаб одам ўққа тутилган Андижон воқеаларидан сўнг Ғарб матбуотида, хусусан, Швециянинг етакчи газеталарида Каримов режимининг ўзига “халқни қўрқувда сақловчи террорчи режим” таърифи берилганди.

Суръат Икромов фикрича ҳам бундай дейиш учун асос йўқ эмас.

“Милиция, Миллий хавфсизлик хизмати ва прокуратура одамларни терроризмда айблайди. Лекин террорни аслида ўзлари ижро этишади. Бу нарсалар терроризмга қарши кураш шиори остида қилиняпти”,- деди С. Икромов.

Жорж Маршалл номидаги хавфсизлик тадқиқотлари институтининг террорчиликка қарши кураш дастурлари директори профессор Ник Пратт фикрича, Ўзбекистон ҳукуматининг террорчиликка қарши пинҳоний курашаётгани жиддий ташвиш туғдиради. Бироқ Ўзбекистондаги кучли авторитар тузум террорчиликни қўллаб-қувватлаш ёки том маънодаги террорчи режимга айланиб қолмаган.

“Террорчиликни қўллаб-қувватловчи ёки террорчи режимлар, деганда ўз халқига қарши зўравонликларни ва қотилликлари уюштирадиган режимлар тушунилади. Мақсад - одамларни доимий қўрқувда сақлаш орқали ҳокимиятни сақлаб қолиш. Шундай режимлар қаторига мен миллионлаб одамларни ўлдиртирган Адольф Гитлер, Сталин ёки Пол Пот ҳукуматларини киритаман. Лекин ўз халқига қилган зўравонликлари кўлами бўйича Каримов режимини авторитар, деб айтиш билан чекланган бўлардим”,- дейди Ник Пратт.

Давлат департаменти ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг хавфсизликни таъминлаш бўйича репрессив сиёсатидан ташқари бу мамлакатдаги кенг тарқалган қашшоқлик диний эктремистлар учун шарт- шароит яратган.

ЎИҲ раҳбари Тоҳир Йўлдош ўзининг йил бошида йўллаган энг сўнгги мурожаатида Ўзбекистондаги қашшоқлик сабабли чет элда хор бўлиб ишлаётган юз минглаб ўзбекистонликларга илк бор мурожаат этгани ҳам бежиз эмас.

АҚШ Давлат департаменти хабарига кўра, Ўзбекистон ҳукумати террорчиларнинг халқ орасида таянч қозонишга сабаб бўлаётган шарт-шароитларни бартараф этишга ожизлик қилмоқда.

"Шу боис, террорчи ташкилотлар ва уларга хайрихоҳ бўлган диний гуруҳлар минтақада фаол бўлиб қолаётир”,- дейилади ҳисоботда.
XS
SM
MD
LG