Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:23

Шифокорлар ҳам меҳнат муҳожирлари сафини тўлдиряпти


Тожикистонда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси пасайиб кетгани ва тажрибали кадрлар етишмаслиги мамлакатда турли юқумли касалликлар, хусусан, оналар ва болалар ўлими кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, айни пайтда мамлакат шифохоналарида олий маълумотга эга бўлган атиги 13 267 врач фаолият юритмоқдаки, бу ҳар 10 минг кишига 18 врачдан тўғри келади.

Яқинда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам мамлакатда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасининг ўта пастлигидан бонг урган эди.

“Ҳар йили давлат бюджетидан энг кўп маблағ соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилади. Аммо тиббий хизмат кўрсатиш даражаси паслиги сабабли маҳаллий врачларга ўз тақдирини ишонмаган одамлар жуда катта маблағ сарфлаб қишлоқдан шаҳарга ва ҳатто республикадан ташқарига бориб даволанишга мажбур бўлмоқда”,- деган эди Тожикистон раҳбари.

Давлат раҳбарининг билдиришича, жорий йилда соғлиқни сақлаш соҳасида қиймати 420 миллион сомоний бўлган 54 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Душанбе шаҳридаги шифохоналардан бирида ишлаётган тажрибали врач Мирали Одинаев сўзларига кўра, бу соҳа ҳам ошна-оғайнигарчилик, таниш-билишчиликдан четда қолмаган.

“Тан олиш зарур, соҳамизда тасодифий мутахассислар талайгина. Баъзан уларнинг саводсизлигини кўриб, шу соҳада ишлаётганимдан афсусланаман”,- деди М.Одинаев.

Бундан ташқари, М.Одинаевнинг айтишича, мамлакатда нарх-наво тобора ўсиб бораётгани, иш ҳақи камлиги сабабли кўпгина тажрибали врачлар Россия шаҳарларидаги шифохоналарда шартнома асосида ишга кетмоқда. Бу эса Тожикистон соғлиқни сақлаш соҳасини янада фалажлайди.

Мавзуни ўрганиш асносида “Озодлик” мухбири Ваҳдат туманининг чекка қишлоқларидан биридаги туғруқхонага бош суқди. Бир қаватли бино ташқаридан туғруқхонани эмас, балки колхоз омборини эслатади.

“Бу ерда туғруқхона учун шарт бўлган бирорта шароит йўқ,- дейди яқинда она бўлган Саодат исмли аёл. – Айниқса, кўп қон йўқотган оналарга биринчи ёрдам кўрсатиш жуда катта муаммо. Шунинг учун қишлоқлик аёллар кўпроқ уйда туғишни афзал билмоқда. Бу эса кўп ҳолларда бола ва оналар ўлимига сабаб бўляпти”.

Ўз юртидаги иқтисодий ва ижтимоий аҳвол ёмонлиги сабаб мигрантлар сафини тўлдираётган тажрибали тожик шифокорлари Россияда ишсиз қолаётгани йўқ. Масалан, ўтган йилиёқ Россиянинг Пенза, Рязань, Краснодар соғлиқни сақлаш бошқармалари “Тожикхорижакор” ширкати билан шартнома имзолаб, ўз шифохоналаридаги бўш ўринларни тожикистонлик врачлар ҳисобига тўлдиришга киришганди.
XS
SM
MD
LG