Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:39

Британия санкциялар ўз кучида қолиши тарафдори, лекин...


Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги 2007 йилги ҳисоботида инсон ҳуқуқлари вазияти алоҳида ташвиш уйғотувчи 22 давлат қаторига Ўзбекистон, Россия, Туркманистон ва Беларусни қўшди.

Вазирликнинг 2007 йилда дунёда инсон ҳуқуқлари вазиятига бағишланган ҳисоботининг Ўзбекистонга оид 3 саҳифалик хулосаси: “Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти аянчли қолмоқда”, деган сўзлар билан бошланади.

“Шунинг учун биз Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланмас экан, Европа Иттифоқи санкцияларини ўз кучида қолдиришни қўллаб- қувватлайверамиз”,- дейилади ҳужжатда.

Бироқ, дейилади ҳисоботда, 2006 йилдан буён Ўзбекистонда бир қадар ижобий ўзгаришлар ҳам содир бўлди, мамлакат ЕИ билан инсон ҳуқуқлари масаласида мулоқот ўрнатди, 2008 йил 1 январдан бошлаб мамлакатда ўлим жазоси бекор қилинди.

Ҳисоботга кўра, ўтган муддат давомида Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини бостириш камайган эса-да, камида 14 ҳуқуқ ҳимоячиси қамоқда қолаётир, таъқиблар сабабли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларнинг кўпчилиги мамлакатни тарк этишга мажбур қилинган.

Вазирлик ўз ҳисоботида Ўзбекистондаги қийноқлар, эътиқод ва сўз эркинлигининг бузилаётгани борасида ҳам хавотир изҳор этган.

Бироқ вазирлик ўз ҳисоботининг бирор жойида, ҳатто санкциялар ҳақида гапираётиб ҳам Андижондаги қонли воқеаларни тилга олмади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алоҳида ташвиш уйғотувчи давалатлар қаторига киритилганига қарамай, кузатувчилар таъкидича, ушбу ҳужжат Буюк Британия ташқи сиёсат маҳкамасининг Ўзбекистонга нисбатан позицияси юмшаётганини ҳам кўрсатади.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Лондондаги раҳбари Том Портеус фикрича, Буюк Британия мавқеининг юмшаётгани мамлакат ўз сиёсатини Европа Иттифоқига мувофиқлаштираётгани билан боғлиқ.

“Буюк Британия бутун ЕИ давлатлари билан бир қаторда ўзининг Ўзбекистонга нисбатан позицияни юмшатишни назарда тутаётгандир. Шу маънода, бу жиддий хавотирларга сабаб бўлиши мумкин. Лекин ҳозирча Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг қатъий қолаётгани борасида бизни ишонтирмоқда”,- деди Том Портеус.

ЕИ доирасида Буюк Британия Швеция ва Нидерландия билан қаторда Ўзбекистонга нисбатан кескин сиёсатни ёқлаб келади. Бироқ Ўзбекистон билан мулоқот ва муроса сиёсатини ёқлаб келаётган Германия ва унга эргашган бир қатор давлатлар ҳамон ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати кун тартибини шакллантирмоқда.

Лондон университетининг Ўзбекистон бўйича етакчи таҳлилчиси Алишер Илҳомовнинг айтишича, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммоларини ҳал этишда Буюк Британия ҳам эндиликда Германия сиёсатига таяниши мумкинлигига ишора қилмоқда.

“Бу ЕИга қилинаётган бир ишорадир. Буюк Британия ЕИнинг айни пайтда Марказий Осиё ва Ўзбекистонга нисбатан юритаётган сиёсатини қисман қўллаб-қувватлаётганига ишора қилмоқда ва Ўзбекистон билан муносабатларни яхшиламоқчи бўлаётган Германияга халақит қилмаслигини айтмоқда. Бошқа томондан, шу йўл билан Буюк Британия Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашига умид билдирмоқда”,- дейди Алишер Илҳомов.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги инсон ҳуқуқларига оид ҳисоботини 10 йилдан буён эълон қилиб келади. Инсон ҳуқуқлари масаласи Буюк Британия ташқи сиёсатининг муҳим таркибий қисми ҳисобланиб, ҳисобот қиролликнинг ташқи сиёсат йўналишини белгилаб беради.
XS
SM
MD
LG