Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:42

АҚШ ҳарбийлари Ўзбекистонга қайтиши мумкин


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:h4k7FuDfqVT0FM:http://nato.usmission.gov/icons/q-map.gif НАТО бош котибининг Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари бўйича махсус вакили Роберт Симмонс Ўзбекистон НАТОга аъзо давлатларга, жумладан, АҚШга ўз ҳарбий базаларидан фойдаланишга рухсат беришга тайёрлигини билдирганини маълум қилди.

Москвада ўтказилган матбуот анжуманида Роберт Симмонс Ўзбекистон билан муносабатларнинг яхшиланаётганини олқишлади.

“Тушунишимча, Ўзбекистон Германиядан ташқари НАТОнинг бошқа аъзоларига ҳам Ўзбекистондаги ҳарбий базалардан фойдаланишга рухсат бермоқчи. Биз буни олқишлаймиз. Мен барча тафсилотларни билмасам ҳам НАТОнинг бошқа давлатлари, шу жумладан, АҚШ энди Ўзбекистондаги иншоотлардан яна фойдаланмоқда”,- деди НАТО мулозими.

2005 йилги Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистон АҚШни Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун фойдаланилган Хонободдаги ҳарбий базадан қувиб чиқарганди. Қийинчилик билан бўлса-да, Германия Термиз яқинидаги базадан ҳозиргача фойдаланиб келмоқда.

Роберт Симмонс ҳам Ўзбекистон НАТОнинг айрим давлатларига доимо ўз иншоотларидан фойдаланишга рухсат бериб келганини алоҳида таъкидлади.

“Ўтган муддат давомида Ўзбекистон НАТОга аъзо айрим давлатлар, хусусан, Германияга Ўзбекистондаги ҳарбий иншоотлардан фойланишга рухсат бериб келаётганди. Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон бу ҳамкорлик кўламини қисқартирди. Лекин яқинда содир бўлган муайян воқеалар ва Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан инсон ҳуқуқларини муҳокама эта бошлагани НАТО ва Ўзбекистон муносабатларини яхшилашга имкон яратди”,– деди Роберт Симмонс.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ўтган муддат давомида НАТОдаги доимий вакилини қайта тайинлаган ва НАТОнинг “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастури доирасидаги анжуманларида яна иштирок эта бошлаган.

НАТО мулозимининг бу баёноти расмий Тошкент Ғарб давлатларига нисбатан ўз мавқеини яна ўзгартираётганини кўрсатади.

Айни пайтда НАТО томони Ўзбекстон альянс аъзоларига ўз ҳарбий иншоотларни таклиф этаётгани борасидаги баёнотининг аҳамиятини пасайтиришга ҳаракат қилмоқда. Зеро, бу баёнотлар ҳозирнинг ўзида Москва расмийларини ғазабга келтирди.

Ўз навбатида, НАТО Афғонистондаги оғир кечаётган ҳарбий амалиётлари учун Ўзбекистондаги базалар нақадар муҳимлигини яна бир бор билдириб қўймоқда.

Андижон воқеалари юзасидан халқаро тергов ўтказиш талабларига қўшилган НАТО бу талабларни ҳеч қачон қатъий қўймаганди.

Танқидчилар фикрича, АҚШ Мудофаа вазирлигининг позицияси ҳам шунга ўхшаш бўлган.

Ўзбекистондаги президент сайловидан сўнг расмий Тошкент билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер қайта президентликка сайлангани муносабати билан Ислом Каримовга табрик йўллаганди. Январь ойи охирида эса Тошкентга АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони Уильям Фэллон ташриф буюрди.

Адмирал Фэллон расмий Тошкент ташаббус билдирса, Ўзбекистондан чиқариб юборилган АҚШ ҳарбий базасини қайта жойлаштириш масаласи муҳокама этилиши мумкинлигини инкор этмади.

У.Фэллон ва И.Каримов ўртасидаги сўзлашувлар мазмуни сир қолган эса-да, кўпчилик таҳлилчиларнинг ишонишича, томонлар айнан АҚШнинг Ўзбекистондаги ҳарбий иншоотлардан фойдаланиши имкониятларини муҳокама этган.
XS
SM
MD
LG