Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:14

Янги ўйиннинг бошланиши...ми?


АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистонда уч йил давом этган иқтисодий сиёсат ислоҳоти лойиҳасини якунлади. АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Ричард Норланд ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматининг солиқларни камайтириш қарорига таъсир қилганини билдирди.

Ричард Норланд АҚШ Ўзбекистон ҳукуматига ёрдам беришда давом этишини ҳам таъкидлади.

Айни пайтда таҳлилчилар Вашингтон ва Тошкент муносабатларининг илиқлашувини эски ўйиннинг янгидан бошланиши сифатида ҳам таърифланмоқда.

Аввал президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистоннинг керак бўлса, АҚШ ва Европа билан ҳамкорлик йўлидан ҳеч қачон тоймаслиги ҳақидаги баёноти пайдо бўлди.

И.Каримовнинг ўтган йили Конституция куни муносабати билан қилган нутқида ташқи сиёсат ҳақида бир оғиз айтгани етарли бўлди. Авваламбор унинг атрофидагилар учун. Кўп ўтмай бир неча сиёсий маҳбус озод қилинди.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотига ўз фаолиятини қайта жонлантириш имкони берилди. НАТО самолётларининг Термиздаги аэропорт орқали Афғонистонга учишига рухсат этилди.

“The New York Times” ҳамда “The Wall Street Journal” нашрларининг Марказий Осиёдаги мухбири сифатида И.Каримовнинг ташқи сиёсатини 11 йил давомида кузатган журналист Стив Левин у эски ўйинини янгидан бошлаётганини айтади.

“Каримов сиёсатида навбатдаги эврилиш содир бўлмоқда ва у АҚШ билан яқинлашаётир. Бунинг учун Каримов ўз захирасидаги асосий восита бўлмиш инсон ҳуқуқларини ишга солмоқда. Каримов ўз фуқароларини қамоққа ташлаб, қийноққа солишни тўхтатадими? Йўқ, албатта. Каримов шунчаки ҳар 2-3 йилда бир марта ўз иттифоқчиларини алмаштириб туради”,– дейди Стив Левин.

Бу гапни И.Каримов ҳам ўзининг сўнгги чиқишларидан бирида тасдиқлагандек эди.

“Ким билан яхши бўлишни ўзимиз биламиз”,- деганди у.

Чоршанба куни Тошкентда журналистлар билан учрашган АҚШ элчиси Ричард Норланд Ўзбекистон иқтисодиётидаги ютуқларни “мақтовларга сазовор”, дея таърифлади. Элчи АҚШ Ўзбекистон билан барча соҳадаги ҳамкорликни тиклашга ҳаракат қилаётганини эътироф этди.

Айни пайтда АҚШнинг Ўзбекистонга берадиган молиявий ёрдами кўлами йил сайин камайиб кетмоқда. Ўтган йилда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги мамлакатдаги дастурлари учун атиги 13 миллион доллар сарфлаган. Америкалик дипломатлар Ўзбекистон президентининг АҚШга мойиллигини барқарор сақлаб туриш учун Ўзбекистон билан яқинлашиш рағбати етарлича молия билан таъминланиб туриши зарурлигини англайди.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот атташеси Молли Стивенсоннинг таъкидлашича, ҳозирча Вашингтондан Ўзбекистонга молиявий ёрдам кўламини ошириш ҳақида дарак келгани йўқ.

“Биз ҳар доим кўпроқ ишларни амалга ошириш учун кўпроқ маблағ олишга ҳаракат қиламиз... Бироқ ҳозирча бюджет масаласи ҳал этилмаган”,- деди Молли Стивенсон.

Ўзбекистонда жиддий ўзгаришларни ясашга қодир молиявий захиралар мавжуд бўлмаган шароитда АҚШ дипломатлари муносабатларни яхшилаш учун И.Каримов сиёсатини олқишлашдан ўзга чора кўра олмаётир. Бу шароитда Ғарбнинг Ўзбекистон билан ўрнатажак янги муносабатлари қай даражагача бориши маълум эмас, бироқ бу гал иккала томоннинг ҳам эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиши башорат қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG