Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:19

Французлар Мустафо Чўқайни эсдан чиқармаган


Париж яқининдаги Ножан-сюр-Марн шаҳарчасида Туркистон миллий озодлик ҳаракати арбобларидан бири, Қўқон мухторияти ташқи ишлар вазири бўлган Мустафо Чўқай хотирасига ëдгорлик ўрнатилди.

Ëдгорлик очилишида сўзга чиққан Ножан-сюр-Марн шаҳри ҳокими Терез Мари Томе Мустафо Чўқайни ватан озодлиги учун курашнинг французлар учун ўрнак бўладиган етук арбоби, деб атади.

Мустафа Чўқай советлар тазйиқидан қочиб Францияга кетган ва ўша ерда оламдан ўтган эди.

М.Чўқай ҳақидаги китоб муаллифи Бахт Содиқованинг айтишича, Францияда унинг хотирасига ëдгорлик ўрнатилишида расмий Остонанинг ҳиссаси катта бўлган.

Қозоғистоннинг Франциядаги элчиси Омонжўл Жонқулов ëдгорлик очилиши маросимида сўзга чиқиб, Мустафо Чўқай уюшмаси аъзолари бўлган французларга Туркистон озодлиги учун курашган арбобни ëдлагани учун миннатдорлик билдирди.

Қозоғистон ҳукумати Мустафо Чўқай ҳақидаги фильм яратилиши учун тўрт миллион доллар пул ажратган эди. Бу фильм баҳорда экранларга чиқади.

“Фильм Мустафо Чўқайнинг ҳаëт йўлига бағишланган. Фильмда Чўқайнинг нафақат сиëсий курашлари, балки унинг ички кечинмалари, Мария исмли аëлга бўлган муҳаббати ҳам акс эттирилади. Фильмнинг баъзи қисмлари Прагада суратга олинди”, – деди фильм ижрочи продюссери Тўрабой Қанот.

Тарихчи олим Темир Хўжа Мустафо Чўқай Марказий Осиё халқлари тарихидаги илк демократик тузилма бўлган Туркистон мухторияти раҳбарларидан бири бўлганини таъкидлади.

Совет даврида Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг Мустафо Чўқай, Вали Қаюмхон, Боймирза Ҳайит каби арбоблари сотқинга чиқарилган эди.

Темир Хўжа сўзларига кўра, Қозоғистондан фарқли ўлароқ, расмий Тошкент ҳали ҳам Туркистон озодлиги ҳаракати тарихига советлар кўзойнагидан боқмоқда.

“Мана қозоқлар Мустафо Чўқай хотирасига ëдгорлик қўйди. Қозоғистонда Мустафо Чўқай, Вали Қаюмхон, Боймирза Ҳайит каби арбоблар ҳақида ўнлаб китоблар эълон қилинди. Каримов режими эса 1992 йилда Ўзбекистонга сафар қилган Боймирза Ҳайитни мамлакатдан ҳайдаб чиқарган эди”,- деди Темир Хўжа.
XS
SM
MD
LG