Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:51

Москвада тақирбошлар Ўзбекистон фуқаросини жароҳатлади


Шанба куни кечқурун Москвада бир гуруҳ ёш нацист-тақирбошнинг йўловчиларга ҳужум қилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, икки йўловчи, жумладан, Ўзбекистон фуқароси тан жароҳати олди.

Москва милициясининг билдиришича, дастлаб пичоқ ва тўқмоқ билан қуролланган тақирбошлар тўдаси Москванинг архитектор Власов кўчаси яқинида бурят миллатига мансуб пойтахтлик Сергей Николаевни уриб ўлдирган.

“13 дан 16 ёшгача бўлган ҳужумчилар воқеа жойига миллиция етиб келгунча жуфтакни ростлаб қолди, - дейди воқеа шоҳидлардан бири. – Улар икки гуруҳга бўлиниб, ҳар томонга қочди. Шу яқинда скинхедлар яшайдиган ҳудуд бор”.

Ёш нацистлар шу куннинг ўзида Намёткин кўчасида яна икки фуқарога ҳужум уюштирди. Жабрдийдалардан бири фаррош, ўзбекистонлик 37 ёшли фуқаро Ғанижон Қулишевдир. Нацистлар томонидан пичоқланган Ўзбекистон фуқароси оғир аҳволда шифохонага ётқизилди.

Москва милицияси содир этилган жиноятлар юзасидан тергов бошлаб юборилгани ва ҳужумларга алоқадорликда гумонланиб 30 нафар футбол фанати ҳибсга олинганини эълон қилди.

Жиноятчилар ёш нацистлар, тақирбошлар ёки футбол фанатлари экани айтилмоқда. Бу гал улар рус миллатига мансуб бўлмаган, аммо Россия фуқаросини ўлдирди. Россияда муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябинина бундай вазият ёш миллатчиларнинг мутлақо бесаводлигидан далолат эканини таъкидлади.

“Эски бир матал бор. Одамнинг паспортига қараб эмас, бетига қараб уришади. Бу одам москвалик бўлса ҳам унинг юз кўриниши рус бўлмагани фашист ёшлар учун уни калтаклашга етарли асосдир”, – деди Елена Рябинина.

Унинг айтишича, бугунги кунда Россия шаҳарларида яшаётган, оммавий транспортдан фойдаланиб, кўчаларда юрадиган ҳар бир хорижий фуқаро, шу жумладан, ўзбек, тожик, чечен, грузин ёки қирғиз бўлсин, ҳаёти хавф остида.

Яқинда Россиядаги “Укки” (“Сова”) инсон ҳуқуқлари маркази мамлакатда жорий йил давомида миллий нафрат асосида амалга оширилган жиноятларда 48 киши ҳалок бўлганини маълум қилган эди.

Марказнинг билдиришича, январь ойидан буён 430 киши шунга ўхшаш жиноятдан жабр кўрган. Миллий нафрат асосидаги жиноятлар кўпроқ Москва, Москва вилояти ва Санкт-Петербургда содир этилган.
XS
SM
MD
LG