Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:55

Саҳнада яна “Исломий жиҳод”


Исломий жиҳод иттифоқи (ИЖИ) Интернет орқали баёнот тарқатиб, Германияда олди олиб қолинган террорчилик ҳужумлари учун масъулиятни ўз зиммасига олди ва мақсадларини ҳам ойдинлаштирди.

ИЖИ дастлаб ўзини 2004 йил июль ойида АҚШ ва Исроилнинг Тошкентдаги элчихоналари ва Ўзбекистон Бош прокуратурасига уюштирилган худкуш ҳужумлардан сўнг танитди. Тўғрироғи, ўшанда ҳужумлар учун масъулиятини ўз зиммасига олган гуруҳ ўзини “Ўзбекистондаги исломий жиҳод гуруҳи” сифатида таништирган эди. Мазкур ҳужумлар оқибатида хавфсизлик идораларининг камида икки ходими ҳалок бўлганди.

Энди орадан 3 йил ўтиб ўзини ИЖИ сифатида таништирган гуруҳ 11 сентябрь арафасида Германияда бир қанча портлаш режалаштиргани ҳақида эълон қилмоқда ва шу билан 4 сентябрда портлаш ташкилотчилари сифатида ҳибсга олинган 3 сафдошини очиқдан-очиқ маҳкум этаётгандек.

Германия Ички ишлар вазирлиги ИЖИ баёноти ҳаққонийлигига шубҳа қилаётгани йўқ.

“Бу қўпорувчилик амалиёти олдини олиш бўйича кўп муддат давомида ишлаган идорамиз унинг ортида ИЖИ турганига аминдир”, - деди вазирлик вакили Закс Кристиан.

ИЖИ “Ал-Қоида” ва Ўзбекистон исломий ҳаракатининг бир тармоғи сифатида кўрилмоқда. Бу гуруҳни Ўзбекистон билан боғловчи омиллардан яна бири унинг мақсадларидир.

“Улар даъво қилаётган мақсадлардан бири келажакда Германиянинг Термиздаги авиабазадан фойдаланишига чек қўйишдир”, - дейди Закс Кристиан.

Исломий жиҳод иттифоқи атрофида ўта мунозарали фикрлар ҳам мавжуд. Буюк Британиянинг Тошкентдаги собиқ элчиси Крейг Мюррей бу гуруҳ Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг ихтироси бўлганини даъво қилади.

“ИЖИ ҳақиқатан ҳам мавжудлиги борасида ҳеч қандай далил кўрганим йўқ. Уларнинг ҳужумлар масъулиятини олиб, гўё Интернетда жойлаштирган эълонини кирилл, лотин ёки араб алифбосида ҳам топа олганимиз йўқ. Менимча, Германия ҳукумати ахборотни Ўзбекистон хавфсизлик идораларидан олаётгани аниқ”, - дейди Крейг Мюррей.

Собиқ элчининг айтишича, Ўзбекистондаги даҳшатли режим билан ҳамкорлигини оқлашга ҳаракат қилаётган Германия ҳукумати икки давлат умумий душманга қарши курашаётганини осонгина қабул қилади.

ИЖИнинг Ўзбекистон билан боғланаётгани, Крейг Мюррей фикрича, ўз душманларини террорчи сифатида таъқиб этадиган президент Ислом Каримов манфаатларига ҳам хизмат қилади.

Германия ИИВ вакили расмий Берлин халқаро миқёсда хавфсизлик идоралари билан доимий равишда ҳамкорлик қилишини айтди, лекин Ўзбекистон билан бундай алоқалар борасида маълумот беришдан бош тортди.


Нима бўлганда ҳам Германияда қўпорувчилик амалиётларининг олди олиб қолингани ва гумонланувчи 3 шахснинг айни пайтда тергов қилинаётганини инкор этиб бўлмайди.

Жорж Маршалл маркази террорчиликнинг олдини олиш дастурлари раҳбари полковник Ник Праттнинг таъкидича, мазкур ҳужумларни режалаштираётган гуруҳнинг келиб чиқишидан қатъи назар, террорчилик таҳдиди жиддий эканини англаш лозим.

“Мен махфий даражада ўтказган суҳбатларим ҳам бу қўпорувчилик амалиёти 11 сентябрь воқеаларининг 6 йиллигида содир этилишига ишора қилади. Мени уларнинг кимлиги ва қайси гуруҳ вакиллари эканидан кўра қилмоқчи бўлган ишлари кўпроқ қизиқтиради. Бу одамлар нисбатан пухта режалаштирилган ҳужумларни амалга оширишга ҳаракат қилди ва бахтимизга уларнинг бу ҳаракатлари тўхтатиб қолинди”, - деди Ник Пратт.
XS
SM
MD
LG