Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:46

Виктор Зубков сайловолди ўтиш даври одамими ёки...


Россия президенти Владимир Путиннинг кутилмаганда бош вазир Михаил Фрадковни сиёсий саҳнада деярли кўринмаган шахс – Федерал молиявий мониторинг хизмати директори Виктор Зубков билан алмаштиргани кўплаб саволларни туғдирди.

В.Путин бу ишни нима сабабдан қилди ва унинг кейинги қадамлари қандай бўлади? Бу саволга ҳозирча аниқ жавоб беришга эрта.

М.Фрадков ҳукуматининг Россиядаги ҳар қандай ташкилот каби коррупция ботқоғига ботиб кетгани ва вазирлардан бир қанчаси лавозимидан фойдаланиб, миллионерларга айлангани ҳаммага маълум бўлган сирлардан саналади. Коррупция ва уруғ-аймоқчилик айблари М.Фрадков бошигача етган. Июнь ойида “Газета.ру” сайти М.Фрадков Пётр исмли ўғлини давлатга қарашли Тараққиёт банки директорлар кенгаши раҳбарлиги лавозимига кўрсатгани ҳақида ёзган эди. М.Фрадковнинг ўзи мазкур банк маслаҳат кенгаши аъзоси ҳисобланади, унинг бошқа ўғли эса Федерал хавфсизлик хизмати мулозимидир.

Ҳукуматнинг айрим нуфузли аъзолари, жумладан, соғлиқни сақлаш вазири Михаил Зурабов ҳамда тараққиёт ва савдо вазири Герман Греф жуда катта молиявий оқимларни бошқаради. В.Путин эса афтидан сайлов давомида бу назоратни ўзи ишонган одамга топшириш ниятида.

В.Путиннинг бутун ҳукуматни алмаштириш қарори ҳам анча прагматикдир. У 90-йиллар сайловларида бўлгани каби бутун ҳукумат сайлов кампанияси бош қароргоҳига айланиб қолишини истамайди. Чунки Кремль сайловчиларнинг бугунги вазиятдан кўнгли тўқлигидан келиб чиқиб юмшоқроқ йўл билан ҳам ҳокимият алмашинувини таъминлаш мумкинлигини билади. Шунинг учун сайлов мавсуми давомида ҳукумат сиёсий ўйинларга берилмасдан нормал фаолиятини давом эттира олади.

Россия конституциясига мувофиқ мамлакатда иккинчи одам саналган янги бош вазир В.Зубков ҳам президент сайловида ўз номзодини қўйиши мумкин. Бундай имкониятларни у ҳам инкор этаётгани йўқ. Лекин В.Зубков 66 ёшга киргани ва умуман нуфузга эга эмаслиги инобатга олинса, В.Путин шу ўринда ҳали ҳамон аниқ бўлмаган бошқа бир меросхўрига яхши замин яратаётгани англашилади.

В.Путиннинг бундай мақсадлари учун В.Зубков қулай одам. 1992 йилда Санкт-Петербург ҳокимлигида ишлаган В.Зубков В.Путиннинг ўринбосари бўлган. Совет компартиясидан чиққан бу шахс сиёсий амбициялардан холи раҳбар сифатида ҳам В.Путинга маъқул тушди.

В.Зубковнинг В.Путин учун алоҳида қимматлилиги унинг Россиядаги қонуний ва ноқонуний активларнинг ҳаракатланиши ҳақида эҳтимол ҳаммадан яхшироқ билишидир.

В.Зубковнинг бош вазир этиб тайинланиши президент сайловида В.Путиннинг асосий номзодлари бўлиши кутилаётган бош вазир ўринбосарлари Сергей Иванов ва Дмитрий Медведевнинг имкониятларини ҳеч ҳам пасайтираётгани йўқ. В.Зубковнинг бош вазир этиб тайинланишига биринчи бўлиб ижобий муносабат билдирган С.Иванов ҳамон биринчи рақамли номзод бўлиши мумкин.

В.Путиннинг келажакдаги қадамлари башорат қилинса, ҳеч шубҳасиз, унинг ҳам федерал, ҳам маҳаллий даражада ўзига содиқ кишиларни бошқарув органларига жойлаштиришда давом этишини айтиш мумкин. Яқин ойлар ичида ўндан зиёд ҳокимнинг алмаштирилгани ҳам бежиз эмас. Бу вазифани янада осонлаштириш учун ўтган асрнинг 90-йилларидаги коррупцияга оид ишлар ҳам кўтарила бошланди. Либерал демократик партия етакчиси Владимир Жириновский айтганидек, сайловга қадар собиқ президент Борис Ельцин давридан буён ишлаб келаётган расмийлар ўз хоҳиши билан кетиши керак. Акс ҳолда улар ҳам ҳозир Михаил Ходорковский жазо муддатини ўтаётган Читага юборилади.
XS
SM
MD
LG