Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:29

“Газпром” газни қиммат сотишга тайёр, сотиб олишга эмас


Россиянинг “Газпром” компанияси янги йилдан бошлаб газ нархларини кўтаришга тайёргарлик кўрмоқда. Мана шу аснода Марказий Осиё давлатлари ҳам ўз гази нархини ошириш имкониятига эга.

“Газпром” газ нархини ошириш борасида МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари билан анъанавий музокараларни бошлаб юборди.

“Газпром”нинг ўзи газни қимматроққа сотиб олишни истамайди, албатта. Лекин бир кун келиб Марказий Осиё давлатларини газ учун ўрнатилган нарх қондирмаслиги турган гап.

Бугунги кунда ҳар минг куб метр газни 100 АҚШ долларидан пуллаётган Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам газни иложи борича қимматроққа сотиш илинжида. Бу давлатлар экспорт учун мўлжалланган газ нархини мунтазам равишда ошириб келди ҳам.

Лекин Марказий Осиё газининг олди-сотдиси билан шуғулланадиган “Газпром” уддабуронлик бўйича ҳар иккала давлатдан ўтади. “Газпром” бу газни Европага уч баробар қимматга сотади, компаниянинг бундан оладиган фойдаси эса газ етказиб берадиган Ўзбекистон ва Туркманистонникини қўшиб ҳисоблаганда ҳам кўпроқ.

Ўтган ҳафта “Газпром” таклиф этган янги нархларни эшитган Литва ларзага келди. Бугунги кунгача газни 190 доллардан сотиб олаётган Литвадан ҳар минг куб метр газ учун 320 АҚШ доллари тўлаши сўралган. Ўхшаш таклифлар Европа Иттифоқининг тўлақонли аъзоларига айланган Латвия ва Эстония ҳам қилинади.

Марказий Осиё гази Болтиқбўйи давлатларига сотилмайди. Шунинг учун бу жабҳада “Газпром” олмоқчи бўлаётган қўшимча даромад 2-4 миллиард доллардан нарига ўтмайди.

Украина ва Беларус Марказий Осиё газини “Газпром” назорати ва воситачилигида олади. “Газпром” мулозимлари Украина ва Беларус учун газ нархлари шубҳасиз оширилиши айтмоқда.

“Лекин “Газпром”нинг ўзи ўзбек ва туркман гази учун кўпроқ тўлашга тайёр эмас, - дейди “Коммерсант” газетаси шарҳловчиси Наталья Гриб. - Марказий Осиё президентларининг газ нархларини оширишга иштиёқини тушуниш мумкин. Лекин жорий йилда Марказий Осиёда газ нархлари кўтарилишига асос кўраётганим йўқ”.

Аммо Марказий Осиё бўйича эксперт Санобар Шерматова фикрича, расмий Москва Марказий Осиёдаги таъсирини заифлаштирмаслик учун газни қимматроққа сотиб олиши ҳам мумкин.

“Бугунги бозор иқтисодиёти шароитида сотувчи ҳам, олувчи ҳам, ўртадаги воситачи ҳам нарх-наводаги фарқларни яхши билади. Биров ҳисобидан кўпроқ пул қилиш усули ўтмайди. Ҳозир Россия минтақада таъсирини сақлаб қолиш учун у ерга армия жўнатмайди, бунинг учун иқтисодий усуллардан фойдаланади”, - дейди Санобар Шерматова.

Бугунга келиб Россияга муқобил харидор бўлиши кутилаётган Хитой ҳам ҳали уфқларда кўринди. Ўзбекистон ва Туркманистондан Хитойга газ қувури қурилиши ҳозирча фақатгина вақт масаласидир.
XS
SM
MD
LG