Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:48

Сайловдан олдинги мусиқий танаффус


25 август куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Самарқанднинг 2750 йиллиги тантаналарига бош-қош бўлиб, Регистон майдонида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини очиб берди.

Самарқанднинг 2750 йиллиги тантаналари “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалига, фестивал эса Ўзбекистон Мустақиллиги байрамига уланиб кетиши ҳам бежиз эмас.

Хорижий меҳмонлар, мамлакатдаги абадий байрам кайфияти, президент шаънига айтилаётган илиқ гаплар... Буларнинг барча-барчаси бир неча ойдан сўнг Ислом Каримовнинг ҳокимиятдаги кунларини узайтиради, эҳтимол. Президент сайлов давомидаги таянчини ўзи туғилиб ўсган Самарқанд шаҳридан изламоқда.

“Самарқанд афсона ва эртак шаҳри”, дея куйлайди таниқли қўшиқчи Насиба Абдуллаева. Самарқанднинг 2750 йиллиги ҳам ҳақиқатдан кўра кўпроқ афсонага ўхшайди. Роса 35 йил аввал Самарқанднинг 2500 йиллиги нишонланган эди.

Ўтган муддат давомида Самарқанддаги археологик қазилмалар давомида суякдан ишланган қадимий мусиқа асбоби - най топилди. Агар Самарқанд ёшини мана шу най белгилаб берганида эди, ҳозир шаҳарнинг 3300 йиллигини нишонлашга тўғри келарди. Юбилей тантаналарида сўзга чиққан Ислом Каримов ҳам вақтнинг шиддат билан ўтаётганини бежиз айтмагандир.

“Бу анжуманни (“Шарқ тароналари” фестивали назарда тутилган) Регистон майдонида ўтказиб келаётганимиз бежиз эмас. Самарқанд яқинидаги Мўминобод қишлоғидан бундан 3300 йил муқаддам суякдан ясалган най асбобининг топилгани бу фикрнинг ёрқин далилидир”, - дер экан И.Каримов қарсакларни сўраб олди.

Гулдирос қарсаклар остидан кўҳна Самарқанднинг 3000 ёки 3500 йиллиги ҳам бир неча йилдан кейин нишонланса, ажаб эмас. Самарқандлик архитектор Ҳабибулло Қаюмов бу ахлоқий ёки фалсафий бир масала бўлиб қолишини айтади.

“Афросиёбнинг ўзи ҳали етарли чуқурликда, муайян қатламларгача қазилмаган. Ҳар юз йилда келадиган янги авлод у ерда ўзи учун қизиқарли нарсаларни топади”, - деди архитектор.

Президент Каримовдан кейин келадиган давлат раҳбари ҳақида гапириш ҳозирча жоиз бўлмаса-да, у ҳам Самарқанд, Бухоро ёки Хива шаҳарлари юбилейларига бош-қош бўлишни хоҳласа-чи? Наҳотки у ҳам Самарқанд юбилейида Ислом Каримов шаънига айтилган илиқ мадҳларни эшитишни истамайди!?

“Муҳтарам, мўътабар Ислом Абдуғаниевич, сизнинг даъватингиз билан бу жой муқаддас жойга айланди... Сиз самарқандлик бўлганингиздан ҳам биз фахрланамиз... Ўзбекистонни янгидан яратдингиз...”, - деди ўз чиқишида самарқандлик педагог.

Шу куни Ўзбекистонга ташриф буюрган ЮНЕСКО вакиллари ҳам Ислом Каримовни табриклади. Бир йил аввал Самарқандаги ишлар айнан ЮНЕСКО томонидан қоралангани, албатта, шу куни эсга олинган эмас.

Самарқандни қайта таъмирлаш учун давлат бюджетидан ҳақиқатан ҳам катта пул ажратилгани рост гап. Лекин бир йил аввал Самарқандаги тарихий обидалар аҳволи билан танишган ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси қўмитаси мутахассислари шаҳарда шошма-шошарлик билан олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишларини номақбул, деб топган эди. Жаҳон мероси қўмитасининг Марказий Осиё минтақаси бўйича масъули Франсис Чайлд қўмитанинг бу борадаги сўнгги қабул қилинган қарорида Самарқандда амалга оширилган кенг кўламли таъмирлаш ишлари “хавотирли” экани айтилганини билдирди.

“Бу ишлар дунё меросининг аслиёти ва бутлигига жиддий зарар етказмоқда”, - деди Ф.Чайлд.

Айни пайтда ноёб тарихий обидалар марказида жойлашган Регистон майдонида мусиқа фестивали ўтказилаётгани ҳам танқид остига олинади.

Мутахассислар фикрича, Регистон майдонига ўрнатилган овоз кучайтиргичлар атроф биноларга салбий таъсир ўтказмай қолмайди.

“Лекин бундай тадбирлар амалий мақсадлардан кўра кўпроқ президент Каримовнинг сиёсий имижини кўтариш мақсадида ўтказилади, - дейди журналист Алишер Таксанов. – Менимча, И.Каримов ўзининг, мен ҳамон кучлиман, мен Марказий Осиёда нуфузга эга шахсман, деган образини яратмоқчи”.

Халқаро таҳлилчилар таъкидича, ўзбекистонликларнинг турмуш даражаси йил сайин пасайиб бораётир. Жамиятнинг эса бойлар ва камбағалларга ажралиши шу кунлари яққол кўзга ташланяпти.

Кузатувчилар 4 ойдан сўнг И.Каримов ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун жиддий чора кўриши кутилаётганини билдирмоқда. “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали эса мамлакатдаги сиёсий ўйинлардан аввал эълон қилинган мусиқий танаффусга ўхшайди.
XS
SM
MD
LG