Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:37

Яна бир назорат қилувчи органми?


Ўзбекистон Ҳисоб палатаси мамлакат президенти фармонига асосан ўзгартирилган ва қўшимчалар киритилган янги низом асосида фаолият юрита бошлади.

“Мутахассислар фикрича, Ҳисоб палатаси Ўзбекистондаги қонундан устун турадиган назорат қилувчи яна бир идорага айланиб, берилган репрессив ваколатлар уни совет тузумидаги халқ назорати қўмитасига яқинлаштирди”, - деб ёзди “Ўзметроном” сайти.

Сайтнинг таъкидлашича, Ҳисоб палатасига мамлакатдаги даромадли соҳалардан бюджетга қўшимча тушум манбаларини аниқлаш ваколати берилди. Бу эса амалда Ҳисоб палатасининг нарх-наво сиёсатини юргизишда бизнесга ўз ҳукмини ўтказишини англатиши мумкин. Бундан ташқари, Ҳисоб палатасига берилган турли-туман ваколатлар мамлакат прокуратураси, солиқ идоралари ва Ички ишлар вазирлигининг коррупцияга қарши кураш бошқармаларига юклатилган ваколатлардан фарқ қилмайди.

Аслида Ҳисоб палатаси ҳукумат ва парламентга бюджет маблағларининг оқилона сарфланиши ва бюджетга тушумни кўпайтириш бўйича тавсия берувчи оддийгина таҳлилий идора ҳисобланади.

“Бу идорага репрессив ваколатларнинг берилиши мутлақо номақбулдир, - дейди “Ўзметроном” бош муҳаррири Сергей Ежков. - Мен Ҳисоб палатасининг янги халқ назорати қўмитасига айланаётгани ҳақида бежиз ёзганим йўқ. Совет иттифоқи давридаги халқ назорати қўмитаси қонундан устун идора бўлиб, унинг ҳар қандай тўғри ёки нотўғри хулосаси прокуратуранинг дарҳол жиноят иши қўзғатишига ва одамларнинг жазоланишига сабаб бўлар эди”.

Ўзбекистон президенти ташаббуси билан прокуратура ҳузурида ташкил этилган молиявий ва таҳлилий идоралар ҳам тезда назорат идораларига айлангани айтилади. Айнан шу боис Ҳисоб палатаси борасида ҳам хавотирлар пайдо бўлмоқда.

“Афсуски, Ҳисоб палатаси энди хўжалик юритувчи субъектларни қўшимча тарзда текшира бошлайди. У ёки бу корхонада молиявий қоидалар бузилаётгани ва натижада бюджетга маълум миқдордаги пул келиб тушмагани борасида аризалар ёзишни бошлайди. Бу иқтисодиётнинг ривожланишига тўсиқ бўлувчи яна бир идора бўлиб қолади, холос”, - дейди Сергей Ежков.

Бюджетга гўё тўланмаган маблағ бирданига ундириладиган бўлса, корхонанинг касод бўлишига олиб келиши эҳтимоли катта. Корхоналар фаолиятига давлат аралашувини камайтириш ўрнига Ўзбекистонда қўшимча назорат ва тафтиш органлари пайдо бўлаётир. Коррупцияга ботгани айтилаётган бундай идоралар мамлакатдаги мураккаб иқтисодий шароитда ишлаётган корхоналарда камчиликларни фош этишни яхши билади.

“Биз чексиз назорат қилувчи идораларни яратишда давом этаверишимиз мумкин. Лекин натижа ва бюджетда пул бўлмайди барибир. Бунинг учун одамларга эркинлик бериш керак. Давлат аралашувини камайтириш керак”, - деди Сергей Ежков.
XS
SM
MD
LG