Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:32

Ҳуқуқ ҳимоячилари ШҲТ раҳбарларига мурожаат йўллади


Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Бишкек саммити кун тартибига ўлим жазосини бекор қилиш масаласини киритишни сўраб, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларига мурожаат йўллади.

Бу Шанхай ҳамкорлик ташкилотига мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан йўлланган илк мурожаатдир. Бундай ташаббус билан Ўзбекистондаги “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” нодавлат ташкилоти ҳамда Қирғизистондаги “Коррупцияга қарши фуқаролар” маркази чиқди.

“Биз ўлим жазоси мавжуд давлатлар раҳбарларига мурожаат этиб, уларнинг Ўзбекистон ва Қирғизистонга эргашиб, ўлим жазосини қонунчиликдан олиб ташлашини сўраймиз”, - дейилади мурожаатда.

Ўз мурожаатида ҳуқуқ ҳимоячилари ўлим жазосини қўлловчи ҳеч бир давлатни танқид қилмаган ва ҳатто Хитойнинг энг кўп ўлим жазосини қўлловчи давлат эканини билдирмаган.

“Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилоти раҳбари Тамара Чикунованинг айтишича, бунинг боиси мурожаат амалий мақсадда, яъни ўлим жазосини бекор қилиш масаласининг ШҲТ саммити кун тартибига киритилишига эришиш мақсадида ёзилганидир.

“Бу масала анжуман кун тартибига киритилсагина ўз ғоямизни илгари суришимиз, давлатларни танқид қилишимиз мумкин. Ўлим жазосини қонунчилигидан олиб ташламаган давлатлар - Россия, қўшниларимиз Қозоғистон, Тожикистон ва Хитой инсон ҳаётини қадрлаш масаласига бефарқ қолаётгани бизни ҳайратга солмоқда. Инсонлар хавфсизлиги ҳақида гапираётган бу давлатлар ўзини қонунчилик билан оқлаб, ўз фуқароларини қатл этяпти”, - дейди Т.Чикунова.

Ҳуқуқ ҳимоячилари мурожаати бошқа давлатлар манзарасида Ўзбекистон ва Қирғизистонни намуна сифатида тақдим этади.

Т.Чикунова сўзларига кўра, ўлим жазосини қонунан тақиқлаган Ўзбекистон ва Қирғизистонинг саъй-ҳаракатларини эътироф этиш керак.

Лекин Ўзбекистонда ўлим жазосини бекор қилувчи қонун келаси йил бошидан кучга киради, айни пайтда мамлакат ўлим жазосига мораторий эълон қилмаган. Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда қийноқларнинг кенг миқёсда қўлланилишига йўл қўяётгани учун ҳам танқид этилади.

Айни пайтда ШҲТга йўлланган мурожаатда қийноқлар масаласи ҳам четлаб ўтилган. Ўлим жазосини бекор қилиш билан бирга қийноқ қўлланилишига қарши курашга чақириб келган Тамара Чикунова бунинг сабабини қуйидагича изоҳлади:

“Гап шундаки, агар ШҲТ саммити кун тартибига ўлим жазоси масаласи киритилса, биз давлатларимизда қийноқларнинг қўлланишига қарши фикрларни ҳам, Хитойнинг ўлим жазосини бекор қилишдан бўйин товлаётгани ҳақида ҳам гапира олар эдик”.

Ўлим жазосининг тақиқланиши, ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, қийноқларнинг олдини олиш сари ташланган илк қадамдир. Зеро, маҳбуснинг қийноқлар натижасида ўлдирилиши қотиллик ёки ноқонуний қатл этиш сифатида талқин этилиши мумкин.

ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларига мурожаат қилар экан, мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари инсоннинг бирламчи “яшаш ҳуқуқига” риоя этилишига чақирмоқда.

Бироқ Бишкекдаги саммит ўз ишини бошлаш арафасида ҳам ушбу мурожаатга ШҲТ расмийлари муносабат билдирганича йўқ.
XS
SM
MD
LG