Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:51

“Катта террор” қўрқуви қачон йўқолади?


Россия жамоатчилиги Сталин қатағонларининг 70 йиллиги муносабати билан хотира тадбирлари ўтказмоқда. Ўзбек халқининг ҳам ўн минглаб фарзандлари Сталин қатағонлари қурбони бўлган эди.

Россиялик сиёсатшуносларнинг аксарияти Сталин қатағонлари даврини “катта террор”, деб атайди. Аслида “катта террор”ни пролетарлар доҳийсининг ўзи - Владимир Ленин 1918 йилда бошлаб берган, бироқ унинг давомчиси Иосиф Сталин қатағон машинасини қизиб кетгунча ишлатган арбобдир.

Тарихий маълумотларга кўра, 1930 йиллар бошидан 50-йиллар бошигача собиқ СССР бўйлаб 3 778 234 киши қамоққа олиниб, улардан 786 098 нафари отиб ташланган.

Қамалган ва отилганларнинг юз минглаби ўзбеклар, ўзбекистонликлар эди.

“Файзулла Хўжаев, Акмал Икромовга ўхшаган давлат арбоблари Сталин қатағонлари қурбони бўлган эди. Ичимиздаги энг катта оғриқ эса адабиётимизнинг улуғ вакиллари - Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носирларни Сталин туфайли йўқотганимиздир. Улар кетишидан адабиётимизда пайдо бўлган бўшлиқ ҳануз тўлмай келади”, - дейди профессор Иброҳим Ҳаққул.

Аввалига Никита Хрушчёв Сталин жиноятларини фош қилган бўлди. Бироқ бу чала иш эди. Коммунистик режим тамалининг ўзи қатағон сиёсати бўлгани учун ҳам Н.Хрушчёвнинг иши чалаликка маҳкум эди.

Қайта қуриш давридагина “катта террор”нинг бутун кўлами, бутун даҳшати ҳақида очиқ гапирила бошлади.

“Катта террор” қурбонлари хотирасига ёдгорликлар қўйила бошлади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам.

Президент Ислом Каримовнинг 1999 йил 12 май кунги фармойишига асосан Вазирлар Маҳкамаси июлда Ватан ва халқ озодлиги йўлида ҳалок бўлган фидойилар хотирасини абадийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилди, деб эслайди тошкентлик сиёсий шарҳловчи Шарофиддин Тўлаганов. Ана ўша ҳужжатга биноан бошқа бир қанча савобли ишлар қатори Тошкентда Шаҳидлар хиёбони ҳам барпо этилди.

“Катта террор” бугунги ўзбек жамиятига сабоқ бўла олдими? Ўзбек жамияти “катта террор” даврида урчитилган қўрқувдан қутула олдими?

Профессор Иброҳим Ҳаққулнинг фикрича, ҳозирча қутула олгани йўқ. Ўзбекнинг илдизлари Сталиндан ҳам аввалроққа бориб тақаладиган қўрқувдан қутулиши қийин кечмоқда. Ўзбек мутлақо қўрқмаслик мумкин бўлган жойда ҳам қўрқмоқда.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси марказий кенгаши аъзоси Акбаржон Орипов эса ўзбекнинг қўрқувдан қутула олмаётганига Ўзбекистон ҳукуматини айблайди.

Ҳукумат мустақиллик йилларида, айниқса, диндорларга нисбатан қатағон сиёсатини қўлламоқда.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳисоб-китобларига ишониладиган бўлса, шу кунда диний мотивлар билан қамалган 7 мингдан 10 минггача одам қамоқхоналарда жазо ўтамоқда.
XS
SM
MD
LG