Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:46

Оқсоқоллар тинчлик анжуманига йиғилди


Афғонистон ва Покистоннинг чегара ҳудудларидаги қавмлар оқсоқоллари тинчлик қурултойига йиғилди. Кобулда ўтаётган учрашувда икки давлатдан 650 нафар оқсоқол ва давлат арбоблари қатнашмоқда.

Уч кун давом этадиган жирғада асосий эътибор чегарадош ҳудудларда “Толибон” ва “Ал-Қоида” жангариларига қарши ҳамкорликда курашиш масаласига қаратилади.

Покистоннинг Шимолий ва Жанубий Вазиристон минтақаларидаги нуфузли қабилалар оқсоқоллари томонидан бойкот қилингани ва Покистон президенти Парвез Мушарраф унда иштирок этмаслигини билдирганига қарамай, анжуман тинчлик ўрнатиш ишига сезиларли таъсир этиши башорат қилиняпти.

Жирғанинг очилиш маросимида сўзга чиққан Афғонистон президенти Ҳомид Карзай Афғонистон ва Покистон ҳамкорлик қилса, “Толибон” ҳаракати ва “Ал-Қоида”ни тор-мор этишга қодир эканини айтди.

“Агар бу муаммо Афғонистон томонидан келаётган бўлса, демак биз хатога йўл қўйган бўлиб чиқамиз. Афғонистон буни эътироф этган ҳолда муаммо ечимини топиш устида ишлайди. Лекин муаммо ечими Покистон қўлида бўлса, улар бунга ёрдам беришига умид қиламиз. Бу муаммо қабилалар ўртасида юзага келса, қабилалар уни ўзаро ҳал этишга ҳаракат қилади”, - деди Ҳомид Карзай.

Шимолий ва Жанубий Вазиристондаги қабилалар жангариларга бошпана бераётгани айтилади. Жирғани бойкот қилган бу ердаги қабилалар раҳбарлари толиблар иштирокисиз анжуман самарали бўлишига шубҳа билдирган.

Афғонистон президентининг матбуот котиби Ҳумоюн Ҳомидзода анжуманда “Толибон” вакиллари иштирок этмаётганини уларнинг тинчлик қадриятларига ишонмаслигини билан изоҳлади.

“Таклиф этилган айрим одамлар турли сабабларга кўра келмаслиги турган гап. Лекин биз мазкур жирғада қатор нуфузли қабила вакиллари ва диний пешволар, шунингдек, ҳукумат расмийлари иштирок этаётганини эътиборсиз қолдирмаслигимиз керак”, - деди Ҳумоюн Ҳомидзода.

Мазкур жирғани уюштириш ташаббуси ўтган йили Афғонистон, Покистон ва АҚШ расмийларининг Вашингтондаги учрашуви давомида пайдо бўлганди.

АҚШнинг муҳим стратегик шериклари бўлган Афғонистон ва Покистон минтақадаги вазият беқарорлигига бир-бирини айблаб келади.

Кўпчиликнинг ишонишича, Кобулдаги анжуман икки давлат ўртасидаги мулоқот ва тинчлик учун замин яратади.
XS
SM
MD
LG