Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:51

Янги президентлар ўтмишдоши яқинларининг кушандаси бўлади...ми?


Хабарларга кўра, Туркманистонда собиқ қишлоқ хўжалик вазири Файзигелди Мередов ҳибсга олиниб, коррупция ва пахта савдосидан тушган даромадни ўзлаштиришдан айбланмоқда.

Ф.Мередов 1994 йилда ўз лавозимидан четлатилганига қарамай, марҳум Туркманбошига энг яқин одамлардан бири ҳисобланган. Мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасини назорат қилиб келган Ф.Мередов Сапармурод Ниёзов давридаёқ Туркманистонинг энг бадавлат одамларидан бирига айлангани ҳам бежиз эмас.

64 ёшли Ф.Мередовнинг Туркманистонда катта бизнесга эга бўлган ўғли Ботир ҳам ҳибсга олингани хабар қилинмоқда. Ҳозирча ота-бола Мередовларнинг ҳибсга олингани расман тасдиқлангани йўқ. Лекин май ойи охирида С.Ниёзовнинг шахсий хавфсизлик хизмати бошлиғи Оқмурод Ражабов ҳам ҳибсга олиниб, узоқ муддатга қамоққа ташлангани бу хабарлар ҳақиқатга яқинлигидан дарак беради.

Хўш, Туркманистоннинг янги президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов шу тариқа ўз ўтмишдоши С.Ниёзов даврида шаклланган элита сафини тозаламоқдами?

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Майкл Ҳолл янги президент, шубҳасиз, ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга интилаётганини айтади.

“О.Ражабов С.Ниёзов ўлимидан сўнг Қ.Бердимуҳаммедовнинг ҳокимият тепасига келишида муҳим роль ўйнаган. Энди эса янги президент Ражабов ва унга яқин одамлар ўзига қарши чиқиши мумкин, деган фикрга келиб, бунинг олдини олишга ҳаракат қилаётгандек”, - дейди Майкл Ҳолл.

Бу фикрни кўпчилик таҳлилчилар ҳам қўллаб-қувватлайди. Афтидан, Марказий Осиё, қолаверса, барча постсовет давлатларда ҳукуматни сақлаб қолишнинг бу усули анчайин кенг тарқалган. Бироқ асл вазият номаълум қолаётган Туркманистонда янги президентнинг коррупцияга қарши курашаётгани ва ислоҳотлар учун йўл очаётгани ҳақидаги оптимистик қарашлар ҳам йўқ эмас.

Москвалик таҳлилчи Аркадий Дубнов фикрича, Қ.Бердимуҳаммедов эски коррупциявий тизимни таг-томири билан йўқ қилаётганини тахмин қилиш мумкин бўлса ҳам ўрнига янгисини барпо этиши шубҳасиздир.

“Буни тушиниш мумкин. Агар Қ.Бердимуҳаммедов авторитар давлатнинг раҳбари бўлишга интилаётган бўлса, табиийки, ўз йўлидаги тўсиқларни бартараф этиши керак. Мередов каби одамлар эса ана шундай тўсиқлардан бири эди”, - деди Аркадий Дубнов.

Туркманистонда ҳокимиятнинг тинч алмашинуви ҳам собиқ президент С.Ниёзовга яқин бўлганларни хотиржам қилмади. Ҳатто тинч ҳокимият алмашинувини бошдан кечирган Россияда ҳам президент Владимир Путин ўтмишдошининг айрим яқинларини сиқув остига олди.

Таҳлилчилар таъкидича, жорий йил охирида бўлмаса, истиқболда Ўзбекистон раҳбарининг алмашинуви ҳам мамлакатда айни жараёнларни келтириб чиқариши мумкин.
XS
SM
MD
LG