Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:37

Ўзбекистон ва Қозоғистон 9 йиллик иқтисодий стратегия доирасида ҳамкорлик қилади


Қозоғистон бош вазири Карим Масимов Тошкентда ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёев билан икки давлатнинг келаси 9 йилга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси ҳақидаги ҳужжатга имзо чекди.

Мазкур ҳужжат тафсилотлари борасида ҳозирча ҳеч нарса айтилмаётир.

Ўзбекистон бош вазири матбуот котиби Шерзод Қудратхўжаев бу келишув доирасида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айрбошлаш ҳажмини бир миллиард АҚШ долларидан ошириш режалаштирилаётганини айтди, холос.

Расмий маълумотларга қараганда, ўтган йили давлатлар ўртасидаги товар айрбошлаш ҳажми 700 миллион АҚШ долларидан ошган.

Бироқ иқтисодий ҳамкорлик стратегияси кўпроқ декларатив характерга экани ва икки давлат ўртасида имзоланиб, амал қилинмаётган кўплаб ҳужжатлардан бирига айланиши айтилмоқда.

Тошкентда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида имзоланган яна бир ҳужжат архив ишлари соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги келишув бўлди. Бу ҳужжат, кузатувчилар фикрича, алоҳида бир аҳамият ёки долзарблик касб этмайди.

Бош вазир К.Масимов бир ярим соат давомида президент Ислом Каримов қабулида ҳам бўлди.

Мазкур учрашувдан сўнг матбуот учун баёнот берган К.Масимов қозоғистонлик сармоядорларни “инқилобий хусусийлаштириш дастури қабул қилинган Ўзбекистон” иқтисодиётига сармоя ётқизишга чақирди.

Тошкентда Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлараро мувофиқлаштирувчи кенгаши анжуманида сўзга чиққан К.Масимов Қозоғистон ўз қўшниси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга масаласига устивор аҳамият бераётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, давлатлар ўртасида фойдаланилмаётган улкан имкониятлар сақланиб қолмоқда.

Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлараро мувофиқлаштирувчи кенгашининг навбатдаги анжумани Остона шаҳрида бўлиб ўтади.

Шерзод Қудратхўжаев К.Масимов бошчилигидаги Қозоғистон делегациясининг Тошкентга ташрифи самарали бўлганини билдирди.

“Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида аниқ муаммо йўқ. Ўртада аниқлик талаб этадиган масалаларнинг ҳаммаси ҳал бўлди”, - деди Ш.Қудратхўжаев.

Ҳақиқатан ҳам ўтган йили президентлар Нурсултон Назарбоев ва Ислом Каримов ўртасидаги шахсий муносабатларга илиқлик киргани кузатилди. Аммо Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ечимини топа олмаётган муаммоларнинг талайгина экани сир эмас.

Чегарадаги савдо, ўзбек маҳсулотлари учун ўрнатилган юқори транзит нархлари, сув тақсимоти, меҳнат миграцияси шулар жумласидандир.

Айни пайтда Қозоғистон бизнесининг Ўзбекистондаги фаолияти ҳам жуда суст. Ўзбекистон ҳукуматининг айнан Қозоғистон капитали экспансиясига нисбатан эҳтиёткора сиёсат юритиши айтилади. Қозоғистондаги сармоядорлар ҳам бугунги кунда у ёки бу давлатга сармоя ётқизишдан аввал у ердаги бизнес муҳити, сиёсий ва иқтисодий вазиятни инобатга олади.

Қозоғистон бош вазири Карим Масимовнинг Тошкентга илк расмий ташрифи 27 июль куни ниҳоясига етади. Ватанига қайтиб кетишдан аввал у Самарқандаги обидаларни кўздан кечиради.
XS
SM
MD
LG