Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:45

Қозоғистон бош вазири Тошкентга келмоқда


26-27 июль кунлари Қозоғистон бош вазири Карим Масимов Ўзбекистонга биринчи бор расмий ташриф буюради. У Тошкентда президент Ислом Каримов қабулида бўлади ва ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказади.

К.Масимов бошчилигидаги делегация Ўзбекистон раҳбарияти билан икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама этади.

Ўзбекистон бош вазири матбуот котиби Шерзод Қудратхўжаевнинг маълум қилишича, мазкур ташриф давомида иқтисодий ҳамкорлик масалаларига оид муҳим ҳужжатларга имзо чекилади.

Тошкент ва Остона ўртасидаги муаммолар ҳақида кенг жамоатчиликка ошкора билдирилаётгани йўқ. Муаммолар ечимсиз қолаётгани учун бир-бирини айблаш ҳам тўхтагандек. Ўтган йили Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоевнинг Остона ва Тошкентдаги учрашувлари давомида томонлар Марказий Осиёда сиёсий лидерлик учун даҳанаки кураш йўқлиги ва ҳеч қачон бўлмаганини таъкидлаган эди.

“Оддий қилиб айтадиган бўлсам, буни ҳамма эшитишини хоҳлайман, ўзбеклар ва қозоқлар бирга бўлса, бизни мағлуб қилиб бўлмайди. Буни мен барча масъулиятни англаган ҳолда айтяпман”, - деганди И.Каримов.

Бундай баёнотлар икки давлат ўртасидаги муносабатларда кескин бурилиш ясамаган эса-да, улар ўртасидаги товар айрбошлаш ҳажми бир қадар ортгани кузатилди.

Айни пайтда икки давлат сиёсатшунослари Карим Масимовнинг ташрифи ўзаро алоқаларнинг ривожланишига жиддий ижобий таъсир қилмаслигини айтмоқда.

Тошкентлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев фикрича, К.Масимов расмий Тошкент эътиборини, асосан, чегарадаги савдо муаммосига қаратиши мумкин.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаи ечимини топа олмаётган муаммолар қаторида ўзбек маҳсулотлари учун ўрнатилган юқори транзит нархлари, сув тақсимоти, меҳнат миграцияси кабилар бор.

Олмаотадаги Евроосиё бозор институти декани Сапарбой Жубаевнинг таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳар бир соҳада муаммолар ва фойланилмаётган имкониятлар мавжуд.

Президент Н.Назарбоев Марказий Осиёда интеграцияни чуқурлаштириш ташаббусларини мунтазам олға суриб келади. Бу борадаги сўнгги баёнотида у Қозоғистон қўшни мамлакатларга сармоя ётқизишга тайёр эканини яна бир бор таъкидлаганди. Бироқ Ўзбекистон раҳбарияти қозоқ капитали учун имконият очиб бермаётир.

Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсум Сатпаевнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати қозоғистонликлар мамлакат иқтисодиётининг муайян тармоқлари устидан тўла назорат ўрнатишидан қўрқади. Бунинг устига, Ўзбекистондаги сиёсий вазият билан боғлиқ хавотирлар сабабли Қозоғистон сармоядорлари ҳам Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнидан масофа сақламоқда.

Лекин ҳукумат кўрсатмаси билан Ўзбекистонда Қозоғистоннинг айрим молия тузилмалари пайдо бўла бошлади. Ўз сафари давомида бош вазир К.Масимов ҳам Тошкентда Қозоғистон тараққиёт банкининг филиали очилиши маросимида иштирок этади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида юз минглаб ўзбекларга эмин-эркин ишлаш ҳуқуқини берувчи келишув ҳам мавжуд эмас. Айни муаммонинг борлигини Ўзбекистон ҳукумати тан олмасликка ҳаракат қилади. Бундай вазият Қозоғистон ҳукуматини ҳам қониқтираётгандек.
XS
SM
MD
LG