Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:33

Ўзбекистон ҳукуматининг “олтин акция”си сармоядорни чўчитади


Президент Ислом Каримов мамлакатдаги президент сайлови олдидан Ўзбекистонда оқсаб қолган хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштиришга уриниш сифатида навбатдаги қарорга имзо чекди.

Янги қарор мамлакатдаги йирик корхоналарни хусусийлаштиришни ҳам назарда тутган эса-да, бунинг учун сармоядорларга ўта мунозарали шартлар қўйилган.

Ўзбекистон матбуоти эса ҳужжат Ўзбекистондаги хусусийлаштириш соҳасидаги муаммоларни тубдан ҳал этишга қаратилгани борасида жар солаётир.

Тасдиқланган хусусийлаштириш дастурига мувофиқ 3,5 йил ичида юзлаб ноишлаб чиқариш корхоналаридан тортиб, стратегик ҳисобланган кимё, электротехника, озиқ-овқат саноати, қурилиш индустрияси ва ёнилғи-энергетика корхоналари сотилиши ёки фаолият кўрсатмаётган ва самарасизлари бепул берилиши лозимлиги яхши хабар. Ҳукумат ҳатто солиқ имтиёзларини ҳам таклиф этмоқда. Аммо давлат қўяётган ўта мунозарали шартлар хориж сармоядорларини жалб этиш ўрнига уларни кўпроқ қочириши мумкинлиги айтиляпти.

Сармоядорга корхона бепул бериладиган бўлса, унга корхонани замонавий техника билан жиҳозлаш, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулот чиқариш масъулияти юклатилади. Сармоядор бу мажбуриятларни бажара олмаса, бепул берилган, лекин анча пул тикилган корхона бошқа одамга сотиб юборилаверади. Ўта мунозарали шартлардан яна бири шуки, тўлиқ сотилаётган давлат объектларида ҳукумат ўз назоратини сақлаб қолиш мақсадида “олтин акция”, деб аталмиш воситадан фойланади.

Тошкентлик иқтисодчи Дмитрий Поваров фикрича, янги хусусийлаштириш дастурида ҳам давлат кўпроқ ўз манфаатидан келиб чиққан.

“Ҳукумат “олтин акция” қоидасини киритмоқда. Европа суди томонидан тақиқланишига қадар “олтин акция” қоидаси Европада ҳам амал қилган. Расман корхонанинг 99 фоиз акцияси хусусий сармоядор қўлида бўлишига қарамай, “олтин акция” ҳукуматга уни истаганича бошқариш ҳуқуқини беради”, - деди Дмитрий Поваров.

Иқтисодчи ҳукумат кўпроқ ўз манфаатларидан келиб чиққани сабабли бу қарор моҳиятан сармоядорларнинг қизиқишини сусайтириши мумкинлигини таъкидлади.

“Ҳукуматнинг бундай позициясини вазиятни жуда ҳам яхши англайдиган сармоядор тушуниши мумкин. Бундай позиция, дейлик, Лондон биржасида ўтирган одамнинг қизиқишини ўлдириб юборади”, - дейди Д.Поваров.

Лондондаги Иқтисодий тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Анна Луис Ҳагер сўзларига кўра, И.Каримов янги қарори билан мамлакатда кутилаётган президент сайлови олдидан ўзининг гўё иқтисодий муаммоларга аҳамият бераётганини намойиш этмоқчи.

Бу нуфузли тадқиқот маркази яқин муддат ичида Ўзбекистонга сармоядорлар ёпирилиб боришини башорат қилаётгани йўқ.

“Потенциал сармоядорлар келаси бир неча ой давомида Ўзбекистондаги сиёсий барқарорлик борасида кўпроқ қайғуради. Келаси бир неча ой давомида Ўзбекистонда сармоядорлар кўпайиши эҳтимолдан жуда ҳам йироқ”, - деди Анна Луис Ҳагер.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги хусусийлаштириш жараёни изчил ва босқичма-босқич олиб бораётганини таъкидлаётган бўлса-да, бу жараён МДҲ мамлакатлари билан солиштирганда жиддий орқада қолганини кўпчилик таҳлилчилар эътироф этади.

Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёни ҳам ички инвестор сифатида тақдим этиладиган ҳукуматга яқин элиталар томонидан давлат мулкининг тақсимлаб олиниши билан тенглаштирилади. Эҳтимол айнан шунинг учун бугунги кунгача хориж инвесторларидан жиддий дарак йўқ.

Иқтисодчи Д.Поваров барча постсовет давлатлари шароитида бу табиий ва мақбул бир жараён эканини билдирди.

“Дастлабки тақсимот жараёнида мулк жуда катта пул тўплаган одамлар ўртасида тақсимланади. Бу ҳаммага маълум хусусийлаштиришдан фарқ қилади. Лекин энг ривожланган капиталистик давлатлар ҳам дастлаб шу йўлни босиб ўтган”, - деди тошкентлик иқтисодчи.
XS
SM
MD
LG