Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:46

Абдуманноб Пўлатов АҚШ ва Ўзбекистонни яраштириш йўллари ҳақида


АҚШдаги нуфузли тадқиқот маркази - Жеймстаун жамғармаси сиёсий таҳлилчи Абдуманноб Пўлатовнинг “Андижон воқеасини қайта баҳолаш: Ўзбекистон-АҚШ муносабатларини қайта тиклаш йўли” номли тадқиқотини нашр этди.

Муаллифнинг ёзишича, 2005 йил 13 май куни Андижонда рўй берган қонли воқеаларнинг ўта салбий йўналишда фош этилиши АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни бугунга қадар заҳарлаб келмоқда.

“Андижон воқеалари халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, Ўзбекистон мухолифати таърифлаётган даражада даҳшатли бўлган тақдирда ҳам шунга асосланиб, Ўзбекистон-Ғарб муносабатларни ёмонлаштириш икки томон манфаатларига зиддир, - дейди муаллиф. - Ҳатто АҚШ Ўзбекистонга қарши жазо чораларини қўллаган тақдирда ҳам Ўзбекистонни Россия ва Хитой қўллаб-қувватлайди. Бу ишга Ҳиндистон, Жанубий Корея ҳам аралашмайди. Жазо чораларига дунёнинг ярими қўшилмас экан, улардан ҳеч қандай фойда йўқ”.

АҚШ-Ўзбекистон муносабатларини тиклаш учун Абдуманноб Пўлатов АҚШ ҳукумати Андижон воқеалари борасида халқаро тергов ўтказиш талабидан воз кечиши ва бундай терговни ўзи ўтказиши афзал, деб ҳисоблайди.

“Тергов учун АҚШ Марказий разведка бошқармаси ва бошқа хавфсизлик идораларида мавжуд материаллар, шунингдек, сунъий йўлдошдан олинган расмлар ошкор қилиниши керак”, - деб ёзади Абдуманноб Пўлатов.

Ўзбекистонда АҚШ нодавлат ташкилотлари ва компаниялари ҳукумат томонидан касод этилаётган бир вазиятда таҳлилчи АҚШ Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиш учун кўмаклашиши лозимлигини таъкидлайди.

“Ёрдам бераётган одамгина қандайдир шарт қўя олади-да! Ёки ростакамига жазолай оладиган одам шарт қўя олади. Жазолаш имконига эга бўлмаган ёки ёрдам беришни хоҳламаётган тарафнинг гапига қулоқ солинмайди”, - дейди Абдуманноб Пўлатов.

Унинг ўзи ҳам АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари Андижон воқеаларидан анча олдинроқ ёмонлаша бошлаганини эътироф этади. Ўзбекистон АҚШдан кутган ҳажмда молиявий ёрдам ололмади. Грузия, Украина ва Қирғизистондаги инқилоблар Ўзбекистоннинг АҚШга нисбатан янада совуқроқ қарашига сабаб бўлди. Андижон воқеаларидан 2 йилдан ошиқ муддат ўтган эса-да, президент Ислом Каримовнинг чиқишларида бугун ҳам Ғарб давлатларига нисбатан кескин муносабат сақланиб қолмоқда.

Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистон ҳукуматининг Ғарбга нисбатан очиқдан-очиқ антогонизми мулоқотни тиклаш учун барча эшикларни ёпиб келди.

Лондондаги Қироллик институти таҳлилчиси Ширин Акинер ўзаро ишонч йўқотилгани сабабли АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар яқин орада тикланмаслигини таъкидлади.

“Таъкидлаб айтмоқчиманки, бу ўзаро ишончнинг йўқолишидир. Ўзаро ишонч сақланса, кўп иш қилиш мумкин. Бироқ у йўқолса, ҳар қандай қилган хатти-ҳаракат самарасиз бўлади”, - деди Ширин Акинер.
XS
SM
MD
LG