Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:37

Шу пайтгача мадҳлар каммиди?


Ўзбекистонлик журналистлар жорий йилда ўтказиладиган президент сайлови олдидан матбуотда мамлакатнинг амалдаги раҳбари Ислом Каримов номини кўпроқ зикр этиш тўғрисидаги дастлабки кўрсатмаларни олди.

“Ўзметроном” сайтининг ёзишича, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳматов ўз журналистларидан ҳар бир мақолада “Ўзбекистондаги барча ютуқларга президент Каримовнинг оқилона сиёсати туфайли мустақиллик шарофати билан эришилган” қабилидаги сўзларни қайта-қайта таъкидлаб ёзишни талаб қилган.

Расмийлар гапига ишониладиган бўлса, Ўзбекистонда президент сайлови жорий йилнинг декабрь ойи сўнггида ўтказилади. Ундаги асосий номзод айнан И.Каримов бўлиши кутиляпти.

Ўзбекистон матбуоти И.Каримовнинг номини аввал етарлича тилга олмаган, деб бўлмайди. Бироқ президентнинг атрофидагилар сайловдан аввал Ислом Каримовни етарлидан кўра кўпроқ тарғиб этиш эҳтиёжи туғилди, деб ҳисоблаётган бўлса, ажаб эмас.

“Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири ҳар қалай Оқсаройдаги кайфиятдан яхши хабардор бўлгани учун журналистларга тегишли кўрсатмаларни берган.

“Бундай кўрсатмалар бериш алқан заифликдан далолатдир. Президент мадҳга муҳтож эмас. Президент фаолиятига конкрет ишларга қараб баҳо берилади, оммавий ахборот воситаларидаги қуруқ сафсата гапларга қараб эмас. Афсуски, Ўзбекистондаги кўплаб ОАВ раҳбарлари буни англаб олишга ожиз”, - деди “Ўзметроном” сайти бош муҳаррири Сергей Ежков.

Ўзбекистон президентликка асосий номзод мамлакатни қарийб 20 йилдан буён бошқариб келаётган Ислом Каримов бўлганидан кейин унинг кимлигини ёшу қарига эслатишнинг нима кераги бор, дейиш мумкин. Ҳар бир ўзбекистонликда И.Каримов ҳақида яхши ёки ёмон фикр шаклланиб улгурган. Фақат бу фикрлар билан ҳисоблашилармикин?

“Мамлакатимизда ҳатто сайловолди кампаниясини ўтказишга ҳам эҳтиёж йўқ. Чунки кимнинг раҳбар бўлиши аниқ. Шунинг учун ортиқча куч сарфлашнинг нима кераги бор?! Сайлов олдидан шовқин-сурон солиш эса сайловчиларнинг овози учун кураш борадиган давлатларга хос”, - деди С.Ежков.

Таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев фикрича, Ўзбекистонда сайлов ҳақида ҳеч ким жар солмаётган эса-да, сайлов участкалари жойлашадиган мактабларда таъмирлаш ишлари бошланган. Сайлов участкалари соҳибларига эса сайловни муваффақиятли ўтказиш юклатилган.

И.Каримовнинг барча президентлик ваколатлари, мухолифатнинг иддао қилишича, конституция бўйича жорий йилнинг 20 январида тугаган. Марказий Осиё раҳбарлари орасида нисбатан самарали сиёсат юритиши айтиладиган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев умрбод президентликка сайланиш ҳуқуқини олганидан кейин ўзбекларга ҳеч кимдан кам бўлмасликни уқтирадиган И.Каримов Ўзбекистон конституцияси талабларига риоя этишига шубҳалар пайдо бўлмоқда.

“Ўзбекистон матбуотида Ислом Каримов фаолиятини тарғиб этиш кучайтирилгани ҳам бунинг далилидир”, - дейди мустақил журналист Тоҳир Умаров.
XS
SM
MD
LG