Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:32

Марказий Осиёга таҳдидларни бўрттиришдан ким манфаатдор?


Россияпараст Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Николай Бордюжа Марказий Осиёда радикал сиёсий ва диний ташкилотлар фаолияти жадаллашаётгани ҳақида огоҳлантирди.

Бишкекда ўтказилган медиа форумда сўзга чиққан Н.Бордюжа минтақа хавфсизлиги учун, айниқса, “Ҳизб ут-таҳрир” партияси, Ўзбекистон исломий ҳаракати ҳамда Афғонистондаги толиблар раҳна солаётганини таъкидлади.

Афғонистонда толиблар, Покистонда Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари ёки Марказий Осиёнинг барча давлатларида “Ҳизб ут-таҳрир” вакиллари борлигини ҳеч ким, ҳеч қачон шубҳа остига олган эмас.

Шубҳалиси, хавфсизликка таҳдид сифатида кўрилаётган бу унсурларнинг кўлами ва имкониятларидир.

Лекин Бишкекда сўзга чиққан Н.Бордюжа бу таҳдидлар кучайиб бораётганини ишонч билан таъкидлади.

“Минтақа давлатларида радикал исломий гуруҳлар ўз фаолиятини кенгайтирмоқда. Уларнинг стратегик мақсадлари дунёвий тузумларни ағдариб, Фарғона водийсида халифалик барпо этиш бўлиб қолмоқда. Бу эса уч давлат - Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг минтақавий яхлитлигига таҳдид солаётир”, - деди Н.Бордюжа.

Унинг гапига сўзма-сўз ишонилса, минтақага дунёда мавжуд деярли барча таҳдидлар раҳна солмоқда. Унинг таъкидича, наркотиклар транзити, чегаралараро жиноятчилик, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши, биологик террорчилик, ва ниҳоят, кўпайиши башорат қилинаётган техноген офатлар минтақа осмонида қора булутдек турибди.

“Сақланаб қолаётган иқтисодий ва ижтимоий муаммолардан фойдаланиб, “Ҳизб ут-таҳрир” радикал диний сиёсий партияси ўз фаолиятини кенгайтиряти”, - деди у.

“Ҳизб ут-таҳрир” ҳам Марказий Осиёдаги фаолияти жадаллашаётгани табиий ҳол эканини айтиб келади.

“Аммо сиёсий ташкилот ўлароқ, “Ҳизб ут-таҳрир” ўзини фуқаролар хавфсизлиги учун эмас, аввало, минтақадаги сиёсий тузумлар учун таҳдид ҳисоблайди, - дейди “Ҳизб ут-таҳрир”нинг Лондондаги қароргоҳи матбуот вакили Тожи Мустафо. - Биз жангари ёки террорчи гуруҳ эмасмиз. Биз сиёсий ҳаракатмиз. Уларнинг қўрқаётгани эса Каримов ва бошқа диктаторлардан тоқати тоқ бўлган одамларнинг сиёсий ўзгаришларни хоҳлаётганидир. Ишонишимизча, халифалик минтақага барқарорлик ва иқтисодий ривожланиш олиб келади”.

Ўзбекистон исломий ҳаракатига тўхталган Н.Бордюжа бу террорчи гуруҳ ўз сафидаги талофатларни қайта тиклаётгани ҳақида гапирди.

Бироқ унинг бундай баёноти Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларининг Покистондаги қабила жангчилари томонидан тор-мор этилгани ва қолган оз сонли ҳаракат аъзолари тоғлардан паноҳ топишга мажбур бўлгани ҳақидаги кўплаб хабарларга зиддир.

Жорж Маршал марказининг террорчиликка қарши кураш дастурлари директори, профессор Ник Прат ҳам Ўзбекистон исломий ҳаракатининг асл аҳволи мавҳум эканини таъкидлади.

“Ҳеч ким Ўзбекистон исломий ҳаракатининг бугунги аҳволи борасида аниқ маълумотга эга эмас. Чунки ҳаракатнинг тирик қолган аъзолари ўрнашиб олган тоғли минтақага кириб бориш имконияти жуда ҳам чекланган”, - деди Ник Прат.

Н.Бордюжа НАТОнинг Афғонистондаги амалиётлари муваффақиятсиз бораётганини таъкидлаб, келажакда Марказий Осиё давлатларининг толиблар билан юзма-юз келиб қолиши мумкинлиги ҳақида ҳам гапирди.

Аммо НАТО вакиллари альянснинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари умуман олганда муваффақиятли кечаётганини билдирмоқда.

НАТОнинг ўз исми ошкор этилишини истамаган мулозими таъкидлашича, Н.Бордюжанинг толибларнинг Марказий Осиёга таҳдиди борасидаги баёнотлари асоссиздир. Чунки айнан Афғонистоннинг Марказий Осиё билан чегарадош ҳудудларида бугунги кунда нисбатан тинчлик ўрнатилган.

Профессор Ник Прат сўзларига кўра, КХШТ сиёсий мақсадларни кўзлаб таҳдидларни атайин қидираётган бўлиши ҳам мумкин.

“Айтишим мумкин, дунёнинг мана шу бурчагида таҳдидни топишдан манфаатдорлик бор.У ерда таҳдид бор, лекин бу таҳдиддан фақатгина сиёсий мақсадларда фойдаланилади”, - деди Ник Прат.

КХШТ Марказий Осиёдаги ҳозирлигини мустаҳкамлаб олгач, эндиликда бу ерда узоқроқ мақсадларни кўзлаётгани ҳам айтилади.

КХШТ матбуот котиби Виталий Стругавец ҳам ўз вақтида ташкилотнинг асосий мақсадларидан бири аъзо давлатлар ҳудудида ўз иқтисодий ва сиёсий манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат эканини яшириб ўтирмаганди.

“Нима учун 8 минг километр узоқликда жойлашган Америка ўзининг Бишкекдаги ҳаётий манфаатлари ҳақида гапиради-ю, Бишкекдан 2 минг километрдан сал кўпроқ масофада бўлган Россия бу минтақани ўз манфаатлари доирасидаги ҳудуд, деб эълон қила олмайди”, - деган эди В.Стругавец.
XS
SM
MD
LG